“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/36-сонли колонияда жазо муддатини ўтаётган ҳуқуқ фаоли ва мухолифатчи Исроил Холдоров Тошкент вилояти Зангиота тумани Назарбек аҳоли пунктидаги 64/66-сонли манзил колонияга ўтказилган. Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти 19 декабрь куни хабар қилди.
Айтилишича, Исроил Холдоров Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг ажрими билан жазо муддатининг 3/2 қисмини ўтаб бўлгани ва муносиб хулқ-атворда тавсифлангани учун манзил колонияга ўтказилган.
“Эзгyлик” жамияти ўз баёнотида Исроил Холдоровнинг манзил колонияга чиқарилишини ижобий воқеа сифатида баҳолаб, унинг яқин орада озод қилинишига умид билдирган.
Эслатиб ўтамиз, Исроил Холдоров 2006 йилнинг 4 июнида Ўзбекистон “Эрк” демокартик партиясининг Андижон вилояти бўлими раиси сифатида Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти суди томонидан конституциявий тузумга тажовуз ҳамда давлат чегараларини ғайриқонуний равишда кесиб ўтишда айбланиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Дастлабки муддат тугатиш ортидан Холдоровга берилган жазо яна икки марта узайтирилди.
ЎХҲ ахборот бўлими