ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 55
(давоми)
Мусулмонлар ҳеч бир вақтда, айниқса, сўкиш-саваш чоғларида бошлиқларнинг буйруқларини бузмагайлар. Аллоҳ амрини дунё ишларидан олдин тутгайлар.
Иккинчи жавоб шулдурки, Расулуллоҳ яратилишида, муборак нурлари ҳаммадин илгари яратилмиш эди. Дунёга келишларида барча пайғамбарлардан кейин келдилар. Ўтган пайғамбарларга ҳам кофирлар билан жанг қилмоқ ўз шариатларида фарз қилинган эди. Шунинг учун ўтган пайғамбарлар ҳам Худо йўлида душманларига қарши жиҳод қилдилар. Аларнинг умматларидан бир қанча мўминларга шаҳидлик даражаси насиб бўлди. Бу даража эрса пайғамбарлардан ва дағи (яна) сиддиқлардин сўнги, Худо олдида, энг улуғ даража шу эрди.
Бундай бўлгач, бу улуғ даражадан бу умматнинг энг олдинги сафлари қуруқ қолмагай, деб Аллоҳ таоло бир қанча саҳобаларни шаҳидлик даражасига етказди. Яна булардан бошқа ҳикматлар кўп бўлса ҳам, шу айтган сўзларимиз мўминлар учун етарликдур. Яна ўз сўзимизга келайлик.
Шундоқ қилиб, Расулуллоҳ бундоқ оғир ярадор бўлишларидан саҳобалар қаттиқ қайғурдилар. Алардин қайси бирлари айтди:
— Ё, Расулуллоҳ, дуо қилинг, бу кофирлар қирилсинлар, — деди. Анда Расулуллоҳ:
— Мени Аллоҳ таоло олам халқини ҳақ динга чақирмоққа, аларга тўғри йўлни кўрсатмоқ учун юборди. Мен Аллоҳ томонидан бутун халқ учун раҳмат келтирдим. Лаънат ўқиб, одам болаларини ўлдирмак учун келганим йўқ, — дедилар.
Сўнгра «Аллоҳуммаҳди қовмий вағфирлаҳум, фаиннаҳум ла яъламун».
Яъни: «Эй бор Худоё, қавмимни ҳақ йўлга солгин, ёзуқларини кечиргил, чунки улар билмайдилар», деб дуо қилдилар.
Бу Уҳуд урушида бир неча саҳоба хотунлар ҳам урушга қатнашган эдилар. Алардин бири Умму Аммора отлиқ бир хотун эрди. Бу хотун эрса, эри Зайд ибн Осим ва икки ўғли билан тўрт киши бўлиб, урушга кирдилар. Булар ҳақида Расулуллоҳ «Роҳима кумуллоҳу аҳлал байти», яъни, «Аллоҳ таоло барча оилаларингни раҳмат қилсин», деб дуо қилдилар. Умму Амора буни англаб:
— Ё, Расулуллоҳ, яна дуо қилгайсизким, жаннатда сиз билан бирга бўлгаймиз, — деди.
Анда Расулуллоҳ:
— Эй бор Худоё, буларни жаннатда менга рафиқ қилгайсан, — дедилар. Расулуллоҳдин бу сўзни онглагач:
«Энди дунёда нима мусибат кўрсам парвойимга келмас», деб мардоналардек урушга кирди.
Расулуллоҳнинг олди-орқа, ўнг-сўлларидан ҳеч ажралмай юриб урушди. Ва шул куни ўн икки жойидан яраланди разияллоҳу анҳо.
Яна бу ғазотга кирган хотунларнинг бириси Умму Айман Баракадур. Бу хотун эрса, Расулуллоҳни кичикликларида кўтариб боққан, оталари Абдуллоҳдин мерос қолган додаклари эрди. Расулуллоҳ буни асранди ўғиллари Зайд ибн Ҳорисага никоҳлаб бердилар. Бундан Усома ибн Зайд туғилди. Муъта ғазотида беш минг аскарга бу ўғилнинг отаси Зайдни бош қўмондон қилган эдилар. Бу муборак хотун ярадорларга сув бермак нияти билан Мадинадан чиқаётганларида, Уҳуд урушидан қочқувчиларга қарши келди. Аларнинг юз-кўзларига қум тупроқлар сочиб:
— Эй ўлимдан қўрққан номардлар, Расулуллоҳни душманлар қўлига қолдириб, уялмай нечук келурсиз, йўқ эрса, хотунлардек эгирчак олиб эгиринглар, қилич-найзаларингизни биз хотунларга топширинглар, — деб шундоқ сўзлар билан аларни қаттиқ уялтирди.
Ўзи Уҳуд майдонига қараб жўнади, кўрдики, бу уруш мусулмонлар зиёнига айланибдур. Расулуллоҳнинг вужуди-шарифлари, бош-оёқлари дегудек, бир қанча жойлари яраланибдур, буни кўриб, тоқат келтиролмай, қилич олиб урушга кирди. Кофирлар томонидан Ҳаббоб деган киши бу муборак хотунни нишонга олиб ўқ отди, араблар одатича, хотун ва болаларни ўлжа олиш бўлса ҳам, аларни уриш, ўлдириш йўқ эди. Аммо ул номарднинг отган ўқи Умму Айманга келиб тегиб, йиқилди. Бу қилган ишига мақтаниб, у кофир қаттиқ кулди.
Расулуллоҳ буни пайқаб турган эдилар. Бу ҳолни кўриб, қаттиқ хафаландилар. Ёнларида ўқ отиб турган Саъд ибн Аби Ваққосга учида тиғи йўқ қуруқ ёғоч ўқ олиб бердилар ва:
«Бунинг билан у кофирдан Умму Айман қасосини қайтаргил» дедилар. Сўнгра Саъд ибн Аби Ваққос тиғсиз ёғоч ўқни унга қаратиб отган эди, хато қилмай, бўғизига тегиб, шул онда йиқилди. Бунинг чалқанча тушиб йиқилганини кўриб, Расулуллоҳ ҳам кулдилар. Бир зум илгари Умму Айман йиқилганида бу кофир хуш бўлиб кулган эди, хиёл ўтмай бу иш ўз бошига тушди. Буни кўриб Расулуллоҳ:
— Эй бор Худоё, Умму Айман қасосини Саъд қайтарди, анинг дуосини сен ҳар вақт ижобат қилгил, — дедилар. Шунинг учун бу дуо баракотидан Саъд ибн Аби Ваққоснинг дуолари ҳамиша мақбул эди.
Маълумдурки, ушбу Уҳуд урушида душманларнинг сони ўн мингга яқин эди. Буларга қарши қўйилган ислом қўшини мингга етмас эдилар. Юқорида айтилишича, уруш бошланиши билан мусулмонлар ғалаба қозонган бўлсалар, ўзлари сабаб бўлиб, бу ғалабани қўлдан чиқардилар. Мана шунча кўп душман аскарлари ичида қанча баҳодирлар бор эрса, барчалари Расулуллоҳни ўлдирмак қасдида устиларига ҳужум қилишиб кўрди. Лекин, Аллоҳ таоло Пайғамбаримизни сақлаб, алардин ҳеч бирлари мақсадларига ета олмади. Ва бир неча саҳобалардин бошқалари, айниқса, юқорида номлари ёзилмиш ўн тўрт одам ўлимга бош боғлаб, жонбозлик билан Расулуллоҳни душмандан қўриқладилар.
Ҳақиқатда эса «Валлоҳу яъсимука минаннас», яъни, «Аллоҳ таоло сени душманлардан сақлайди», деган оят нозил бўлиб, шунинг мазмунича, аларнинг ёмон қасдидан Пайғамбаримизни Аллоҳ ўзи асради. Бу оят ифода қилган Аллоҳнинг ваъдаси чин бўлди.
Расулуллоҳнинг муборак менгзалари (юзлари) қаттиқ яраланган эди. Душманлардан Ибн Қамъанинг отган тоши юзларига тегиб, бунинг зарбидан дубулға ҳалқаси юз суякларига ботиб кетди. Ҳазрати Абу Убайда бу ҳалқани чиқармоқчи бўлиб, қўллари билан чиқаролмай, тишлаб тортганларида, олдинги икки тишлари қўмирилиб кетди. Муборак юзларидан ва тишларидан тўхтамай қон оққали турди. Лекин Расулуллоҳ ерга оқиб тушгали қўймай, суртиб турдилар. Бунинг сабаби, «Агар қоним ерга томса, буларга осмондин бало азоби тушгай», дедилар.
Шу чоғда Расулуллоҳга қаттиқ чанқоқлик пайдо бўлди. Буни билиб, Ҳазрати Али қалқонларини тўлдириб сув келтирдилар. Узун туриб, сувнинг ранги ўзгариб қолганликдан уни ичмадилар. Дарҳол Муҳаммад ибн Маслама қайердандир бир идишда тоза сув келтирди. Ундин қониб ичиб, ҳаққига дуо қилдилар.
Шу орада ҳазрати Фотима бошлиқ бир неча Мадина хотунлари келишди. Расулуллоҳни бу ҳолда кўришиб хотунлар йиғлашиб кетдилар. Расулуллоҳнинг бош-кўзларини қонга бўялганини кўриб, ҳазрат Фотима чидай олмай, Расулуллоҳни қучоқлаб кўп йиғлади.
Сўнгра Ҳазрати Али сув қуйиб, қонлик яраларини ювдилар. Яраларининг оғзи очилиб кетганликдан, қайтадан қон оқа бошлади. Буни кўриб, Фотима, куйдирган бўйранинг кулини яраларига сепди. Шу билан қон тўхтади. Яна шу ўртада душманлардан бир бўлак кишилар тоғ устидан кўриниш қилиб, мақсадлари шул томондан ҳужум қилмоқчи эдилар. Расулуллоҳ аларни кўриб:
— Эй бор Худоё, кофирлар мўмин қулларингни енгиб, алардин юқори турмоқлари лойиқ бўлмагай, Сенинг ёрдаминг билан ҳар вақт қувват топгаймиз, йўқ эрса, булар билан урушмоққа бизда куч йўқдур, — дедилар.
Буни онглаб, Ҳазрати Умар бошлиқ бир неча муҳожир саҳобалар аларга қарши чиқиб, тоғ устидан қўғлаб тушдилар. Мана бу оят шу чоғда нозил бўлди:
«Вала таҳину вала таҳзану ва антумул аълавна инкунтум муъминин», яъни, «Эй мўминлар, бўшашманглар, қайғурманглар, албатта, сизлар устундурсизлар, агар чин мўмин эрсанглар», демакдур.
Бу оят мазмунида мўминлар учун бек улуғ башорат бордур. Чунки бунинг мазмунича, ҳар вақт устунлик ва ғолибият ҳақиқий мўминларга хос сифатлардандур.
Чунки бу дунё майдони бўлса, мўминлар учун синаш ўрнидур. Аллоҳ таоло мўминларни уруш кунларида гоҳи енгиш, гоҳи енгилиш билан синаб боқадур. Агар мусулмонлар чин мўминлик мақомини сақлай олсалар, ҳар ишнинг сабабини ўз ўрнида қилсалар, энг сўнги ғалабани қозонишларида ҳеч шак-шубҳа йўқдур. Юқориги оят устига мана бу ҳадис бордурким, Расулуллоҳ айтдилар: «Ал-исламу яъли вала юъла», яъни «Ислом устун бўлур, остин бўлмас, ғолиб келур, мағлубиятда қолмас» демакдур.
Энди юқорида айтилмиш оят, ҳадисдан чиққан маънога қаралса, қулликда қолган, бутун ҳуқуқларидан ажраб, асоратга тушган мусулмонлар ҳақида қандоқ ҳукм чиқарса бўлур. Тушунган ҳар бир одам буни ўзи билур. Яна мақсадга келайлик.