Туркиянинг амалдаги бош вазири Ражап Тойип Эрдўғон 10 августь куни Туркияда бўлиб ўтган президентлик сайловларида 52% овоз билан ғалаба қозонди. Янги президентнинг қасамиёд маросими августь ойининг охирига белгиланди.
“Мен нафақат овоз берганлар, балки 77 миллионлик халқнинг президенти бўламан. Биз ижтимоий муроса тамойилидан келиб чиқиб, келишмовчиликларга эмас, умумий қадриятларга таяниб янги келажак қурамиз”, – дея таъкидлади Эрдўғон.
Унинг сиёсий рақиблари – Акмалиддикн Эҳсонўғли ва Салоҳиддин Демиртош 38% ва 10% дан овозга эга бўлишди.
Эрдўғон 2003 йилдан бери бош вазир сифатида Туркияни бошқариб келади. Туркия қонунчилигига кўра у навбатдаги маротаба ҳукумат раҳбари лавозимини эгаллай олмайди.
Эслатиб ўтамиз, Туркияда президентлик сайловлари илк маротаба умум халқ сайлови асосида бўлиб ўтди. Эрдўғон партияси давлатни бошқаришда президент ваколатларини кенгайтириш ташаббуси билан чиққан. Бугунги кунгача Туркия президенти мамлакат парламенти томонидан сайланиб келинган ва фақат чекланган функцияларгагина эга бўлган.
Сайловдан бир неча кун олдин Эрдўғон “Турк дунёси ўз президентини сайлайди” номи остидаги тадбирда иштирок эди. Туркиядаги туркман, қозоқ, қирғиз ва бошқа турк диаспоралари вакиллари Эрдўғонни қўллаб қувватлашини билдиришди.
Араб дунёсига бўлган ортиқча меҳри туфайли домий танқид остига олиб келувчи рақибларига жавоб тариқасида Эрдўғон Туркистон халқларининг миллий либосларини кийиб расмларга тушди.
Амир Эйваз