Аслида масала эркинликлар нима ўзи, уларни биз қандай қўлга киритишимиз ва улардан қандай фойдаланишимиз керак шаклида қўйилиши лозим. Чунки бу, шу нарса бизга нима беради, дейиш инсон қадрига унчалик ярашмайдиган тарздир. Инсон фақат бировдан ёки бир ёқдан уни, буни (ёрдам, пул, имкон ва ҳқ) олиш учун эмас, ўзини ўзи моддий ва маънавий жиҳатдан таъминлаш, ўзини ва жамиятни бошқариш қобилияти билан яратилган. Инсоннинг, агар эътиқод соҳиби бўлса, Павардигоридангина маънавий ва моддий юксалиш исташи бу қоидадан истисно ҳисобланади. Фақат Аллоҳ таоло Ўзидан исташни ҳам “ҳаракат бандадан, баракат Худодан” қоидасига боғлагандир. (“Ҳар бир инсонга ўз ҳаракати (натижаси)дан бошқа нарса берилмайди” Нажм сураси 39)
Шунинг учун ақли расо, тани жони соғ бўлганлар агар исташлари керак бўлса фақат бир нарсани, яъни ўзининг ва яшаётган жамиятининг эркинлигини исташи керак бўлади. Чунки эркин бўлмаган инсон қулдир, қул эса аввало инсоний иродадан, шахсий ташаббусдан ва ижтимоий шуурдан маҳрум банда демакдир. Мана шундай манқуртларгина ҳамма нарсанинг бировлардан ва ёки бир ёқлардан келишини истайдилар. Яъни, “эркинлик бизга нима беради”, “ҳаракатларингиз бизга нима беради”, “сизлар ҳукуматга келсаларингиз халқга нима берасизлар”, “давлат бизга ҳеч нарса қилиб бермаяпти” каби ўзини ташаббуссиз, ҳеч нарса ярамайдиган, ўзгани эса уни таъминлаб турадиган “олий жаноб” ўрнида кўрадиган қуллик психологиясига (шуурига) таслим бўладилар.
Яқинда биродарларимиздан бири бир радио суҳбатида “дин ўзи бизга нима берган”, деган номаъқул гапни айтди. Ҳолбуки инсон ҳеч бир замон ота-онам менга нима берди, демайди. Чунки ота -онаси уни дунёга келишига сабаб бўлганини билади. Шунинг учун ҳам ота -онасини ҳурмат қилади. Энди ақли бошида инсон Аллоҳ таоло (яъни Ҳақ диннинг Эгаси, оламларнинг Парвардигори”) бизга нима берди, дея оладими? Албатта, дея олмайди, чунки ўзи чексиз ҳурмат қиладиган ота -онасини ҳам унга Аллоҳ таоло бергандир…
Бу биродаримизнинг муаммоси баъзи мусулмонларни танқид қиламан, деб эҳтиётсизлик билан дин бизга нима берди ўзи, дея номақбул савол сўрашидир. Бу аслида жуда кўпчилик йўл қўядиган хатодир: динни (Қуръон ва Суннатни) асос олиб мусулмонларга баҳо бериш эмас, мусулмонман деганларнинг ҳатти -ҳаракатларини асос олиб динга (яъни Исломга) баҳо бериш…
Энди эркинлик бизга нима беради, деган саволга қайталик. Эркинлик инсонга аввало ҳақиқий инсон бўлиш шарафини беради. Яъни, Эркинлик инсонни қулликдан озод қилади. Шунинг учун ҳам биз Ислом Каримов диктатурасини аввало инсонларимизнинг эркинлигини паймол қилганликда, бошқа сўз билан айтганда 30 миллионлик ўзбек халқини қул қилганликда айбламиз. Бугун Ўзбекистон деган давлатда фақат икки киши, яъни диктатор Ислом Каримов ва унинг бетайин қизи Гулнора Каримова “эркиндирлар”. Халқ умумиятла эркин эмас, яъни қулликка маҳкум қилинган. Халқни ташкил қиладиган барча табақалар, яъни эркагу аёл, ёшу қари, зиёлилар ва ишчилар, деҳқонлар ва тадбиркорлар, марказий ҳукумат ва маҳаллий ҳокимиятнинг барча вакиллари мана шу диктатура тарафидан асир олган. Бугун Ўзбекистонда тоталитар (ҳамма инсонларни ва ҳамма соҳани қамраб олган) зўровонлик муҳити ўрнатилган. Бундай шароитда шахсларнинг ҳам, жамиятни ҳам тараққий қила олмаслиги тарихий тажриба ва илмий ҳужжатлар билан исботланган.
Менга мактуб ёзган биродарларимиздан бири диктатура нима ва диктатор ким, шу саволни изоҳлаб берсангиз, деган. Диктатура инсонларни мана шундай эркинликлар ва ҳуқуқлардан маҳрум қиладиган ижтимоий-сиёсий жамият шакли, диктатор эса мана шундай зўровонликларга асосланиб, халқни қул қиладиган ва давлатни яккаҳокимлик билан бошқарадиган золим раҳбардир.
Хўш, эркинлик бизга нима беради, биз қандай эркинликларга эга бўлишимиз керак, эркинликнинг чегараси борми ва энг муҳим савол биз, яъни шахслар ва халқ сифатида эркинлигимизни қандай қўлга киритамиз?
Инсон ва жамият биринчи навбатда муҳтож бўлган эркинликларни тўрт гуруҳга ажратишимиз мумкин:
– Фикр ва сўз эркинлиги (хабар олиш ва тарқатиш, яъни матбуот эркинлиги ҳам шунга киради)
-Сиёсий эркинликлар (сиёсий ташкилотлар тузиш ва уларга аъзо бўлиш эркинлиги, марказий ва маҳаллий ҳукумат тармоқларини эркин сайловларда шакллантириш, сайланиш ва сайлаш эркинлиги, раҳбарларни танқид қилиш, улар зулм қиладиган бўлса бунга қарши чиқиш, намойишлар қилиш эркинлиги)
-Иқтисодий эркинликлар ( молу мулкка эга бўлиш (хусусий мулк эгаси бўлиш, эркин тижорат ва тадбиркорлик эркинлиги, тижорий саёҳат эркинлиги)
-Эътиқодий эркинликлар (маълум динга мансуб бўлиш, ибодатларни бажариш, жамоатлар тузиш ва диний ташвиқот эркинлиги).
Такрор айтамиз Каримов диктатураси Ўзбекистон халқини деярли чорак асрдир мана шу Эркинликлардан маҳрум қилиб келмоқда. Диктатор Каримов халқимизни қулликда ушлаб туриш учун куч ишлатар тизимларни (Ички ишлар Вазирлиги, МХХ, суд ва прокуратура органлари, ҳарбий кучлар), маҳаллий ҳокимият идораларини (вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларини), марказий ва маҳаллий матбуотни, маҳалла ташкилотларини зўровонлик билан шу мақсадга ишлатиб келаяпти. Натижада эса Ўзбекистон дунёга диктаторлик номи билан шарманда бўлган, иқтисоди вайрон бўлган, халқи оч ва ночор қолган, ўзга юртларда дарбадар бўлган, сиёсат, маданият, маърифат, санъат, адабиёт таназзулга юз тутган давлат сифатида танилди.
Ақли ҳуши жойида бўлган инсон агар халқимизга биз юқорида таъкидлаган эркинликлар бериладиган бўлса, ҳар бир инсонимизнинг ва умумиятла жамиятимизнинг тараққиёт ва яхшилик томонга юз буришидан шубҳа қилмайди. Аммо бу диктатурадан Эркинлик ва Адолат устун бўлган жамиятга ўтишда муаммолар бўлмайди деган маънони ҳам билдирмайди. Чунки жамият бир шаклдан (диктатурадан) бошқа шаклга (Эркинликлар жамиятига) ўтишида турли тушунмовчиликлар, турли тоифалар (сиёсий ташкилотлар, миллий ва диний гуруҳлар ва ҳқ) ўртасида келишмовчиликлар, иқтисодий тенгизлик ва ижтимоий адолатсизлик (баъзиларнинг бойиб, бошқаларнинг қашшоқликда қолиши, аҳолининг тенг ижтимоий хизмат ололмаслиги) каби муаммоли ҳоллар ўртага чиқиши мумкин. Эркинлик шароитда бу муммоларни ҳал қилишнинг энг камида уч шарти бордир:
-Биринчи, давлат ва жамиятнинг диктатурадан эркинликлар жамиятига ўтишининг ўрта, мўътадил йўлни танлаган, яъни ўзида эркинликлар, миллийлик (миллатчилик эмас) ва эътиқодий қадриятларни (диний радикалликни эмас) мужассамлаштирган бир сиёсий куч тарафидан бошқарилиши. Бундай сиёсий ташкилотнинг Ўзбекистон Халқ Ҳаракати эканлигида бугун ҳеч кимнинг шубҳаси йўқ бўлмаса керак.
-Иккинчи шарт, Эркинликларни ижобий талқин қилиш ва ижтимоий адолатсизликка йўл қўймаслик.
-Учинчи шарт, қўшни давлатлар билан (аввало Ўрта Осиёдаги ўзимизга яқин бўлган давлатлар билан) тинчлик, ўзаро манфаатга ва ҳамкорликка асосланган алоқаларни йўлга қўйиш.
Мавзу Эркинлик бўлгани учун шахслар ва жамиятга Эркинлик берилганда ўртага чиқадиган муаммолар қандай ҳал қилинади, деган масалага ҳам қисқача тўхталсак:
– Фикр ва сўз эркинлиги масаласида муаммолар инсонларнинг оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиб нотўғри маълумотлар тарқатишлари, бир- бирларини ҳақорат қилишлари, обрўсизлантиришлари, туҳмат ва бўҳтонлар қилиш шаклида бўлиши мумкин. Бундай муаммоларга йўл қўймаслик учун фикр, сўз ва матбуот эркинлигини қонуний асослар билан йўлга қўйиш, бундай қонунларда фикр ва сўз эркинлигининг чегараларини белгилаш, бу чегаралар бузилганда (шахслар ва уларнинг ташкилотлари ҳақида нотўғри маълумот тарқатилганда, ҳақорат ва туҳмат ҳолларида) масалани маҳкамаларда ечимга боғлаш, яъни ҳақсизлик қилганларни жазолантириш муаммони ҳал қилишнинг йўли ҳисобланади.
-Сиёсий эркинликлар масаласида муаммолар аввало радикал сиёсий шиорларнинг (миллатчилик (ўзбек, тожик, рус, қирғиз ва бошқа миллатларни бир бирига қарши қўйиш), радикал маҳаллийчилик (яъни мамлакат ҳудудини бўлиш), диний таассублик (мазҳабпарастлик, жамоатпарастлик, диний давлат талбалари ва ҳк) шаклида бўлиши мумкин. Бу муаммоларни ҳал қилиш аввало шахс ва жамият тараққиёти мафкурасининг мўътадиликка асослантирилиши (ижобий эркинлик, миллий ва эътиқодий қадриятларнинг ўзаро мутаносиблигига эришиш), қонунларнинг устуворлигига амал қилиш, марказий ва маҳаллий ҳукуматнинг ижтимоий ва сиёсий вазиятни ўз назоратида тутиши, диний маърифат ва мусулмонларнинг иттифоқини асос олиш (бу икки шарт янги жамиятга ўтишда дин масаласидаги асосий йўл ҳисобланади), сиёсий ташкилотларнинг сайлов натижаларига кўра ўзларининг ўринларини тан олишлари каби қоидалар билан ҳал қилинади.
Эркинликларни ижобий, дея таърифлашимизнинг сабаби уларнинг шахс ва жамият инқирозига сабаб бўлмаслиги, ижтимоий, сиёсий, миллий ва диний низоларга олиб келмаслигини таъкидлаш учундир.
Афсуски, ғарб дунёсида Эркинликларга ижобий ва салбий, дея қаралмайди, натижада инсон ва жамиятнинг таназуллига айнан мана шундай нима бўлса бўлсин эркинлик бўлсин, деган сохта “фалсафаса” сабаб бўлган.
Шундай экан, шаклидан қатъий назар шахс ва жамиятга бериладиган Эркинликлар қуйидаги салбий натижаларга олиб келмаслиги керак, деб ўйлаймиз:
– Эркинликларнинг ҳаётга тадбиқ қилиниши натижасида аввало инсоннинг жонига қасд ёки вужудига зарар берилмаслиги керак. Яъни, ҳеч бир эркинлик инсонларнинг жонидан азиз эмас. Албатта, оғир жиноят қилганларнинг қонун асосида маҳкамалар қарори билан жазолантирилиши бунга кирмайди.
– Эркинликлар инсонларнинг мол -мулкининг талон- тарож қилинишига ҳам олиб келмаслиги керак. Яъни, эркинликлар кишиларнинг мол –
мулкини ўғирлашга ёки ҳаром йўл билан (порахўрлик, ўғирлик, қароқчилик ва ҳк) мол –
мулк ортиришга асос бўла олмайди.
-Эркинликлар инсоннинг ақлидан жудо қилинишига (маст қилувчи ичимликлар, наркотик моддалар каби ақлга зарар берадиган нарсаларни ишлаб чиқариш ва сотиш) ҳам сабаб бўлмаслиги керак.
-.Эркинликлар инсон шон ва шарафини ерга урадиган, наслини бузадиган (туҳмат, бўҳтон қилиш, зинога ва бошқа жинсий бузуқликларга олиб борадиган) восита сифатида ҳам ишлатилмаслиги керак.
-Эркинликлар инсонни бирор динни танлашга ёки бирор диндан чиқишга мажбурлаш воситаси сифатида ҳам кўрилмаслиги керак. Ҳақ динга даъват ва бошқа дин мансубларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш албатта бунга кирмайди.
Эркинликликлар мана шундай инсонийликка ярашадиган, шахс ва жамият тараққиётига асос бўлгандагина ижобий қадрият ўрнида кўрилади.
Ижобий Эркинликлар қандай қўлга киритилади?
Бу саволга жавоб бериш учун жамиятни кўп вагонли поезд шаклида тасаввур қилишимиз керак бўлади. Маълумки, поездни ҳаракат қилдирадиган куч унинг локомотивидир. Жамиятни ҳаракат қилдирадиган куч эса уни тараққиётга бошлайдиган сиёсий ва маърифий кучдир. Бундай ҳаракат аввало мана шундай ижобий Эркинликларни ўзига байроқ қилиб олган ва уларни ўз шахсида мужассамлаштирган инсонлар тарафидан ташкил қилинади ва бошқарилади. Ўзбекистон Халқ Ҳаракати халиқмизнинг мана шундай маърифатпарвар ва тараққийпарвар вакиллари тарафидан ташкил қилинган. Шу муносабат билан ЎХҲ асосий шиорларини яна бир марта муҳтарам ҳамюртларимизга хотирлатмоқчи эдим:
Булар қуйидагилардан иборатдир:
– Шиоримиз “Ўзбекистонда Ислом Каримов диктатураси ўрнига Эркинлик ва Адолатга асосланган янги жамият” қуришдир.
Ғоямиз (мафкурамиз) Ижобий эркинликлар, миллий (миллатчилик эмас) ва эътиқодий қадриятларнинг мутаносиблигидир, яъни шахс ва жамият тараққиётининг ўрта, мўътадил йўлидир.
ЎХҲ ҳаракатининг халқимизнинг илғор вакиллари тарафидан қўллаб -қувватланиши натижасида ҳозирги Ислом Каримов диктатураси ўрнига янги жамият қуриш имконини қўлга киритишимизга шубҳа қилмаймиз.
Йўқолсин Ўзбекистонда Каримов диктатураси!
Яшасин Эркинлик ва Адолат!
ЎХҲ билан ҳамкорлик қилинг!
Намоз Нормўмин
ЎХҲ Муассислар Мажлисининг аъзоси ва мувофиқлаштирувчиси
4 февраль 2013 йил.