O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Энди интернет-кафега келган видеога олинади, кирган сайти 3 ойгача қайдларда сақланади

Энди интернет-кафега келган видеога олинади, кирган сайти 3 ойгача қайдларда сақланади
33 views
31 March 2014 - 17:19

Ўзбекистонда интернет-провайдерлар ва интернетдан фойдаланиш нуқталарга талаблар кучайтирилган. Ўтган ҳафта Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасининг  “Жамоат фойдаланиш жойларида Интернет тармоғидан ахборот олиш имконини бериш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” қарори қабул қилинган. Қарор 31 мартдан бошлаб кучга киради.

Бу ўзгаришлар интернет-провайдерларининг манфаатларига тегишли. Хусусан, интернет-кафеларни кўп қаватли биноларнинг подвал ва яримподвал қаватларидан очишга қатъий таъқиқ қўйилади. Аслида, интернет-кафеларнинг деярли барчаси турар-жой биноларнинг биринчи ёки подвал (цоколь) қаватларида ташкил этилади. Бошқача қилиб айтганда, деярли барча интернет-кафелар ноқонуний мақомга ўтган ҳисобланади. Бу таъқиқнинг сабаби келтирилмаган.

Интернет-провайдерлардан ташқари, интернет-фойдаланувчиларининг ҳам ҳақлари бузилади. Қарорга кўра, интернет-кафеларда видеокузатув камералари ўрнатиш шарт қилинади. Бунга сабаби ўлароқ “муштарийларнинг хавфсизлигини таъминлаш” дейилган.

Муштарийларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида интернет-провайдерлар яна уларнинг интернетда ташриф этгани веб-ресурсларни қайдга олиш (log-файллар) ва уч ой мобайнида сақлашга мажбур. Бошқача қилиб айтганда, бундан буён Ўзбекистонда интернет-кафега келган ҳар бир фуқаронинг ҳатти-ҳаракатлари видеога олинадиган, кирган сайтлари эса админ компьютерида сақланадиган бўлади. Охирги ўзгаришларнинг сабаби ҳам келтирилмаган. Шундай бўлса-да, бу каби чоралар билан интернетдан фойдаланиш устидан назоратни кучайтириш кўзда тутилгани аён.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳукумат буйруғи билан веб-провайдерлар жуда кўп интернет-сайтларга блок қўйган. Мухолиф ҳаракатлар, мустақил хабар агентликлари ва таҳлилий портал сайтлари шулар жумласидан.

Маълумки, интернет-сайтларга тўсиқ қўйиш билан уларни бутунлай йўқотиб бўлмайди. Тўсиқларни айланиб ўтиб, блокланган сайтларга киришнинг сон-саноқсиз йўллари мавжуд бўлиб, фаол интернет-фойдаланувчилар аллақачон уларни унумли қўлланиб келади. Ҳатто шундай аноним броузер турлари мавжудки, фойдаланувчи тўсиқларни осонликча “айланиб” ўтиб, керакли саҳифага кира олади, ҳатто провайдерлар уларнинг на шахсини, на киргани сайтни аниқлай олмайди. Шу сабабли ҳам, интернетга кирувчиларни энди видеога олиб, шахсини аниқлаш мақсад қилинганини англаш қийин эмас.

ЎХҲ хабар маркази