O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

«Эрк» — расмий партия

«Эрк» — расмий партия
257 views
28 August 2016 - 5:37

MS yo'lnoma_1Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(68)

«ЭРК» — РАСМИЙ ПАРТИЯ

5-сентябр  куни  «Эрк»  партияси  Адлия  вазири  томонидан расмий  партия  сифатида  рўйхатга  олинди.  Яна  бир  неча  кундан сўнг  «Бирлик»  ҳаракати  ҳам  расман  рўйхатдан ўтди. Бу, албатта, мухолифатнинг  ўлкада  ташкилотланиши  учун  катта  имконият яратарди.  «Эрк»чилар  йўлларга  тушдилар.  Бутун  жумҳурият миқёсида  ташкилотнинг  бўлимлари  тузилди,  аввал  тузилганлари мустаҳкамланди.  Халқ  ташкилотимизга  мислсиз  таважжуҳ кўрсатди.  91-йил  октябрига  келиб,  аъзоларимиз  сони  50  минг атрофида эди.

Мен  Президент  Ислом  Каримов  билан  бир-неча  марта учрашиб,  мухолифатнинг  янги  қурилаётган  давлат  учун  нақадар аҳамиятли  эканини  англатишга  интилдим.  Айни  фикрларни  Олий Кенгаш сессияларида ҳам давомли тилга келтирдим. Каримовга ҳар хил  вариантларда  доим  бир  нарсани  такрорладим:  бизнинг ташкилотимиз  учун  давлат  мустақиллиги  ҳар  нарсанинг  устида бўлган.  Бугунги  босқичда  ҳам  шундай.  Русия  ўзига  келмасдан олдин  бу  мустақилликни  мустаҳкамлаб  олишга  шошилишимиз керак,  давлатни  чинакамига  мустақил  қиладиган  иқтисодий  ва сиёсий  тадбирлар  олинмоғи  керак,  бу  ишлар  қилинса,  биз  бир мухолифат  ташкилоти  сифатида  сизнинг  ҳукуматни  қўллашга ҳозирмиз.  Бизга  на  мансаб,  на  шуҳрат  лозим,  биз  шу  Оллоҳ  ато қилган  ҳурриятимизни  сақлаб  қола  олсак,  биз  учун  етарлидир.

Фақат  сиз  ҳам  бизга  лутф  қилинг-да,  мухолифат  танқидини душманлик сифатида қабул қилманг, мухолифат ҳукуматни танқид қилиш  учун яратилган бир механизм, бутун дунёда шундай…

Мен  гапирар  экан,  бир  одам  иккинчисига  умум  манфаат ҳақида  гапиргани  каби,  ўйин  қилмасдан,  самимий  гапирардим. Фақат бу гапларни самимий эшитган Президент, мен Олий Кенгаш минбаридан  чиқиб,  ҳукуматни  танқид  қилганим  заҳот,  дарров тўнини  тескари  кийиб  оларди.  Биз  буни  ўзаро  гаплашдик-ку,  нега яна  минбардан  гапиради,  дея  жиғибийрони  чиқарди.  Муаммоси бўлса,  менга  ими-жимида  айтсин,  мен  ҳал  қиламан-ку,  деб  хафа бўларди.  Аммо  мен  бу  муаммоларнинг  «ими-жимида»  ҳал бўлишини  истамасдим.  Бу  муаммолар  Президентнинг  кайфий буйруқлари  билан  эмас,  қонун  асосида  ечилишини  орзу  қилардим.

Ўлкадаги аҳвол битта кишининг кайфиятига қараб ўзгариб туриши — мамлакатни қоунсизликка судрайди, деб ўйлардим. Албатта,  менинг  орзуларим  эрта  пишган  орзулар  эди.

Мендаги  оптимизм  коммунистларни  баҳолашда  панд  берди, аммо уни  ўзгартириш  менинг  ихтиёримда  эмасди.  Мен  орзу қилишга ва орзуларни  имкон  бор  жойда  тилга  келтиришга  маҳкум  эдим. Талашиб-тортишиб  «Эрк»  партиясининг  ойда  бир  марта  30 дақиқалик  телевизион  программаси  учун  Каримовдан  рухсат ундирдим.  Аммо  бу  программа  сентябр-октябр  ойида  икки марта эфирга чиқди ва таъқиқланди. Президент ўз саҳоватига чидолмади. «Эрк»чилар  шу  икки  ойнинг  олтмиш  минутида  ёқимсиз  гапларни шу  қадар  кўп  гапириб  ташладилар-ки,  бу  60  минут  ҳукуматга  60 кун каби кўриниб кетди ва программа таъқиқланди.

Яна  тарғиботимизнинг  асос  минбари  «Эрк»  газетаси  бўлиб қолди.  Бу  ҳам  оз  эмас  эди.  Газета  расмий  рўйхатдан  ўтгандан сўнгра  тиражи  бирдан  юксалди.  Бир  марта  100  мингга  чиқди. Босмахона  мудирлари  «Эрк»дан  ортиқча  бир  неча  минг  босиб, ўзлари  сотиб  «бизнес»  қилабошлагани  маълум  бўлди.  Биз  бунга индамадик. «Эрк» халқ ўртасида тарқалса, бўлди деб ҳисобладик.

Чунки,  алтернатив  матбуот  аҳоли  учун  ўша  йили  купонга берилаётган ёғ ва шакар каби муҳим эди. 91-йилда  Марказий  «Эрк»  газетаси  билан  бир  қаторда  яна тўртта  вилоят  газетасини  чиқара  бошладик.  Бу  газеталар  ўз минтақаларида  тез  обрў  қозонди.  Одамлар  ортиқ коммунистларнинг  матбуотига  эмас,  бизнинг  газеталарга  ўз дардини  айта  бошлади.  Бу  қисқа,  бир  йил  ҳам  давом  этмаган матбуот  эркинлиги  ҳукумат  писанд  қилмаётган  аҳолининг плюрализмга етарли даражада тайёр эканлигини кўрсатди.

(давоми бор)