Муҳаммад Солиҳ
ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(4)
ОЙДИНЛИК САРИ
(давоми)
“Эрк” партиясининиг сиёсий ислоҳотлар бўйича қиладиган ишлари
“Эрк” партияси Ўзбекистон давлатини демократик давлатга айлантиришни ўзининг асосий мақсади деб билади.
Демократик давлат қуриш учун фақат демократик Конститусия қабул қилишнинг ўзи етмайди. Ўзбекистон халқи демократик Конститусияга эга, аммо бу Конститусия халқ ҳаётига ҳеч қандай яхшилик олиб келмади.
Халқнинг сиёсий иродаси устида Конститутсия эмас, қонунлар эмас, бошлиқ ва бошлиқчалар ҳукмронлик қилмоқда. Улар бугун Конститусия устида ўтиришибди.
Демократик давлат ўша Конститусияни бу тўраларнинг тагидан олиб, уни лозим юксакликка кўтара олсаккина, қурилади.
Ана шундай давлат жамиятдаги ҳар қандай бузғунчиликнинг олдини олишга қодир бўлади. Шундагина, давлатга сўл кучлар ҳам, соғ кучлар ҳам таҳлика сололмайди. Яъни, давлатда ҳақиқий тузум – демократик система вужудга келади.
Биз кучли давлат деганини шундай тушунамиз, болта кўтарган арбоблар галасини эмас.
Демократик система дегани нима?
Жўн бир мисол келтираман: Англияда ҳокимият бошига ирқчи бир шахс келиб қолди, дейлик. Бу шахс Англия давлат сиёсатини ирқчилик сиёсатига айлантира олмайди. Чунки, давлатнинг демократик механизми бу одамни муайян чегараларда ҳаракат қилишга мажбур этади. Борди-ю, бу шахс системага қаршилик қилса, система уни ҳокимиятдан улоқтириб ташлайди.
Демак, бундай тузумда бир фашист ёки телбанинг ҳокимиятга келиб қолиши ҳам эҳтимолдан узоқдир.
Энди демократик тузумга эга бўлмаган, фақат зўравонлик билан ҳокимиятни тутиб турган давлатларда тахтга Тошмат ўтирса, бутун давлат Тошмат сиёсатига, Эшмат ўтирса- Эшмат сиёсатига юради. Яъни, Тошмат билан Эшмат телбароқ бўлсалар, давлат сиёсати ҳам телба-тескари бўлади, улар сотқин бўлсалар, давлат ҳам, миллат ҳам мудҳиш таҳликада қолади.
Шунинг учун ҳам “Эрк” партияси демократик системага қурилган энг ишончли давлат бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди.