O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Энди амалдаги ҳукуматнинг сиёсий позицияси ва бошқарув услуби шаффофлашади

Энди амалдаги ҳукуматнинг сиёсий позицияси ва бошқарув услуби шаффофлашади
129 views
03 February 2018 - 8:00

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда “мудроқ” бўлиб қолаётган халқ қатлами ҳам сўнгги воқеаларга муносабат билдира бошлади.

Каримовнинг қонли режимининг меҳнат муҳожирларига “дангасалар” сифатида муносабат билдириб, ички ишсизлик муаммосини йиллар давомида ҳал қилинмагани натижасида, иш қидириб, тирикчилик илинжида йўлга чиқган ёки чет элларда ишлаб юрган ватандошларимиз қандай қийинчиликларни бошларидан ўтқазишаётгани бугун барчага маълум.

Ўтган ойда Оқтўбада вафот этган 52 ватандошимиз, шу режимнинг қурбони десак муболаға бўлмайди.

Бу 25 йил ҳукмронлик қилган Каримов режимининг камчиликларидан биттаси холос.

Бунинг яна бир мисоли сифатида, Каримов ўзи айтганидек “ёшлар бизнинг келажагимиз” шиори сифатида олиб борилган сиёсат натижасида,  ёшларнинг аксар қисми ватандан узоқда меҳнат қилиб, таҳсил олишмоқда.

Афсуски, чет давлатдаги ёшларнинг аксар қисми Ўзбекистондаги ҳозирги шарт шароитлар туфайли имкон қадар ўзлари яшаб турган давлатларда қолиш ҳаракатида бўлишмоқда.

Бунинг ёрқин маҳсули, диктаторнинг ўз набираси Британия ҳукуматидан бошпана сўраганидир. Яъни набира ўз бобоси яратган режимда яшай олмаслигини ва шу тизимнинг ўзи унга қарши бўлаётганини тан олганидир.

Бундай воқеалардан кейин тенгдошларимиз ва ёшларга яна нима талаб қилиб, нима сўрашимиз мумкин?

Ҳозирда халқимиз олдида турган анча мушкул ва қийин вазифа мана шу режимни илдизи билан қўпариб ташлашдир.

Бунинг учун аввало ҳукуматни шу режимга алоқадор бўлган барча амалдорлар ва юқори мансаблик шахслардан “тозалаш” керак бўлади.

Президент Мирзиёев ҳукуматга келганидан бери бўлаётган аксар ўзгаришлар иқтисодий, ижтимоий қарор ва фармонлар қабул қилишдан иборат эди.

Ўтган ойда, шу ўзгаришларга фикр билдириб, Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг лидери Муҳаммад Солиҳ айтганидек:

“Ҳозирда ҳукумат сиёсатида ўзгаришлар бўлмасдан туриб, иқтисодий ўзгаришлар қилишга уриниш ва собиқ режимнинг порахўр, инсофсиз ва виждонсиз раҳбарларидан қутулмасдан туриб қилинган ҳар қандай ўзгариш бефойда бўлади”.

Бунинг мисоли сифатида кўплаб қабул қилиниб, сўнгра бекор қилинган ёки ҳалигача қоғоздан амалиётга ўтиши чўзилиб кетаётган фармонларни кўришимиз мумкин.

Юрт ташқарисидаги кўплаб экспертлар ва мухолифат фаоллари амалдаги ҳокимият интилаётган ўзгаришларга МХХ ва унга алоқадор шахсларни тўсиқ сифатида кўриб келаётган эди.

Аммо куни кеча ҳукумутда бўлган ўзгаришлар, жумладан 22 йиллик МХХ раҳбари Иноятовнинг лавозимидан олиниши, амалдаги ҳукуматнинг ҳокимиятни мутлоқ ўз қўлига олиши, дея баҳоланди.

Энди эса барча ички ва ташқи сиёсат билан боғлиқ муаммолар, жумладан, мухолифат ва диндорларга бўлаётган муносабат, ёки МХХ қамоқхоналарида ушлаб турилган фаоллар, жумладан, Бобомурод Абдуллаев, Ҳаёт Насриддинов ва Акром Маликларнинг тақдирини ҳал қилиш, чет давлатларда юрган бошқа инсон ҳуқуқлари фаоллари, мухолифат аъзолари ва дин вакилларининг келажак тақдири Мирзиёев ҳукуматининг якка ўзига боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Мана энди амалдаги ҳукуматнинг сиёсий позицияси ва бошқарув услуби шаффофлашади.

Абдумалик Солиҳ