17
ЭРЗУРУМГА САЁҲАТ
Тепага атай шу сарлавҳани чиқардим. “Эрзурум” деса, биз адабиётчилар эсига дарров Александр Сергей ўғли Пушкиннинг “Путешествие в Арзрум” деган асари келади.
Эрзурум ҳақида бундан бошқа яна нима биламиз?
Ҳамма учун жавоб бермайман, ўзимни айтсам, бу ном ва бу шаҳар ҳақида Пушкиннинг шу асаридан бошқа деярли ҳеч нарса билмайман.
Бу асарни ўқиганимга эса неча замонлар бўлиб кетди. Балки талабалигимда дарсдан берилган топшириқ бўйича ўқигандирман, аниғи ҳозир эсимда йўқ.
Эрзурумга сафарим борлигини эшитган ҳамкасабаларимдан бири ҳам менга Пушкиннинг шу асарини эслатди, уни бир ўқиб кейин Эрзурумга боришимни тавсия этди. Билганимиз шу-да ўзи.
Шундай қилиб, бу галги сафар Эрзурум сари эди.
Эрзурумга боришимни анча олдиндан билардим. Келишганмиз. Ҳатто оилам билан иккимизга учоққа чипта йигирма кунча илгари олиб қўйилган. Туркиянинг бошқа шаҳри Малатияда ўтадиган Китоб кўргазмасига таклиф этилганимни ҳам билардим, лекин ҳали унда куни аниқ эмасди. У бўлди-бу бўлди, иккала сафарнинг кунлари устма-уст тўғри келиб қолди.
Вазиятни тушунтирганимиздан кейин малатиялик мезбонлар бир йўлини топишди: Эрзурумга чипта олдиндан олингани ва куни тайин эканини ҳисобга олиб, Малатияга асли белгиланган кундан бир кун бурунга кўчиришди ва қайтиш вақтимни ҳам Эрзурумга учиш вақтига мослашди.
Эрзурумга 12 май пайшанба куни соат 13:10 да учишим керак бўлса, Малатиядан Истанбулга соат 10:30 ларда етиб келдим. Менга қулай бўлгани иккала шаҳарга қатнайдиган учоқ ҳам Истанбулнинг иккинчи йирик қўналғасидан ‒ Сабиҳа Гўкчан қўналғасидан учар экан. Ўз-ўзидан маълум: қўналғадан ташқари чиқмай иккинчи учоқни кутиб ўтирдим.
Оилам ҳам қўналғага етиб келди ва иккимиз “Эрзурум, қайдасан?!” деб йўлга тушдик.
Erzurum ‒ Туркиянинг бир эли (вилояти). 2015 йилги маълумотга кўра, 762.321 аҳолиси бор. Шарқий Онадўли бўлгасининг энг катта вилояти. Денгиз юзасидан 1900 метр баландликда жойлашган. Туркияда совуқ иқлимли вилоятлардан бири. Қиши қаттиқ келади, қор кўп ёғади ва узоқ туради, деб эшитганман.
Учоқда шаҳарга қўнаётганимизда тепадан ҳам кўринди: тевараги айланасига қорли тоғлар билан қуршалган бир водий экан.
Ўзи Туркия иқлим жиҳатидан ажиб бир ўлка ‒ бир пайтда тўрт фаслнинг белгиларини кўрса бўлади: бир томонида қиш бўлса, иккинчи томонида баҳор, дарахтлар гуллаган, ғирт жанубида ёз деса ҳам бўлади. Ҳатто чўмилиш мумкин.
Масалан, Истанбул бозорларига Мерсин томонлардан пишган ўрик кириб келганига бир ойча бўлди, оғзимиз бу янгиликка тегди, Эрзурумда эса энди ғўра бўла бошлабди! Малатия Эрзурумга яқин, лекин жануброқда жойлашгани учун у ернинг ўриклари Мерсин билан Эрзурумдаги ҳолатнинг ўртасида. Яъни, ҳали пишмаган, лекин ғўраликдан анча ўтиб кетган.
Эрзурум жуда эски маконлардан. Бу ерда қачонлардан бери одам зоти яшаб келаётганини ҳатто тарих билмайди. Яъни, қадимдан одам ерлашган макон. Шунинг учун шаҳарда тарихий ёдгорлик анча-мунча.
Қори кўп ва узоқ турадиган бўлганидан қишки спорт ўйинларига хосланган қурилишлари кўп экан.
Ҳудуд катталиги (25.066 км2) бўйича Туркияда 3-ўринда туради. Асосий тирикчилиги боғдорчилик ва чорвадандир.
Манзил олис, автобус йўли билан ҳисобласа Истанбулдан Эрзурумгача 1500 чақирим дейишган эди, учоқдаги экран 1090 чақирим деб кўрсатди. Демак, учоқ автобусга қараганда тўғрироқ йўлдан учаркан-да. Ҳаво йўлида муюлиш кам албатта! Қаранг, илонизи йўллар ҳисобига бир манзил асли масофасидан нақ 400 чақирим ҳам узоқлаб кетиш мумкин экан!
Хуллас, то манзилга етгунимизча вақт бекор ўтмасин деб Эрзурум ҳақида ўрганганларимни сизлар билан ўртоқлашиб кетгим келди. Ўртада учоқ хизматчилари чой ё қаҳва билан сандвич ё кек беришади, ўшанда бир оз танаффус қилиб оламиз. Унгача…
Манбаларда Эрзурумнинг илк оти Шарқий Рум императори II Теодосиус (II. Theodosius: 408-450)нинг отига алоқали “Теодосиополис” (Theodosiopolis) бўлгани айтилади.
Арманилар эса бу ерларни “Карин” деб аташарди. Румликлар истилосидан бурун Эрзурум жойлашган ерда арманилар “Karin” деб номлаган бир шаҳар бўлгани ёзма манбаларда учрайди.
Балозурий (Belâzürî) исмли олим ёзишича, бўлга ҳокимининг ўлимидан кейин ўрнига тахтга чиққан Кали (Kali) отли хотини қургани учун шаҳар Каликала (Kalikale) деб аталган, кейинчалик араблар уни “Қалиқалъа” дейишган.
XI асрдан сўнгра турклар “Theodosiopolis”ни “Эрзен” (Erzen) деб ўзгартиришган. Салжуқли султонлар бостирган тангаларда шаҳарнинг оти “الروم ارزن” (Erzenü’r-Rûm), “ارزن روم” (Erzen-i Rûm) ва “ارز روم” (Erz-i Rûm) шаклларида ёзилган. Кейинроқ бу ном Арзи Рум (Arz-ı Rûm ‒ ارض روم – ارضروم) шаклига кирган ва охир-оқибатда бугунги Эрзурум (Erzurum) шаклини олган.
“Hudûd el-âlem” деган китобда ёзилишича, шаҳарнинг мустаҳкам бир қалъаси бўлган, уни ҳар томондан келган аскарлар навбатма-навбат қўришган; шаҳарда савдогарлар кўп бўлган…
Бир ярим соатдан ортиқроқ учиб, ниҳоят учоқдаги хизматчилар шаҳарга етганимизни, қўна бошлаганимизни эълон этишди. Тепароқда айтганимдек, анча пайт қорли тоғлар узра учдик ва охирида айланасига тоғ билан қуршалган яшил водийга кирдик. Тахминимча, учоғимиз шаҳар ёнбошидан ўтиб кетди. Пича олислаб, сўнг орқага қайта бошлади.
Ва ниҳоят Эрзурумга қўндик.
Мезбонлар бизни кутиб туришган экан, салом-аликдан сўнг шаҳарга йўл олдик. Қўналға шаҳардан унча узоқ эмаскан, тез етиб келдик. Қайсидир кўчаларидан юра-юра, қадим қалъанинг қолдиғига ўхшаб қурилган тош арк-дарвоза қаршисига келдик.
‒ Университет кампусига етдик, ‒ деди мошинани ҳайдаб келган йигит. (Кейин ҳам доим шу йигит бизга хизмат қилди. Жуда олим, дунёқараши кенг, Ўзбекистонни яхши кўрадиган йигит экан. Болаларини ҳам ҳавас қилса арзигулик қилиб тарбиялаган. Оллоҳ рози бўлсин.)
Арк тагидан киришда тўсиқ қўйилибди. Мошина яқинлашганида ўзидан-ўзи кўтарилди. Ҳайрон бўлганимни сезиб ҳайдовчи олд ойна тепасига ўрнатилган кичик бир мосламага ишора қилди:
‒ Тўсиқдаги мослама мошинадаги мана шу нарсани “танийди”, кейин қўйиб юборади, ‒ деди.
Университетга қарашли иккита Қўноқ уйи (Konak evı) бор экан, бизга жой 2-Қўнақ уйидан ажратилибди. Жойлашдик.
‒ Бу Қўноқ уйларига чеккадан ҳам меҳмон олинадими? ‒ деб сўрадим.
Фақат университет меҳмонларига мўлжалланган экан. Ҳайратландим. Чунки иккита катта меҳмонхона бўлса!.. Буларга чеккадан биров қўйилмаса!..
‒ Университетнинг ўз меҳмонлари бўлмаган пайтлари бўш ётаверадими?
‒ Бизда доим меҳмон бор, ‒ деб изоҳ берди мезбон йигит. ‒ Сизга ҳам жойни 20 (йигирма) кун олдин сипориш берганмиз…
“Ухх!” деб қўйдим.
Кампус тўғрисида алоҳида билги бермасам бўлмайди.
Тасаввур қилинг: Тошкентдаги Талабалар шаҳарчаси. Ундан икки-уч баравар катта бир ҳудуд айланасига шаҳардан ажратилган. Шаҳар ичида шаҳар дейсиз.
Туркияда кўп университетларнинг мана шунақа кампуслари бўлади. Эрзурумдаги Отатурк университети ҳам мамлакатда энг йирик илм даргоҳларидан бири ўлароқ, кампуси ўзига яраша жуда катта эди. Ҳудудида 6 (олти)та Жоме мачити(!) борлигининг ўзи сизларга бу маконнинг миқёсини тасаввур эттирса керак деб ўйлайман.
Ўқитувчисию супирувчисигача қўшиб ҳисоблаганда Университетдан ойлик олиб ишлайдиган 10000 (ўн минг) ходим бор экан. Ўқитувчи-устозларнинг деярли ҳаммаси кампус чегарасида қурилган кўпқаватли уйларда (у уйлар “ложман” деб аталади) яшайди. Талабаларнинг барча ётоқхона (yürt)лари, булардан ташқари, дўконлар, банклар, ошхоналар, касалхоналар… қўйингки, катта бир шаҳарда қандай маиший хизмат тури бўлса ҳаммаси борлиги кампусни чиндан ҳам бир шаҳар ҳолига келтирган эди.
Айтганча, талабаларнинг сонини айтмабман. Университетда ҳаммаси бўлиб 200.000 (икки юз минг) талаба ўқиркан! Адашмадим, чиндан шунча! Бундан қирқ минги кундузги, йигирма минги кечки, қолган бир юз қирқ мингга яқини сиртқи бўлимларда илм олишаркан!
‒ Шаҳар аҳолиси қанча? ‒ деб сўрасам.
‒ Тўрт юз мингдан кўп, ‒ дейишди.
‒ Шундан икки юз минги талабами? ‒ дедим ҳайратланиб.
‒ Йўқ. Тўрт юз мингнинг устига бу, ‒ деб жавоб қилишди. ‒ Сиртқилар йилда икки бор келади, уларни ҳисобламаганда шаҳарда ‒ кампус ҳудудида бир кунда 60.000 (олтмиш минг) талаба бор деб ҳисоблайверинг!
‒ Туркиянинг бошқа ерларидан ҳам талабалар борми? ‒ деб сўрадим. Хаёлимда Эрзурум вилояти ва яқинидаги вилоятлардангина ўқувчилар келадигандек эди.
‒ Бутун Туркиядан ўқувчимиз бор, ‒ деди устозлардан бири. ‒ Нафақат Туркия, дунёнинг 76 (етмиш олти) мамлакатидан талаба илм олади. Африқодан ҳам, Амрикадан ҳам, у ёғи Оврупаю бу ёғи бутун Шарқ мамлакатларидан талабаларимиз бор. Битта Ўзбекистондан йўқ, лекин Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидан анча болалар ўқийди. Ўзбеклар ҳам бор, лекин улар Туркманистон ва Афғонистон ўзбеклари…
Ўқитувчи-устозларнинг маошлари, ложмандаги уй ижара ҳақлари билан қизиқдим. Дўчент (доцент) масалан 6000 лира (2000 дўллардан кўпроқ) ойлик оларкан, уч хонали уй учун шундан 600 лирасини (200 дўллардан сал кўпроқ) ўтар экан. Профессор иш стажига қараб 8000 лира ва ундан кўп оларкан.
Уйлари кампус ичида бўлгани учун ўқитувчилар факулталарга пиёда бориб келишаркан.
Ошхона нархлари шаҳардагидан анча арзон эмиш. Масалан, талаба икки ярим лира(80 сент)га биринчи-иккинчию нон-чой, айрон олиб қорнини тўйғазиши мумкин. Шаҳарда шунча емакка ўртача ҳисоблаганда камида ўн-ўн беш лира кетади. Шундан таққослаб олаверинг. Ўқитувчилар учун овқат бир оз қиммат экан, чунки улар ойлик олишади-да. Яна бир қизиқ томони ‒ ўқитувчи устозларнинг ҳам лавозими ва ойлик маоши миқдорига қараб овқат ва у ижара нархлари ўзгача белгиланган экан. Бир хил таом дўчентга тўрт лирага берилса, профессорга тўрт ярим лирага берилади.
Талабалар тўрт юз лирадан бошлаб, махсус бурслилар мингдан ортиқ лирагача стипендия (бурс) олишаркан.
‒ Пул тўлаб ўқийдиганлари ҳам кўпдир? ‒ деб сўрадим.
Албатта, кўплари биздаги тил билан айтганда шартнома асосида (пулли) ўқиркан. Лекин битта фарқи ‒ давлат талабага шартнома пулини қарзга бериб тураркан, ўқишни битирганидан кейин ҳам уч йилгача қарзини қайтаришни талаб қилмай тураркан. Сўнгра собиқ талаба ишга кирса, аста-секин маошидан тўлаб у қарзини узиб юбораркан.
Университетда деярли барча соҳа бўйича факулталар бор дейишди: қишлоқ хўжалиги ҳам, саноат ҳам, тиббиёт ҳам, тариху адабиёт ҳам, хуллас, бурча йўналиш бўйича таълим олиш мумкин экан.
Касалхона дедик. Кампус ичидаги касалхона обрўйи баландлигидан қўшни вилоятлардан ҳам касаллар келиб даволанаркан. Пулли, албатта. Катта тиш дўхтирхонаси ҳам ишлаб турибди.
Университетнинг хазинаси икки тармоқдан ташкил топади дейишди ‒ ярмини давлат ажратаркан, қолган ярми вақф ерларию дўконлар, банклар ва ҳоказо қўшимча хўжаликлардан тушаркан.
Декан ўринбосари айтишича, шаҳар хазинасидан университет хазинаси каттароқ эмиш ҳатто.
Жума намозини ўқитувчилар билан бирга тарихий Улуғ Жоме (Ulu Сamii) ўқидик. Бу жомени Салжуқий султон қурдирган экан. Меъморлиги жудаям ўзига хос.
Ўзи салжуқийлар Туркиянинг бир неча шаҳрида шу номда мачитлар қурган. Биттасини Бурсада кўрганман, у ҳам жуда бўлакча эди. Такрорланмас. Муҳташам.
Ўшалардан биттаси Эрзурумда экан. Бу ҳам муҳташам. Ўртадан кирилганида кенгроқ, икки томонида яна шунақа йўлаклардан учтадан лекин торроқ йўлак бор. Ҳаммаси бўлиб етти бўлдак-йўлак. Чап томонида бир устун оралиғи аёлларга ажратилган.
Имом арабча хутбани жуда чиройли қилди, тилни билиши сезилиб турибди. Намозни ҳам тоза арабча тажвид билан ўқиб берди.
Жумадан кейин Туркия ёзувчилар бирлиги Эрзурум бўлимида маҳаллий ижодкорлар билан суҳбат белгилашибди, мезбон мени ўша ёққа олиб борди. Бир ярим соатча чиройли суҳбат қурдик. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ҳақида, аъзолари, иш юритиш тизимларимиз ҳақида гапириб бердим. Айниқса, Ёш ижодкорлар билан ишлаш бўйича алоҳида раис ўринбосари борлигини эшитиб, бўлим мудири ҳайратини яшира олмади:
‒ Яхши экан! ‒ деб қўйди.
Совет даврида ёзувчи-шоирларга берилган қаламҳақлар тўғрисида гапирганимда-ку, ўзини ташлаб юборишига сал қолди. Ўзи шоир экан. Учрашувга келганлардан яна бири ҳам шоир экан. Иккаласи ҳам китобларидан ҳадя қилди.
‒ Бизда ижод хобби, бу билан тирикчилик қилиб бўлмайди, ‒ деди хўрсиниб.
‒ Бу масалада биз ҳам сизларга етиб олдик, ‒ дедим мен ҳам кулиб.
Асосий учрашув 13 май жума куни соат 17:00 га белгиланган эди. Университет ректорлиги биносида жойлашган Маданият маркази залларидан бири ‒ Мовий салон ажратилган экан. Аср намозини Адабиёт факултасида ўқиб етиб келганимизда салон талабалар билан лиқ тўла эди. Кўнгилни бир оз ваҳим босди.
‒ Нечта одам бор? ‒ деб сўрадим мутасаддидан.
‒ Уч юз эллик ўринли, ‒ деди у.
‒ Бунча одам шартмиди? Олдинроқ айтганингизда мен шунга яраша тайёрланар эдим, ‒ деб қўйдим.
Чиндан ҳам мен бир синф хонасида конферанс берсам керак деб ўйлаган эдим.
Лекин, Оллоҳга шукр, тез орада одамларнинг кўплигини ҳам унутдим. Мезбонларнинг самимияти кўнглимдаги тараддудни бирпасда аритиб юборди. Йиғилганларга қисқача таржимаи ҳолимни айтишга тайёрланган турк йигити марғилоннусха дўппи кийиб олгани айниқса муҳитни дарров қадрдонлаштириб қўйди.
Тафсилотини айтиб ўтирмайман. Қирқ беш дақиқача ўзбек адабиёти, дарди-қайғуси, мавзуларимиз, янгича изланишлар, совет даври ва ҳозирги давр адабиётимиз, ёшлар ижоди ва ҳоказолар ҳақида сўйлаб бердим. Ўзбекча. Тушуняптимикан ишқилиб дейман. Университетда чоғдош турк тиллари ва адабиёти бўлими борлигини, талабаларнинг кўпи шу бўлим ўқувчилари эканини айтишган, ўзбекча гапираверинг дейишган эди. Ҳарҳолда тезда тил топишиб олдик. Ҳатто уч-тўрт марта гулдурос чапаклар ҳам бўлиб кетди. Райҳон исмли бир қиз “Этакдаги кулба” ҳикоям бўйича жуда нозик саволлар берди. Афғон ўзбекларидан бири ватанларимиз орасида алоқалар боғлаш ҳақида гўзал сўзлади.
Мен сира кутмаганим ‒ бу ерда китобимни деярли ҳамма иштирокчи сотиб олган экан ва ҳаммалари имзо чектиришди. Қирқ беш дақиқача гапирган бўлсам, яна ўшанча вақт имзо чекишга кетди. Айримлар ҳатто оиламга ҳам қўл қўйдириб олишди. Ундан кейин ҳам кўплар тарқамай, роса расмга тушдик.
Факулта деканати кичкинагина кечки овқат уюштирибди. Декан ўринбосари, кафедра мудири ва бир дўчент йигит билан бирга университет проректори ҳам қатнашгани мен учун яна бир кутилмаган иш бўлди. Шу ерда домлалардан бири қизиқ бир гап айтиб қолди:
‒ Шаҳримизга рамазон ойи келинг, муҳит жуда бўлакча бўлиб кетади. Деярли ҳамма рўза тутади. Тутмаганлари ҳам кўчада бир нарса емайди. Шаҳарда биронта очиқ ошхонани кўрмайсиз!
(Чиндан шундай экан. Истанбулга қайтиб келганимдан кейин бир турк ишчиси билан Эрзурум ҳақида гаплашиб ўтирганимизда: “Эрзурумликлар имони мустаҳкам, мард одамлар. Дунёнинг бирон ерида исломиятга тегишли бирон салбий ҳаракат сезилса, биринчи бўлиб эрзурумликлар албатта муносабат билдиради!” деб қолди.)
Шу дамгача Туркия бўйлаб ўтаётган учрашувларимизнинг чўққиси бўлди ўзиям Эрзурум учрашуви! Оллоҳ рози бўлсин ташкилотчилардан!
Эртаси эрталабдан асргача Эрзурумдан 120 чақирим наридаги шаршарага бордик. Баланд тоғлар оралаб, даралардан ўтиб борар эканмиз, бу ерлар ўзимизнинг Тошкент ‒ Қўқон довонини эслатиб юборди. Тоғ ораларидаги қишлоқ (кўй)лар… Айниқса тераклар!.. Ўзбекистон дейсиз! Турклар теракни “кабак” деркан. Худди ўзимизнинг мирзатерак!
Йўлда чап томонда тарихий черков бор деган кўрсаткични кўриб, мезбонлардан бу нима деб сўрадим. Бу атрофларда қадимдан гуржилар яшаркан, ўшаларнинг ота-боболаридан қолган обида деб тушунтиришди.
‒ Насроний гуржи қолмаган, эскидан ҳаммаси мусулмон бўлиб кетган, фақат, бу обида сақлангани учун энди бу ерга ҳозирги Гуржистондан зиёратчилар келади, ўшалар учун кўрсаткич қўйилган, ‒ дейишди.
Ажиб. Гуржилар ўзи бўлакча халқ. Диндошларидан кўра биз туркларга яқинлик ҳис этади. Арманилардан фарқи ‒ гуржилар орасида Исломни қабул этганлари ҳам кўп. Туркиядаги гуржилар-ку, деярли ҳаммаси мусулмон. Яқинлрдаги Туркия билан Ўрусия орасида юзага келган қалтис вазиятда ҳам Гуржистон давлат ўлароқ Туркиянинг ёнини олди. Озарбойжоннинг Тоғли Қорабоғ масаласида Арманистон билан муносабати кескинлашганида Озарбойжоннинг ёнини олиб чиқди! Бўлмаса, ўрису арманию гуржи ҳаммаси православ ҳисобланади, бир динда!
Ўрни келиб қолди, Эрзурумда илгари яшаган арманилар ҳақида сўрадим. Ҳозир бу ерларда армани қолмабди.
‒ Арманиларни ҳеч тушуниб бўлмайди, ‒ деди ҳайдовчилик қилиб келаётган олим йигит. ‒ Бир умр бирга, ёнма-ён яшайди, лекин қачон ўрис бостириб келса, дарров улар томонга ўтиб олади, хиёнат қилади. Шаҳар уч марта ўриснинг қўлига ўтган бўлса, ҳаммаси арманиларнинг хиёнати билан юз берган. Охирги натижани биласиз: ниҳоят султоннинг сабри қолмади, уларни жазолади ‒ айримларини ўлдиртирди, қолган-қутганини бу ерлардан ҳайдади. Ҳозир шаҳарда ҳам, вилоятда ҳам армани йўқ. Ҳа, айтгандай, битта армани бор, у ҳам бўлса, Ўрусиянинг Эрзурумдаги консулини армани дейишяпти… Уям ҳозир фитна қилиб, Эрзурумда Пушкин музейини очсак деб юрибдиймиш. Менимча, баладия бунга рухсат бермаса керак…
(Ўрусия босқинчиларига қарши урушда турклар ўрисларнинг иккита оғир тўпини ўлжа олишган экан, Нене хотун тепалигида у тўплардан биттасининг ёнида эсдаликка суратга тушдим. Нене хотун ҳикояси алоҳида мавзу. Гўзал қаҳрамонлик достони деса бўлади!)
‒ Пушкиннинг “Эрзурумга саёҳат” деган насрий асари бор, шунга айтаётгандир-да. Биласизларми? ‒ деб сўрадим мен.
‒ Биламиз. Лекин ёқтирмаймиз. Чунки Пушкин Эрзурумни яхши тасвирламаган…
Шаршарадан яна 150 чақирим шимолга қараб юрилса, бир томони Озарбойжоннинг Нахчивони, иккинчи томони Арманистон билан чегарага чиқиларкан.
‒ Ий, СССРга яқинлашиб қопмиз-ку, ‒ деб ҳазиллашдим.
Демак, бу тоғлар Қофқоз тоғларига уланиб кетган бўлса керак.
Эски адабиётларда форсчасига “Кўҳи Қоф” деб аталган тоғлар туркчасига “Қофқоз” деб аталган, уни ўрислар тилига мослаштириб “Кавказ” деб олган…
Аср вақтларида шаҳарга қайтдик.
Бир жойда қизил чироқда тўхтаб турганимизда олим йигит олдиндаги мошинанинг орқа ойнагига ишора қилди. Боқдим. Қарасам, тўрт қатор нимадир ёзиб қўйилибди. Энди ўқийман деганимда яшил чироқ ёниб, у эски мошина юриб кетди. Расмини оламан деб тилпонимни ҳозирладим. Бизнинг ҳайдовчимиз ҳам шоша-пиша мошинасини ҳайдаб орқасидан етиб олдик. Шунда ўқидим:
“Üç tarafı denizlerle, dört tarafı hainlerle dolu ülkemizi Sen koru Allahim! (Уч томони денгизлар-ла, тўрт томони хоинлар-ла қуршалган ўлкамизни, эй Оллоҳ, Ўзинг қўри!)” деб ёзиб қўйилибди! Турклардаги ватанпарварлик жуда бошқача-да!
Тезда бир-икки марта суратини олиб қўйдим.
Шаршарага сафаримизга ҳам, умуман, уч кунлик Эрзурум сафаримизга ҳам мана шу ёзув гўё сўнгги нуқта бўлиб қўйилган эди.
“Эй Оллоҳ, уч томондан денгизлар, тўрт томондан хоинлар билан қуршалган Туркияни паноҳингда асра!” деб қўйдим мен ҳам ичимда.
Қоронғу тушгунча бир оз эски шаҳарни айландик. Салжуқийлардан қолган меъморий ёдгорликларни кўрдик. Қайсидир бир Салжуқ султони қурдирган мадрасани томоша қилдик. Меъморий ечими бизнинг меъморий ечимларга ўхшаб кетадиган, Усмонли меъморлигидан том бошқа бино эди. Таъмирланяпти экан, яқинига бориб бўлмади, шунинг учун ёзувларини ўқий олмадим. Сўнгра шу яқин орадаги бир қалъага ўтдик. Афсус, кеч қолибмиз, ёпиқ экан, кира олмадик.
Эртаси кун яримларида Истанбулга қайтиш учун қўналға сари йўлга отланарканмиз, бизга уч кун мезбонлик қилган олим укамиз ҳақига чиройли дуолар қилдим. Шаҳардан чиқаётганимда:
‒ Келгусида, Оллоҳ насиб этса, катта бир “Эрзурумга саёҳат” деган асар ёзаман! ‒ дедим.
‒ Иншаоллоҳ, ‒ деди мезбон.
Кетидан қўшиб қўйдим:
‒ Аммо-лекин Пушкиндан яхши ёзаман!
Албатта, Пушкин буюк шоир, лекин Эрзурумга дўст шоир эмас. Мен эсам дўстман. Мени илиқ… илиқ не, қизғин кутиб олгани учун бир умрга қадрдон бўлиб қолдим. Ёзаман, иншаоллоҳ, яхши ёзишга ҳаракат қиламан.
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
Манба: Facebook.com