O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистон ЭРК Демократик Партияси Баёноти

Ўзбекистон ЭРК Демократик Партияси Баёноти
4,487 views
03 May 2021 - 7:00

БАЁНОТ

Заҳматкаш ўзбек халқи диктатор Каримов вафотидан сўнг иқтидорга келганлардан чинакам демократик ўзгаришларни: сиёсий ва иқтисодий, ҳуқуқий ва ижтимоий соҳаларда айни онда зудлик билан амалга оширилиши керак бўлган  ислоҳотларни буюк умид билан кутди.

Тан олиш керак, айрим соҳаларда жузъий-ижобий ўзгаришлар бўлди. Аммо бу ўзгаришлар янги муваққат президентлик даври ва сайловдан кейинги илк босқичда берилган ваъдаларнинг жуда оз қисмини қамради.

Жумладан, жамиятимизнинг 30 йил давомида орзиқиб кутган Сўз Эркинлиги ҳукуматдан шундоқ ҳам эркин бўлган интернет тармоғига ўлка ҳудудларида тўсиқларни камайтиришдагина кўринди.

Республика матбуоти Каримов давридаги қолипдан бир миллиметр ҳам чиққани йўқ.

Давлат ва ҳукумат Каримовнинг “аввал иқтисод кейин сиёсат” қабилидаги инсон руҳини кишанловчи сиёсатини баралла давом эттирди.

Мана шундай мураккаб жараёнда 1991 йилда расмий тан олиниб, Адлия вазирлигида қайд этилган Ўзбекистон “Эрк” Демократик Партияси ва бугунда Ўзбекистон фуқаролари тарафидан феълан тузилиб, таъсис этилган “Ҳақиқат ва Тараққиёт Социал-Демократик Партияси” ўз фаолиятларини Конституция берган ҳуқуқларга асосланиб, фаоллаша бошладилар.

Аммо жорий ҳукумат бу партияларга нисбатан худди 90-йиллардаги каби шантаж, иғво, қўрқитиш, туҳмат ва ҳакозо усуллар билан ҳужум қилиб, аввалги тоталитар режим анъанасини давом эттиришга майл кўрсатмоқда.

Ҳолбуки, мухолифат пайдо булгандан бери, яъни 30 апрел 1990 йилда таъсис этилган ЭРК партияси дастуридан бошлаб, то 2021 йил тузилган Ҳақиқат ва Тараққиёт Социал-Демократик Партияси дастурига қадар – ҳаммаси  ягона ғоя билан суғорилди: бу ўзбек давлатининг мустақиллиги, ўлканинг иқтисодий рафоҳи, миллатнинг маънавий равнақи ва унинг келажаги учун кураш ғояси эди.

Такдирнинг кинояси шуки, диктатор Каримов режими ҳам, унинг вориси бугунги иқтидор ҳам айни қадриятлар учун курашмокда гуё.

Унда муаммо қаерда?

Нега Ўзбекистонда сиёсий режимлар маданий давлатлардаги зикр этганимиз идеаллар учун мухолифат билан ёнма-ён меҳнат қилишдан ўтдан қўрққандай қўрқиб келяпти?

Чунки Ўзбекистондаги давлат раҳбарлари маданий давлатлардан фарқли ўларок иқтидорни ўз мулки деб билишади.

Маданий давлатларда мухолифат сиёсий иқтидорнинг муқоблидир. Бизнинг давлатда эса сиёсий иқтидор муқобили – унинг ўзидир.

Ўзбекистон Президенти ваъдаларидан илҳомланиб, халқ қатламлари тарафидан қурилган янги ташкилот Ҳақиқат ва Тараққиёт Социал Демократик Партияси фаоллари бу аччик ҳақиқатни ўз танасида синаб кўрмокда. Бу аччиқ ҳақиқатни ЭРК партияси фаоллари 31 йилдир синаб кўрди ва бу синовдан ҳали ҳам қутулганлари йўқ.

Афсуски, сиёсий иқтидор ваъдаларининг умри капалак умри кабидир.

Халқимизга эса капалак эмас, бургутлар керак. Ўзи каби сўзи ҳам бургут сиёсатчилар керак бу мамлакатга.

Ўзбекистон ҳукуматининг бугунги ички сиёсати, хусусан мухолифатга қарши олиб бораётган тазйиқлари ва қонунга зид ҳаракатлари жамиятда Каримов давридаги давлат террори об-ҳавосини яратяпти десак муболоға бўлмайди.

Бу ҳаксиз тазйиқлар сайловолди зарур бўлган истиқрорни кескин задалайди дея хавотирдамиз.

Биз ҳукуматни мухолифат партияларига уларнинг Конституцияда кўрсатилган ҳак-ҳуқуқларини бериб, расмий мақомига қўйилган тўсиқни олиб ташлашга яна бир марта чақирамиз.

Дунё жамоатчилигига Ўзбекистондаги сиёсий режимнинг аввалгисидан фарқ қилиши учун тезлик билан сиёсий реформалар ўтказишини талаб қилишини тавсия қиламиз

Ўзбекистон Эрк Демократик Партияси

3 май 2021 йил