O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Эрк Демократик Партияси “АОКА”ни судга беради

Эрк Демократик Партияси “АОКА”ни судга беради
721 views
22 May 2021 - 12:21

2016 йил декабрда бўлиб ўтган сайловлар ортидан расман президентлик мақомини қўлга киритган Шавкат Мирзиёев мамлакатда оммавий ахборот воситаларига тўла эркинлик берилиши ҳақида кўплаб ваъдалар берганди.

Президентнинг бундай баёнотлари ортидан кўплаб ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистонда таъқиқланган ахборот ресурлари рўйхати ва уларга қўйилган таъқиқ сабабларининг жамоатчиликка очиқланишини талаб қилиб чиқишди.

Шундан сўнг бу масалада узоқ вақт сукут сақлаган ҳукумат Ўзбекистон Олий Судининг 2019 йил 12 мартда қабул қилган ҳал қилув қарори билан интернет жаҳон ахборот тармоғида таъқиқланган веб-сайтлар ҳамда “Facebook”, “Youtube” ва “Telegram” ахборот ресурслари ва ижтимоий тармоқлардаги профиль, канал ва саҳифалар рўйхати тасдиқланганини маълум қилди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги сайтида эълон қилинган ва 40 та ахборот ресурсни ўз ичига олган рўйхатда уларнинг Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 30 июлдаги “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунининг 11-моддасига мувофиқ экстремистик деб топилгани маълум қилинган.

Аммо бугунги кунда мамлакатда диний мазмундаги ахборот ресурслар билан бир қаторда сиёсий ҳаракатлар ва партияларга оид интернет ресурслар ҳам таъқиқ остида қолмоқда. Мамлакат ичкарисида таъқиқланган сиёсий мазмундаги ахборот ресурсларнинг рўйхати ва уларга қўйилган таъқиқ сабаблари борасида шу кунгача ҳеч қандай расмий изоҳ берилмаган.

Хусусан Адлия вазирлиги томонидан расмий рўйхатга олинган мухолифатдаги Эрк Демократик Партиясининг 2021 йил январь ойида қайта очилган интернет саҳифасига ҳам мамлакат ичкарисида таъқиқ қўйилган.

Сайтга қўйилган чеклов учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 сентябрда қабул қилинган “Бутунжаҳон интернет тармоғида ахборот хавфсизлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори асос қилиб кўрсатилган.

Ушбу қарорга кўра Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи Реестри шакллантирилиши белгиланган. Реестрни шакллантириш ваколати Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича марказига берилган.

Марказнинг бирон ахборот ресурсини таъқиқланган Интернет тармоғи Реестрига киритиши учун «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 121-моддаси ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши белгиланган.

Мазкур моддага мувофиқ веб-сайтнинг ёхуд бошқа ахборот ресурсининг эгаси, шу жумладан блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтидан ёхуд бошқа ахборот ресурсидан:

Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этиш;

оммавий тартибсизликларга, фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга, шунингдек белгиланган тартибни бузган ҳолда ўтказиладиган йиғилишлар, митингларда, кўча юришларида ва намойишларда иштирок этишга даъват қилиш, шунингдек мазкур ноқонуний ҳаракатларни мувофиқлаштириш;

жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборот тарқатиш;

уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш;

давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ошкор этиш;

миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, шунингдек фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ахборотни тарқатиш;

жамиятга, давлатга, давлат рамзларига ҳурматсизликни намоён этувчи, шу жумладан беодоблик билан ифодаланган ахборотни тарқатиш;

гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ва прекурсорларни тарғиб қилиш;

порнографияни, зўравонликни ва шафқатсизликни тарғиб қилиш, шунингдек ўз жонига қасд қилишга даъват этиш;

фуқароларни, шу жумладан вояга етмаган шахсларни уларнинг ҳаётига ва (ёки) соғлиғига ёхуд ўзга шахсларнинг ҳаётига ва (ёки) соғлиғига таҳдид солувчи ғайриҳуқуқий ҳаракатларни содир этишга ундашга ёки бошқа тарзда жалб қилишга қаратилган ахборотни тарқатиш;

қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган ўзга ҳаракатларни содир этиш мақсадларида фойдаланилишига йўл қўймаслиги шарт.

Юқоридаги ҳолатлар аниқланган тақдирда эса Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича маркази веб саҳифани Интернет Реестрига киритиш бўйича қонунчиликда белгиланган тартибдаги процедурани бошлаши мумкин.

Шу билан бирга юқорида тилга олинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарорининг 41.бандига кўра, ушбу қарорнинг 1-бандида келтирилган ҳолатлар («Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 121-моддасида санаб ўтилган ҳолатлар) веб-сайт ва (ёки) веб-сайт саҳифасида жойлаштирилган ахборотга ушбу веб-сайт фойдаланувчилари томонидан қолдирилган шарҳлар матнида, шунингдек ижтимоий тармоқлар ёки мессенжерларда аниқланса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича маркази томонидан веб-сайт, веб-сайт ва (ёки) мессенжер саҳифаси эгаси, шунингдек блогерга Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборотларни олиб ташлаш тўғрисида хабарнома юборилиши белгилаб қўйилган.

Демак Эрк Демократик Партияси интернет саҳифасининг чекланиши учун асос сифатида кўрсатилган юқоридаги қарор талабларига кўра Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича маркази партия саҳифасини Интернет Реестрига киритиш ва унга чеклов қўйишдан олдин партия маъмуриятига Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборотларни олиб ташлаш тўғрисида хабарнома жўнатиши лозим эди.

Бироқ Эрк Демократик Партиясига шу кунга қадар мазкур марказдан ҳеч қандай хабарнома келиб тушмаган. Партия веб саҳифаси эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарорида белгиланган қонуний процедурага зид равишда тўсиб қўйилган.

Юқорида тилга олинган қарорга илова қилинган “Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи веб-сайтидан ва (ёки) веб-сайт саҳифаларидан фойдаланишни чеклаш тартиби тўғрисидаги Низом”нинг 5 бобига мувофиқ эса қуйидагилар Марказ томонидан тақиқланган ахборот мавжуд Интернет тармоғи ахборот ресурси идентификация маълумотларининг бир сутка давомида Реестрдан чиқарилиши учун асос бўлади дейилган:

  • Интернет тармоғи ахборот ресурси эгасининг тақиқланган ахборотни Интернет тармоғи ресурсидан ўчирилгани тўғрисида ёзма (электрон) мурожаати;
  • тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи ахборот ресурси идентификация маълумотларининг Реестрга киритилиши учун асос бўлган Марказ хулосаси ёки Эксперт комиссияси қарорини асоссиз деб ҳисоблаш ёки бекор қилиш тўғрисида суд қарорининг қонуний кучга кириши.

Аввал таъкидланганидек Марказ Эрк Демократик Партияси маъмуриятига Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборотларни олиб ташлаш тўғрисида хабарнома жўнатмаган. Шу сабаб партия сайтида қайси маълумотнинг Марказ томонидан таъқиқланган деб топилгани номаълум. Бу эса партиянинг тақиқланган ахборотни Интернет тармоғи ресурсидан ўчирилгани тўғрисида ёзма (электрон) мурожаат қилиш ҳуқуқидан фойдаланишини чекламоқда.

Мазкур ҳолатларни инобатга олган ҳолда Эрк Демократик Партияси маъмурияти қонунчиликда белгиланган ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда партия веб саҳифасининг Реестрга киритилиши ва унга чеклов қўйилиши учун асос бўлган Марказ хулосаси ёки Эксперт комиссияси қарорини асоссиз деб ҳисоблаш ва бекор қилиш тўғрисида судга мурожаат қилишини маълум қилади.

Бу борадаги процессуал ҳаракатлар бошланиши билан жамоатчиликка атрофлича маълумот бериб борилади.

Ўзбекистон Эрк Демократик Партияси Таҳлил бўлими