O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Эрк Партияси сайтига хакерлар ҳужум уюштирди

Эрк Партияси сайтига хакерлар ҳужум уюштирди
1,054 views
08 June 2021 - 20:26
2021 йилнинг 5 июнь куни оқшомида Ўзбекистон Эрк Демократик партиясининг uzer.org домаинидаги расмий сайти жойлашган серверга хакерлар ҳужуми уюштирилди.
Эрк партияси ушбу ҳужум ортида ўзбек махсус хизматлари турибди деб ҳисоблайди. Чунки айни шу куни, яъни 2021 йилнинг 5 июнь куни Эрк Демократик партиясига қарши ўзбек махсус хизматлари томонидан тузилган шаллақилар ва босқинчилар тўдаси ЭРК ДП Марказий Кенгаш аъзоси Бахтиёр Исобек хонадонига келиб моддий манфаат эвазига уни ўзлари томонга оғдириб олишга ҳаракат қилишганди.
Эрк ДП сайтига қилинган ҳужумни ўзбек ҳукумати томонидан мухолиф кучларга қарши уюштирилаётган турли хил фитналардан навбатдагиси дейиш мумкин.
Яқинлашиб келаётган сайловлар олдидан ўзбек ҳукуматининг ўз сиёсий рақибларига қарши куч ишлатар тизимлар воситасида уюштираётган фитналари ва босимлари тобора кучайиб бормоқда.
Шу йилнинг 7 июнь куни кечаси Эрк партияси котиби Бахтиёр Исобек ва партия Марказий Кенгаши аъзоси Саловат Умурзаковлар Ички ишлар бошқармасига чақиртирилиб сўроққа тутилган.
Ҳозирда Эрк партияси сайтини қайта ишга тушириш учун техник ходимлар иш олиб бормоқда. Эрк партияси маъмурияти юзага келган ноқулайлик туфайли ўз муштарийларидан узр сўрайди.
 
Ўзбекистон Эрк ДП матбуот бўлими