Қуйидаги мақола Путин ва Мирзиёев ўзбек диктатори Каримовнинг қабри устида жилмайиб туришганига бир тепки сифатида ёзилиб, мухолиф маскаси кийган ҳукумат лаганбардорлари танқидига учраганди. Бу мунофиқлар каминани “жиходга чақирди” дея фарёд қилишганди.
Мақола бугун ҳам долзарб.
М.С.
Ўзбекистонда Каримов ўлди, аммо Каримовнинг ўлкамизда иншо этган сиёсий режими тирик қоляпти.
Унинг тириклигини биздан кўпроқ, Каримовнинг меросхўрлари ҳар қулай фурсатда қайд этишдан чарчамаяптилар.
Бунинг исботи сифатида, Каримов конституцияни бузиб, 27 йил иқтидорда қандай қолган бўлса, бугунги муваққат ҳукумат ҳам айнан Каримов каби Контитуцияни бузиб, президентлик лавозимини ишғол этди…
Бу янги ҳукмдор самимият билан Каримов йўлидан кетишини эълон қилди.
Аммо биз шундай бир очиқ баёнотдан сўнгра ҳам режимдан ўзгаришлар кутиб, кир босган дўппиларини кўкка отаётган шоввозларга ҳайратланаяпмиз.
Ажабо, бу ўзгаришларни фақат улар кўраяптию, биз кўрмаяпмизми?
Бу дўпписини осмонга отаётган зиёсиз зиёлиларнинг ёки кўзлари кўр ёки ҳақиқатан ҳам ўз манфаатлари учун ватанини сотишга ҳам тайёр шахслар.
Эй, жаноблар, Россия раҳбари Путин Самарқандга Каримов қабрига гулдаста қўйиш учун келмади, у Мирзиёевдан Москвага садоқатда ваъда олиш учун келди ва ўз истагига тўла эришди.
Аслида, Мирзиёев бу тайёргарликларни Каримов ўлим тўшагига ётган ондаёқ бошлаган эди. Каримов қабрининг фонида олинган суратга қарасангиз, Путин ва Мирзиёевнинг юзларидаги севинчни кўзойнаксиз ҳам кўришингиз мум-кин. Шу қадар аниқ севинч!
Путиннинг 2016 йил 6 сентябр куни Самарқандда ўзбек диктаторининг мозорига қўйган гулчамбари, аслида, бир ўлка Мустақиллиги мозорига қўйилган гулчамбардир.
Бу муболаға эмас, бунинг муболаға эмаслигини куни кеча “Царь-град ТВ” дан чиққан рус шовинисти “евроосиёчи” Дугин тасдиқ этди. У “Ўзбекистон Каримовдан кейин Москвасиз ўз мустақиллигини сақлай олмайди” дея баралла баёнот берди.
(https://www.youtube.com/watch?v=cMq9tfB2k3E)
Ўзбек халки рус халқи билан дўстлик ичида яшашни истайди, ўзбек давлати Россия давлати билан яқин ҳамкорлик қилишни истайди. Аммо Россиянинг бугунги ҳукмати Марказий Осиё давлатларига нисбатан экс-пансив муносабатини давом эттирмокда ва бу бизнинг халқла-римизни жиддий равишда андишалантирмоқда.
Мирзиёевнинг муваққат ҳукумати Путин Россияси билан тахликали бир ўйин олиб бормоқда. Мирзиёвнинг маддоҳлари эса, ўзбек ватан-парварларини Мирзиёевнинг қилаётган ижобий ишларини кўрма-ётганликда айблаяпти. Қирғизистон ва Тожикистон билан чегараларини очгани ва халқ билан контакт ўрнатганини кўрмаяпти, деб айблайди. Ҳолбуки, муваққат ҳукуматнинг Қирғизистон чегарасини очиши бизни севинтирди.
Аммо асрлар давомида айни жўғрофия, айни маданият ва айни тарихни биз билан баҳам кўрган Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон чегаралари ҳам ҳудди шундай очилиши керак. Тиканли симлар олиб ташланиб, халқларимиз бир-бирлари билан ўтмишда қандай қардошча яшaган бўлишса, бугун ҳам шундай яшашлари учун имкон яратилиш керак.
Энг муҳими, янги ҳукумат бу ҳуррият эшикларини юрт ичкарисида ҳам, ўзбек халқига очиши керак, қуллик рамзи бўлган ОВИР каби муас-сасаларни дарҳол бекор қилиши лозим. Бу бир рижо ва бир ёлвориш эмас, бу бир талабдир, ҳақларимизнинг конституцивий талабидир.
Айтиш мумкинки, бу дунёга сочилиб кетган 8 миллионлик муҳожир нуфузининг энг долзарб талабидир.
Камина тоталитар тузумнинг шуурли бир душманиман, аммо бу системада бир яхши нарса кўрса, бир чатнаш пайдо бўлса, уни дарҳол кўриш басирати – алҳамдулиллоҳ – бизда ҳам бор.
Фақат бу чатнашни шу онда мен кўролмаяпман.
Майли, ўша “чиқиш визаси” деб аталган разолат тимсоли (ОВИР) бекор қилинсин, биз буни тоталитар системанинг илк чатнаши ўлароқ қабул этишга тайёрмиз!
Аммо ҳукумат тарафдори бўлган сайтлар 2015 йил Каримов имзо-лаган юрт ташқарисига чиқиш шартларини “такомиллаштириш” ҳақдаги қарорни такрор эълон қилишди холос. Яъни ОВИР бўйинтуруғи миллат бўйнидан олиб ташланмайди, аксинча такомиллашади бундан буёғига.
Зулм такомиллашади.
Зулм такомиллашмоқда. Ҳа, жазо машинаси такомиллашади, қабоҳатнинг мускуллари қувватлантирилади.
Мирзиёев келди, дея oсмонга отилган дўппилар ерга тушиб улгурмасдан, давлат террори янгидан шохланди. Диндорларга бўлган репрессия ҳам Каримов давридагидан баттарроқ бир шаклда давом этмоқда: шу сўнгги ой ичида Ўзбекистонда, хусусан Фарғона водийсида, Андижон, Наманган, Қўкон шаҳарларида юзига маска таққан жаллодлар диндор оилаларнинг уйига бостириб кириб, тинтув ўтказиб, уриб-синдириб, бегуноҳ мусулмонларга зулм ўтказмоқда.
Xудди 27 йил аввал Мирзиёевнинг отаси Каримов фаолиятини қандай бошлаган бўлса, бугун унинг меросхўри Мирзиёев ҳам илк одимини диндор ва сиёсий мухолифлар устига отди.
Шунинг учун ҳам муваққат ҳукумат келганига қарамай, Ўзбекистондан қочаётган инсонлар сонида озайиш эмас, кўпайиш кузатилмоқда. Муxожир оқими тўхтагани йўқ.
Нима бўлди бизнинг ўлкамизга?
Йилларча фуқаролар урушини бошдан кечириб, хонавайрон бўлган ўлкаларда ҳам бу қадар инсон ресурси бу қадар қисқа бир муддатда юртини тарк этмаган.
Муҳаммад Солиҳ
6 сентябр 2016