Google тарафидан эълон қилинган баёнотда Google Translate автоматик таржима онлайн-хизматидаги тиллар рўйхатига яна ўнта тилнинг қўшилгани маълум қилинди. Ушбу тиллар рўйхатида қоқзоқча, тожикча билан бир қаторда ўзбекча ҳам бор.
Жорий йил бошида Google ўз хизматлари сифатини ривожлантиришда иштирок этиш истагида бўлган кўнгиллиларни ишга қабул олишини маълум қилганди.
Ўшанда ҳар бир кўнгилли ўзига бир таржима тили танлаши ва унинг сифати яхшиланишида ўз ҳиссасини қўшиши мумкин эди. Мазкур рўйхатга ўзбекча ҳам киритилганди.
Кўнгиллиларнинг ўзбекчани Google Translate тиллар рўйхатига киритиш йўлидаги саиъ-ҳаракатлари туфайли бу жараён узоққа чўзилмади. Таржима сифати, албатта янада такомиллашишни талаб қилади. Вақт ўтиши билан унинг янада такомиллаштирилиши айтилмоқда.
Маркази АҚШда жойлашган Google ширкатининг ёзма баёнотида тизимга қўшилган тилларнинг компьютер фойдаланувчилар хизматига киритилгани ва қисқа бир фурсат ичида платформанинг телефон дастурларида ҳам ишга туширилиши таъкидланади.
Осиёдаги инглиз тилида сўзлашмайдиган фойдаланувчиларга тақдим қилинаётган хизматларни янада такомиллаштиришни мақсад қилган Google ширкати 2017 йилда фақат Ҳиндистоннинг ўзида 500 миллион фойдаланувчига хизмат кўрсатишни режалаштирган. Ушбу режа доирасида ширкат Google Translate автоматик таржима онлайн-хизматига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Эслатиб ўтамиз, эндиликда ўзбекча, қозоқча ва тожикчани ўз ичига олган Google Translate автоматик таржима онлайн-хизмати фаолияти 2006 йилда йўлга қўйилган.
ЎХҲ ахборот бўлими