O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Эрк партияси Марказий Кенгаши аъзоси Раҳмиддин Абраев қамоққа олинди

Эрк партияси Марказий Кенгаши аъзоси Раҳмиддин Абраев қамоққа олинди
671 views
17 August 2021 - 19:50

2021 йилнинг 16 август куни Ўзбекистон Эрк Демократик партияси Марказий Кенгаши аъзоси Раҳмиддин Абраев Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари томонидан қамоққа олинди.

Р. Абраевнинг яқинларининг маълум қилишича бундан уч йил олдин маиший жанжал туфайли жазога тортилган ва унинг ҳаракатланиши чекланган. Тайинланган жазонинг бир йили ўтаб бўлинган.

Р. Абраев шу йилнинг 26 май куни Эрк партиясининг Қурултойида қатнашиши учун Тошкент шаҳрига келганди. Бугун эса орадан уч ой ўтиб Абраевнинг яшаш манзилини рухсатсиз тарк этгани баҳонаси билан аввал тайинланган жазонинг қолган икки йилини қамоқда ўтказиш учун олиб кетишган.

Аслида эса бу Шавкат Мирзиёев ҳукуматининг яқинлашиб келаётган сайловлар олдидан мухолиф фикрловчиларга қарши авж олган репрессиясининг давоми эканига шубҳа йўқдир.

Раҳмиддин Абраев Ўзбекистонда танилиб бораётган ёш шоирдир. Унинг даъфатан қамалиши фақат сиёсатчиларни эмас адабиёт аҳлини ҳам ташвишлантириши керак деб ўйлаймиз. Унинг ҳимоясига фақат сиёсий фаоллар эмас, унинг шоир дўстлари ҳам кўмак беради деб умид қиламиз.

Раҳмиддин Абраев Эрк партияси Марказий Кенгаши аъзоси бўлиш баробарида партиянинг Телеграм тармоғидаги каналини ҳам бошқарарди ва фаол тарзда сиёсий мавзуларда жонли суҳбатлар олиб борарди.

Сайлов олди сиёсий репрессиялар мавжуд сиёсий режимнинг марҳум диктатор Ислом Каримов ўрнатган тоталитар режимдан фарқ қилмаслигини кўрсатмоқда. Ўтган беш йил мобайнида мамлакатда ҳеч қандай сиёсий ислоҳот ўтказилмагани, мухолиф партияларга рухсат берилмагани ва мухолифат аъзоларига нисбатан репрессияларнинг кучайтирилганига қарамасдан айрим ғарб давлатлари томонидан Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотчи сифатида эътироф этилиши бизни таажубга ва айни пайтда ташвишга солмоқда.

Бугунги кунда мухолифатга нисбатан Мирзиёев олиб бораётган ички сиёсат аслида И. Каримов яратган қаттол режимнинг давоми эканига ҳеч қандай шубҳа қолмади.

Маълумки жорий йилнинг 15 август куни Хитой экспансиясига қарши чиқишлари билан танилган фаол Валижон Калонов Жиззах вилоятининг Бахмал туманида ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши кураш ходимлари томонидан ушлаб кетилганди. Ундан олдин эса блогерлар Фозилхўжа Толибхўжа Ўғли ва Тўлқин Астанов ҳамда ҳуқуқ ҳимоячиси Акмал Шароповлар диний ва сиёсий айбловлар сабаб қамоққа олинганди.

Ўзбекистон Эрк Демократик партияси Мирзиёев бошчилигидаги ҳукуматнинг инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузувчи ва сўз эркинлигини бўғишга қаратилган мазкур ҳаракатларини кескин қоралайди ва сохта айбловлар билан ҳибсда қолаётган фаолларнинг зудлик билан озод қилинишини яна бир бор талаб қилади.

Ўзбекистон Эрк Демократик партияси матбуот хизмати