O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“ЭРК” яқинда Ўзбекистоннинг сиёсий аренасига чиқажак

“ЭРК” яқинда Ўзбекистоннинг сиёсий аренасига чиқажак
284 views
26 June 2013 - 10:13

Ўзбекистон аҳли мана 23 йилдирки, ўзига хос ва ўзига мос режимда яшамоқда. Яъни, порахўр оладиган порасига, камбағал камбағаллигига ва оддий фуқаро эса тенгсизликка, адолатсизликка кўниккан ҳолда.

Мамлакат ичкарисига, мардикорлардан тушаётган катта миқдорда валюта, истеъмол бозорида айланаяпти. Мамлакатдаги бу факт фуқароларимизнинг истеъмол молларга бўлган харид имкониятини ошираяпти. Мардикорнинг четдан юбораётган жўнатмаларининг ҳақиқий ҳисоби, йилига $10 миллиарддан кўпроқ. Бундай молиявий имкониятга эга бўлган мамлакат аҳлини, ёмон яшайди дейиш ноўриндир. Унинг устига, валюта халқимизнинг қўлидан ўтиб, кейин умумий бозорга тушаяпти.

Халқимизнинг яхши хусусиятларидан бири, шахсий пулига тежамкорлиги ва пулни керак вақтда ва керак мақсадда ишлата билишидадир. Келажакда, мамлакатни тараққиёт йўлига бошлайдиган иқтисодчи-тадқиқотчилар, халқимизнинг бу хусусиятларини, ўз лойиҳаларида акс эттирадилар, деган умиддаман.

Миллатимиз охирги 100 йилдан кўпроқ вақт давомида, чор Россияси ва коммунистлар зулмида яшади. Энди халқ Каримовлар оиласи манфаатлари учун мамлакатда амалга оширилаётган зулм остида яшамоқда.

Миллийлиги ислом билан чамбарчас боғлиқ бўлган, халқимизнинг бугунги куни, қаровсиз ва ғоясиз бўлиб бормоқда. Каримов жорий қилган ижтимоий ҳимоясиз режимда, халқимиз ўз арбоби яхшилигини кутавермасдан, ҳорижда мардикор бўлиб, ватанда оиласининг келажагини қураяпти. Қойилман! Бундай халққа таъзим қилса арзийди.

Мамлакатда саноқли корхоналаргина чала ярим ишлаяпти. Халқнинг катта қисми бу фактни колоқлигимиздан, деб ҳисоблайди. Шунинг учун ҳам мамлакатдаги кўпгина ишсизлар, сиёсий режимни ўзгартирганда, жамиятнинг иқтисодий ва ижтимоий юксалиш имкониятларига ишонмаяптилар. Бу фактор халқимизнинг зулмга қарши бош кўтамаслигининг яна бир сабабларидандир.

Режим табиати, порахўрликни рағбатлантирувчи катта кучга эга. Шу сабабли ҳам, жамиятимизда порахўрлик иллати оммавий тус олган. Бозордаги оддий савдогар ҳам, мактабдаги ўқитувчи ҳам, давлат аппаратидаги мутасаддилар ҳам, ноқонуний даромад йўлни излайди ва топаяпти. Порахўр ўзининг инқилобий кайфиятини кўрсатишдан қўрқади. Ваҳоланки, порани олгандан кейин, сарф ҳаражатларда, порахўрга ҳам адолат керак.

Талабаларнинг аксарият қисми, олийгоҳларга ота-оналаринг берган поралари эвазига ўқишга кирганлар. Фактлар шуни кўрсатаяптики, талабалар ўқув жараёнлари давомида, ўқишга жуда кам қатнашади ёки умуман қатнашмайди. Пора билан ишларини тўғирлайди. Порага суяниб ўқиётган ҳар бир талабанинг инқилобга хайрихоҳлик билдириши қийин. Ишга ўрнашиш, асосан таниш-билишчилик ва порахўрлик билан амалга оширилади. Пора билан ишга кирган ҳар бир ишчи ва хизматчи, инқилоб учун ўз ишидан айрилгиси келмайди.

Бу айтилган фактларнинг барчаси, режимнинг моҳиятидан келиб чиқаяпти. Ночор халқ, ўзининг ноқонуний тирикчилигига ўрганган. Бу кўримсиз амалларида, халқимизни айблаб бўлмайди.

***

1991 йили мустақил давлатнинг мустақил президенти ҳеч қандай сиёсий кучга суянмаган ҳолда, Москванинг енгил қўли билан лавозимга ўтириб олди. Амал курсисининг ҳимоясини ўйлаган Каримов, мамлакатдаги сиёсий кучлардан “қутулиш” йўлларини излади ва топди.

Она заминимизда ва бутун дунёда дини Ислом азалдан жамиятни маънавий юксалтируви куч бўлиб хизмат қилиб келган. Дини Исломнинг маънавий ва тараққийпарварлик кучини сезган Каримов, унга шайтоний илм билан қарши турди. Диний экстремизм ва терроризм ниқоби остида Исломий жамоаларни таъқиб остига олди. Кўпгина диний илм соҳибларини ва курашчиларини қамоққа ташлади. Жисмонан йўқ қилди.

Мустақилликкача пайдо бўлган сиёсий кучга, “Эрк” партиясига тажовузлик қилди. Унинг лидери ва кўпгина раҳбарият аъзолари, мухожиротда яшашга мажбур бўлдилар ва яшаяптилар. Бугун ўн нафардан кўпроқ “Эрк” партияси аъзолари, ҳамон қамоқда.

Каримов мамлакат сиёсий майдонида, Ўзбекистоннинг буюк келажагини қура оладиган ва фуқаролар осойишталигини таъминлайдиган ягона шахс сифатида якка ҳоким (диктатор) бўлиб олди.

Бугун “Эрк” партиясини асосан 50-60 ёшдан ўтган инсонлар ташкил қиладилар. Улар чет элларда, Тошкент шаҳар ва вилоятларда истиқомат қиладилар. Бугун юртимиздаги партия аъзоларимиз зиммасига янги аъзоларни қабул қилиш юклатилган. Бунинг ўзига яраша қийинчиликлари бўлишига қарамасдан, акция анча муваффақиятли ўтказилаяпти.

Шу пайтгача яширин иш олиб борган “Эрк” партияси, энди очиқча фаолият кўрсатишга ўтди.

Бугун Ўзбекистоннинг мазлум халқи, Каримов режимидан безиллаган. Шу билан бирга, режимдан нафратланган халқ ўзиниг ижтимоий ва сиёсий талабларини ҳокимиятга етказа олмаяпти. Халқаро ҳамжамият олдида мутлақо обрўси йўқ Каримов режими халқ учун бирор яхшилик қилишга қодир эмас.

Мана 23 йилдирки, ҳеч қандай сиёсий кучга эга бўлмаган режим, фақат қўрқитув амаллари билангина ҳокимиятда ўтирибди.

Режим ўз умрининг сўнгги кунларини яшаяпти. Ўзбек президентнинг соғлиги, халқаро сиёсий ва иқтисодий вазият, Исломнинг ва мусулмон мамлакатларнинг бугуни тараққиёти, мамлакат сиёсатига ўзгартиш киритилишини тақозо қилаяпти. Бу сиёсий шаротни тушуниб, ўзини тушунмаганликка солаётган юртбошимизнинг, ҳали тахтдан кетиш кайфияти йўқ. Аммо лекин, вақт улуғ ҳакам.

Инсонларимиз қалбида, мамлакат раҳбарига бўлган нафратлар қанчалар кучли бўлишига қарамасдан “Каримов кет!” дейишга ҳали халқимизнинг журъати етмаяпти. Сабаби мамлакатда:

-Инсон ҳуқуқлари ҳимояланмаяпти.
-Матбуот эркинлиги йўқ.
-Келажаги буюк давлатда демократия йўқ.
-Халқ президентга ва раҳбарларга ишонмайди.
-Ҳокимият билан халқ орасидаги муносабат, умидсиз ва ночор аҳволда.
-Халқ мухолифатни кўрмаяпти.

Бизнинг, яъни “Эрк” партияси аъзоларининг, халққа чиқишимизда, босимлар кучли бўлаяпти. Шунинг учун ҳам кўпчилик бизга қилинаёган босимларни эшитиб ва кўриб аъзо бўлишдан қўрқаяпти.

Аммо, аъзо бўлиш жараёни барибир аста-секин давом этаяпти.
Халқ ҳукумат олдида ўзининг иқтисодий ва ижтимоий талабини қўя билса, мамлакатда мухолиф кучлар пайдо бўлади ва у ривожланади. Бу шаритда мухолифат, ўзининг сиёсий кучи билан оммани бошқаришга қодир бўлади.

Президент ўзи барпо қилган яккаҳокимлик шароити билан халқда катта қўрқув уйғотиб қўйди. Лекин бу қўрқув мардлар майдонга чиққан куни, халқ қалбидан эриб йўқ бўлиб кетади. Ўйлайман-ки, мардлар майдонга чиқсалар, куч ишлатар тизими ходимлари ҳам, халқ томонда туриб, халқ осойишталигини таъминлайди. Қўрқув ҳиссидан қутилган халқ, яхшилик томон эргашади. Натижада, халқ ўз мамлакатига ўзи эгалик қилади.

“Эрк” партияси, мамлакат мустақиллигининг аввалиданоқ сиёсий кучга эга бўлган партиядир. “Эрк” Ўзбекистонда биринчи президентлик сайловларида, Муҳаммад Солиҳ номзоди билан иштирок этди. Кейин эса ҳаммага маълум вақеалар содир бўлди. Партия яширин тарзда ишлай бошлади. Ҳозир партиямиз, ҳукуматнинг босимларига қарамасдан, очиқчасига ҳаракат қилаяпти. Партия таркиби ёшараяпти. Янги авлод вакиллари партияга қабул қилинаяпти.

Доно халқимизда, “Амалдор икки ўлади” деган нақл бор. Яъни, амалдорнинг қўлдан амали кетгани ҳам, унинг ўлими ҳисобланади. Каримовнинг сиёсий ёки жисмоний ажали, қачонлардир ўзлари айтганларидек, мамлакатда, сиёсий ва ижтимоий хаосни келтириб чиқаради (Эй, бор Худоё, гуноҳкорингни кечир). Жамиятда, ит эгасини танимайдиган ҳолат юзага келади. Яъни, турли хил сиёсий гуруҳларнинг ҳокимиятга интилиши бошланади. Жумладан ЎХҲнинг ҳам ҳокимият тепасига чиқиш ҳаракати бошланади. Нима бўлганда ҳам, бу олғовур интилишлар яхшилик билан тугасин. Эртанги кун, бугунгига ўхшамас. Яратгандан, эртанги кунимиз учун, яхшиликни тилаб қоламиз.

Ҳурматли ўқувчилар, кимнинг “Эрк” партиясига аъзо булиш истаги бўлса, ёки партия ҳақида маълумот олгиси келса, ушбу телефон рақамларига қўнғироқ қилсин.

+99 890 927-14-05
+99 890 122-45-81
+99 891 780-49-98

Халқ бугун ҳам, “Эрк” партиясининг ғояларини қўллаб-қувватлаяпти. “Эрк” партиясининг асосий ғояси ўзгармасдир. Яъни, мамлакатни ҳақиқат ва адолат билан бошқариш. ЎХҲ ва “Эрк” партияси яқин келажакда, Ўзбекистоннинг сиёсий аренасига баралла чиқажак.

Нураддин Джуманиязов
“Эрк” партияси аъзоси
Тошкент шаҳар
26.06.2013.