O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ЭРК Демократик Партияси аъзоларига босимлар бошланди

ЭРК Демократик Партияси аъзоларига босимлар бошланди
777 views
06 July 2021 - 11:08

Эрк Демократик Партиясига аъзо бўлган ва аъзо бўлиш истагида мурожаат қилаётган фуқароларга нисбатан куч ишлатар тизимлари томонидан босимлар бошланди.

Уларни ўз яшаш жойидаги Ички Ишлар бўлимларига чақиртиришиб сўроқ беришга мажбур қилишяпти. Шу бугун Эрк Демократик Партиясининг янги аъоси Олимжон Рахимовни Олмазор тумани Ички Ишлар бўлимига чақиртириб, ундан нега Эрк Демократик Партиясига аъзо бўлгани ҳақида сўраб, ноқонуний равишда тергов ҳаракатлари ўтказилган.

Чақирув қоғозига Олимжон Рахимовни “гувоҳ” сифатида чақиришгани ёзилган бироқ қайси ҳодиса ёки воқеа учун гувоҳлик бериши кўрсатиб ўтилмаган. Фақатгина капитан Б.Х. Ҳолиқий исмли тергов ходимининг исми-шарифи келтирилган расмий тергов чақирув қоғози остига муҳр атайлаб ярим ҳолатида, кўринмас шаклда босилганини кўриш мумкин.

Бир неча кун аввал исмлари сир қолишини истаган, турли вилоятлардан партияга аъзо бўлган одамлар уларга босим бўлаётганлиги учун партия аъзолигидан чиқиш истагида эканлигини айтиб бизга мурожаат қилишди. Ўзбекистон ДХХнинг ҳакерлари томонидан партия аъзоларининг шахсий маълумотларини қўлга киритиш мақсадида Эрк Демократик Партиясининг электрон почта, телеграм ва бошқа акаунтларига ҳужумлар уюштирилди.

Партиямизнинг янги, фаол бўлиб турган аъзоларининг шахсий маълумотлари қонунга зид равишда “Салай-Ҳақназар” номли тролл фейсбук саҳифасида очиқланди. Шунга қарамай Эрк Демократик Партиясига аъзо бўлиш истагида бўлган эркин фикрли ҳамюртларимиздан мурожаатлар келиб тушмоқда.

Эрк Демократик Партиясининг аъзолари сони кундан кунга ошиб бормоқда. Партиямизга келиб қўшилаётган янги аъзолар ва бизга хайрихоҳ бўлиб турган ватандошларимизни сиёсий фаол бўлиб, халқ манфаатлари йўлида бирга дадил ҳаракат қилишга чорлаймиз!

Эрк Демократик Партияси ўлароқ куч ишлатар тизимлар томонидан ўзбек ёшларининг сиёсий фаоллигини бўғишга қаратилган бундай ҳаракатларни кескин қоралаймиз. Шу билан бирга ўзбек ва дунё жамоатчилигини Ўзбекистонда бўлаётган бўлаётган жараёнларга бефарқ бўлмасликка, мухолиф сиёсий ҳаракатларга қарши ўзбек куч ишлатар тизимлар томонидан қилинаётган босимларга нисбатан ўз муносабатини билдиришга чақирамиз!

Эрк Демократик Партияси ахборот бўлими