ҚАЙТА ҚУРИШ ЙИЛЛАРИДА ЁЗИЛГАН МАҚОЛАЛАР
(1985-1991)
“ЭРК” ПАРТИЯСИНИНГ ФАВҚУЛОДДА 2-ҚУРУЛТОЙИДАГИ НУТҚ
Тарихда шундай бир даврлар бўладики, унинг соати йилларга, йили асрларга тенг келади. Бу ҳақиқат шу кунгача биз учун бир образ, китобий таъбир эди. Бугун бу нарса кўз ўнгимизда турибди. Биз шу буюк воқеанинг шоҳиди бўлдик. 19 августда содир бўлган давлат тўнтариши ва унга қарши кўтарилган мардонавор халқ ҳаракати бу ҳақиқатни намойиш этди.
Қайта қуриш деб номланган олти йиллик тарихий жараённинг 19 августгача бўлган қисми бир давр бўлса, ундан кейинги ўтган олти кун мутлақо бошқа даврдир. Бу инқлоб шу қадар тез юз берди-ки, уни ҳамон ақлга сиғдира олмаяпмиз. Чунки, ўша таҳликали уч кун ичида биз ўтган демократик йўлнинг масофаси қайта қуриш кечган олти йиллик масофадан каттароқдир. Ва бу икки инқилобнинг принсипиал фарқи шунда-ки, биринчи иинқилоб тепадан бошланган бўлса, иккинчи инқилобнинг ижодкори халқнинг ўзи бўлди.
Худди шунингдек, олти йил ичида митингларда қатнашган халқдан 19 августда кўчага чиққан халқ мутлақо фарқ қиларди. Бу халқ шу кунгача мавжуд тузумни танқид қилиб келган бўлса, энди бу тузумни бутунлай алмаштиришни талаб қила бошлади. Аввал милитсия тўқмоғига қарши турган бўлса, бу сафар танкларга қарши, бир сўз билан айтганда, ўлим билан юзма-юз турди. Жамиятдаги бу динамизм Совет Иттифоқи деб аталган мамлакат тарихини кескин бурилишга олиб келди.
Лекин шуни ҳам унутмаслик керак-ки, 19 августда ўлимга рўпара турган бу халқни ўша қайта қуриш тайёрлади. Бугун демократия ғалабасидан бошимиз айланиб, “қайта қуриш ва Горбачевни Елсин қутқарди, Совет Иттифоқини Русия қутқарди” демоқдамиз. Чиндан халос этган нарса ўша “боши берк кўчага кириб қолган қайта қуриш” эди. Шу маънода Горбачев ўзини ўзи қутқарди, шу маънода, ўз-ўзининг халоскори бўлди. Шу маънода, қайта қуриш асло боши берк кўчага киргани йўқ, аксинча, у бугун ўзининг ғалабасини нишонлаяпти. Қайта қуриш ҳеч қачон бугунгидай юксакликка кўтарилмаган эди.
Мухолифлар “халқ оч-яланғоч, жиноятчилик кучаймоқда, иқтисодий бўҳрон чуқурлашмоқда, сенинг демократиянг нима берди?”, дея савол бермоқдалар. Тўғри, халқ оч. Лекин бунга демократиянинг нима алоқаси бор? Тўғри, жиноятчилик кучаймоқда. Лекин демократияда айб нима? Тўғри иқтисодий бўҳрон чуқурлашмоқда, уни демократия чуқурлаштирдими? Аксинча бу фожеалар демократия ҳамон тўсиққа учраётганидан, ҳамон қуруқ сўз бўлиб қолаётганидан, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳаётимизга сингиб кетмаётганидан эмасми?
Шуниси қизиқки, давлат тўнтаришни ташкил этган ҳарбий-партиявий хунта ҳам айнан ўша халқнинг очлигини, иқтисодий бўҳроннинг чуқурлигини рўкач қилиб майдонга чиқди. У бир ҳафта ичида аҳволни тубдан ўзгартиришга въда берди. Бунинг далили сифатида Московдани дўконларда узоқ кутилган озиқ-овқатлар пайдо бўлди. Агар хунта яна беш-ўн кун яшаса, бу неъматлар бошқа шаҳарлар дўконларида ҳам пайдо бўлар эди. Бунга шубҳа йўқ. Лекин халқ алданмади. У нон эмас, озодликни танлади. Чунки, бу халқ ҳатто нон ҳам озодлик ўрнини босишга қодир эмслигини англаган халқ эди. Мен халқ деганда рус халқини назарда тутаяпман. Бу ҳақиқатни тан олиш керак. Зотан, хунтанинг йўлини тўсган асосий куч — московликлар ва Русия ҳукумати бўлди.
Хунта ўз режаларини эълон қилгандан сўнг, баъзи жумҳуриятларда иккиланиш яққол кўзга ташланди. Нафақат жумҳуриятларда, балки чет эл давлатларининг деярли ҳаммаси дастлабки соатларда берган маълумотларида хунтага қарши бирор гап айтолмади. Фақат халқнинг қўзғолонини кўриб, унга суянадиган Русия ҳукуматининг журъатини кўриб, иккиланганлар қарори қатъийлаша бошлади. Фақат шундан кейингина улар совет халқини қўллай бошлади. Бундан келиб чиқадиган сабоқ шуки, фақат халқнинг ўзигина ўзини қутқариши мумкин. Агар халқ уйғонмаса, чет эл ҳам, унинг иқтисодий ёрдами ҳам унга нажот бўла олмас экан.
Яна бир сабоқ бор. Буниси маънавий сабоқдир. Хунта даврида иккинланган жумҳуриятлар ҳам эришилган ғалабдан баҳраманд бўлажаклар. Худога шукр. Аммо биз шуни унутмаслигимиз керак-ки, ҳеч қачон ҳеч бир халқ бошқа бир халқ кураши эвазига озод бўлмаган. Агар бўлса ҳам, бу озодлик унга татимаслиги аниқ. Чунки, бу совға қилинган озодликни ҳимоя қиладиган халқ бўлиши керак. Акс ҳолда бунда озодлик қанча тез қўлга киритилган бўлса, шунча тез йўқотилиши муқаррар. Ҳеч ким танк олдига ётиб, Конститутсияни муҳофаза этмайди, чунки, халқ Конститутсия нима эканлигини билмайди. Ҳеч ким “демократия учун” дея ўққа кўкрак тутмайди, чунки, халқ нонни озодликдан устун қўяди. Ҳеч ким президентни ҳимоя қилиб кўчага чиқмайди, чунки, бу халқни кўчага чиқаришга ўргатишмаган. Хуллас, совға қилинган озодликни фақат ўша совға қилган халққина ҳимоя этишга қодир. Ҳали “ҳимоя қиламан”, деб кепқолмса яхшийди. Бу аччиқ ҳақиқат ва унга тик қарай билишимиз керак. Ва айнан шу сабаб, “Эрк” партиясининг биринчи вазифаси — халқни уйғотишдир. Бусиз мустақиллик бугунгидай қоғозда қолаверади.
Халқлар устида уч кун осилиб турган таҳлика Ўзбекистонга қандай таъсир қилди? Биз ўзимизни қандай тутдик? Эҳтимол… Хуллас, “эҳтимол”лар кўп. Шахсан мен бу таҳликали кунларда кўрганим — бир лавҳани ҳеч унутолмайман. Йигирманчи август куни жумҳуриятимиз ташкил қилган мажлисда Шайхов ва Ўразаев деган депутатлар чиқиб, хунтанинг бошлиғи ҳақида “ўртоқ Янаев ҳам айтдилар, Ўзбекистонга қўшин киритишга ҳожат йўқ экан”, деганларида ер ёрилиб, ерга кирмадим. Чунки бу вазиятда “қўшин кирмагани” биз учун шараф эмас эди. Чунки, бу қўшин қонунни ҳимоя қилиш учун эмас, қонунни топташ учун кирар эди.
Айтмоқчиманки, шубҳасиз, зиёлилардан бўлган ва шубҳасиз, ўзларини инсонпарвар сананган бу одамларнинг фаросати бўлса, ўқимаган, далада умр бўйи кетмон чопаётган деҳқондан — халқимизнинг қарийб саксон фойизини ташкил қилувчи оммадан хафа бўлишга ҳаққимиз йўқ.
“Эрк” тутган позитсияга келсак, бу ҳаммангизга маълум. Демократик партия ўлароқ, “Эрк” биринчи куниёқ бу машъум тўнтаришга ўз муносабатини билдирди. Унинг хунтага қарши Баёноти ва Елсинга мадад телеграммаси шу куниёқ дунёга тарқатилди. Маҳаллий матбуотда эълон қилиш имкони бўлмаганидан, бу ҳужжатлар чет эл радиостансияларидан, хусусан, “Свобода” ва “Свободная Европа”лардан ўқиб эшиттирилди.
Бу тарихий воқеадан учта хулоса чиқади:
1. Мавжуд система қанчалик демократияга интилмасин, жамият учун хавфли бўлган ва уни ўн йиллар ортга улоқтириб ташлашга қодир механизмни ўзида сақлаб келаяпти. Горбачев давлат тўнтарилишигача учта кеманинг бошини тутиб келди: КПСС раҳбари, Президент, ва Бош қўмондонлик вазифалари. Шу учта кучни қўлган олиш учун хунтанинг битта одамни — Горбачевни четлаштириши кифоя қилди. Бир-неча соат ичида улкан бир мамлакат реал хавф остида қолди. Демак, токи ҳуқуқий давлат тузилмас экан, ҳокимиятлар қатъий ажратилмас экан, давлат тўнтарилиши хавфи туғаверади.
2. Ҳар қандай “суверен давлат” деб аталган субъектнинг ўзини ҳимоя қиладиган армияси бўлиши шарт. Акс ҳолда, бу “суверенлик” сохтадир.
Буни Русия ҳукумати хунта хуруж қилаётган кунларда чуқур тушунди. Буни Ўзбекистон ҳукумати ҳам тушунмоғи лозим.
3. Биз тўла мустақил бўлмас эканмиз, фақат иқтисодий эмас, сиёсий ҳам мустақил бўлмас эканмиз, ҳеч қандай янгиланган “федератсия” бизга нажот бўлолмайди. Чунки, бу система ҳамон бир шахс идорасига боғлиқ бўлган система бўлиб қолаяпти. Бугун Елсин бор, Горбачев бор. Лекин эртага Янаев келмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Кафолат — фақат халқимизнинг тўла мустақиллигидир.
Бу ҳақиқатни сўнгги икки кун ичида Совет Иттифоқида юз берган воқеалар исбот қилиб турибди.
Давлат тўнтаришидан кейин мамлакатдаги сиёсий вазият янада шиддатлироқ ўзгара бошлади: КПСС сиёсий партия сифатида парчаланди. Мустақилликка ўтиш даври кечаётган иккита болтиқбўйи жумҳуриятлари — Эстония ва Латвия ўзларининг тўла мустақиллигини эълон қилдилар.
Кеча Украина парламенти ҳам бу бу жумҳуриятнинг тўла мустақиллигини эълон қилди. Маълумки, тузилаётган “Иттифоқ шартномаси” асосан учта славян жумҳуриятлари — Русия, Украина, Белорусия ва Ўрта Осиё жумҳуриятлари билан Қозоғистон ўрталарида тузилиши мўлжалланаётган эди. Бу субъектлар ичида энг нуфузлиси — Украина Иттифоқдан чиқиб кетар экан, “Иттифоқ шартномаси” аввалги моҳиятини сақлаб қололмайди.
Бу воқеа шу кунгача “Шартнома”нинг марказий субъектларидан бири бўлиб турган Русиянинг ҳам позитсиясини ўзгартириши муқаррар.
Бу ерда иккита вариантни тахмин қилиш мумкин. Биринчиси: Русия агар “Шартнома” тарафдори бўлса, аввал сўраётган имтиёзларини янада кенгайтиришга ҳаракат қилади ва бунга эришади ҳам. У ҳолда бугунги Марказ ўзининг марказлигини йўқотади ва Русия Марказга айланади. Бу янги вазият мустақилликка интилаётган Ўрта Осиё жумҳуриятларининг шу кунгача олиб бораётган сиёсатини кескин ўзгартиришини тақозо этади: улар ўз жумҳуриятларининг ҳам тўла мустақиллигини эълон қилишлари ёки янги тузилган марказлаштирилган бир давлатнинг бўлаклари сифатида қолишга мажбур бўлажаклар.
Иккинчи вариант: Русия ҳам Иттифоқдан чиқиб, ўзининг тўла мустақиллигини эълон қилиши мумкин. Бу ҳолда Иттифоқ ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.
Биз зудлик билан Ўзбекистон Олий Кенгашининг фавқулодда сессия чақиришини талаб қиламиз. Унда бугунги сиёсий вазият очиқ таҳлил этилиши лозим.
Ўзбекистоннинг тўла мустақиллигидан бошқа йўл йўқ. Бугунги тарихий имконни қўлдан бой бермаслигимиз керак.
1991 йил, 23 август
(38)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (174-178-саҳифалар.)