O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Эронга кимнинг термаси мағлуб бўлди? Ёхуд миллий ва шахсий терма жамоалар ҳақида

Эронга кимнинг термаси мағлуб бўлди? Ёхуд миллий ва шахсий терма жамоалар ҳақида
170 views
07 October 2016 - 11:15
Бобомурод АБДУЛЛА

Бобомурод АБДУЛЛА

Сарлавҳага чиқарилган саволга дарров жавоб бераман! Кеча, 2016 йил 6 октябрь куни, Эрон миллий терма жамоасига Ўзбекистон миллий термаси эмас, шу термани расман қўлга олиб, унга футболчи танлашда нохолислик қилаётган шахслар ва уларнинг “ёқимтой”ларидан иборат бир гуруҳ футболчилар мағлуб бўлишди.

Ҳа, кеча эронликларга ўзбек миллатининг термаси эмас, Самвел Бабаяннинг “терма”си мағлуб бўлди. Термани собиқ менеджерга топшириб қўйган Мираброр Усмонов мағлуб бўлди.

Мен миллий ва шахсий терма жамоалар ўртасидаги тафовутлар ҳақида ўз фикрларимни билдирмоқчиман. Шахсий “терма” жамоаларга бош мураббийнинг ёқимтойлари, келаси йил мураббийга қадрдон клубда ўйнашга ваъда берган ёки чет эл клубларига бош мураббий орқали ўтиш илинжида юрган футболчилар чақирилади. Миллий терма жамоага эса бугуннинг энг кучлилари чақирилади.

Тасаввуримдаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси кеча Эронга қарши ўйнаган Бабаян “термаси”дан анча кучли. Менинг тасаввуримдаги миллий термамизда Шуҳрат Муҳаммадиев, Фозил Мусаев, Темурхўжа Абдуҳолиқов, Санжар Турсунов каби футболчиларга жой бор. Бабаяннинг “термаси”да эса бундай футболчиларга жой йўқ.

Менинг тасаввуримдаги миллий терма жамоада дарвозани форс клубида заҳирада ўтириб, “Пахтакор”га қайтиб келган Александр Лобанов эмас, “Локомотив” дарвозабони Игнатий Нестеров қўриқлайди.

Менинг тасаввуримдаги миллий терманинг хужум чизиғида Ўзбекистон чемпионатида тўпурарлик қилаётган Темурхўжа Абдуҳолиқов ўйнаган бўлар эди. Бабаяннинг “термаси”да эса бу йигитга ўрин йўқ! Бечора Темурхўжа бир пайтлар “Пахтакор”дан хориж клубига кетаётганда “халқ жамоаси”нинг устози кейинчалик терма жамоага ҳам устоз бўлишини билмаган, албатта!

Санжар Турсунов ҳам бир пайтлар “Пахтакор”да заҳирада қолиб кетаётганидан норози бўлиб, Россия клубига кетиб қолган. Фалакнинг гардиши билан “Пахтакор” мураббийлари штаби кейинчалик термага кўчиб келишини у бечора ҳам қаердан билсин?!

Бабаяннинг “термаси”да хужумда терма учун бу йил биронта ҳам гол урмаган Игорь Сергеев туширилмоқда. Сергеев деганлари Бабаяннинг термасида “VIP-forward”га айланиб қолди: йил бошидан бери терма ўйинларида кўплаб хатоларга йўл қўйса ҳам, вазиятлар ярата олмаса ҳам, гол урмаса ҳам, термага чақирилаверади, ўйинларда асосий таркибда майдонга туширилаверади.

Ўзбекистоннинг энг кучли ярим ҳимоячиларидан бири Жалолиддин Машарипов менинг тасаввуримдаги миллий терма жамоага саралаш баҳсларининг учинчи босқичи учинчи ўйинига эмас, биринчи ўйинига чақирилади ва майдонга иккинчи таймда эмас, ўйин бошидан туширилади. Бабаяннинг “термаси”га эса бу футболчи мухлислар ва журналистларнинг норозилиги авжига чиққачгина чақирилади ҳамда бой берилаётган ўйинни қутқариш учунгина заҳирадан майдонга туширилади.

Станислав Андреев каби ўйинчилар менинг тасаввуримдаги миллий терма жамоага ҳатто “ball-boy”ликка, яъни тўп келтирувчиликка ҳам чақирилмайди! Бабаяннинг “термаси”да эса бу йигит ҳар доим 18-таликка кириб келмоқда.

Миллий термамизнинг тасаввуримдаги таркибида ҳаводан ва ердан келаётган тўпларни тўхтата олмайдиган Элдор Шомуродов ва Отабек Шукуров деган ўйинчиларга ҳам жой йўқ. Самвел Вячеславович эса ушбу футболчиларни “терма”га чақиргани-чақирган. Ёки бу ўйинчилар келаси мавсумда “Пахтакор”га ўтишга ваъда беришдимикан?

Кечаги ўйинда ўнг қанот ҳимоясида кўплаб қўпол хатоларга йўл қўйиб, охир-оқибат эронликларнинг ягона голига олиб келган қоидабузарликни амалга оширган Ислом Тўхтахўжаевдан “Насаф” ҳимоячиси Шуҳрат Муҳаммадиевнинг қаери кам? Балки унинг камчилиги “Пахтакор”да эмас, “Насаф”да ўйнаётганлигидир? Ахир шу позицияда довдираб ўйнаган Ислом Тўхтахўжаевдан “Бунёдкор” фаҳрийси Акмал Шораҳмедовнинг “ўлиги” ҳам яхшироқ-қу!

Ўйиндан олдинги матбуот анжуманида мен Самвел Бабаяндан: “Сурия ва Қатар термаларига қарши ўтказилган ўйинларда ўнг қанот ҳимояси вазифасини бажарган Ислом Тўхтахўжаев жуда кўп хатоларга йўл қўйди. Бунинг натижасида рақиблар ўнг қанотимиздан ҳар бир ўйинда 3-4 маротаба ёриб кириб, хавфли хужумлар ташкил қилишди. Тўхтахўжаевнинг ўрнига бошқа ҳимоячини ўйнатишннг иложи йўқми?” – деб сўрадим. “Пахтакор”нинг собиқ менеджери: “Ислом Тўхтахўжаев унг қанотда ўйнашга секин аста мослашиб боряпти. Ўз хатолари устида ишламоқда. Бугунги кунда Тўхтахўжаев бу позицияда алмаштириб бўлмас ўйинчи!” – деб жавоб берди.

Марказий ҳимоячи Ислом Тўхтахўжаевнинг ўнг қанот ҳимоясига қандай қилиб мослашиб бораётганини, ўз хатолари устида қандай ишлаётганини, “бу позицияда алмаштириб бўлмас ўйинчи” эканлигини кечаги ўйинда кўрдик. Бабаяннинг “алмаштириб бўлмас ўйинчи”сининг оёғига тўп келиб тушган эди, ўйинчи нима қилишини билмасдан тўпни аутга тепиб юборди.

Чунки Ислом Тўхтахўжаев қанот ҳимоячиларига хос ишларни – қанотдан ҳужум бошлашни ёки бошланган ҳужумга ёрдам бериш деган нарсаларни билмайди-да! Марказий ҳимоячи Тўхтахўжаев авваллари асосан тўпни олиб қўйиш билан банд бўлган! Бошланғич тезлиги “ҳафа”! Шунинг учун ҳам ўтган уч ўйинда у рақиб ярим ҳимоячилари ва хужумчиларининг ортидан етолмай ҳалак бўлди.

Эронликларга қарши ўтказилган кечаги ўйинда биргина Тўхтахўжаев эмас, Азиз Ҳайдаров, Сервер Жепаров, Игорь Сергеев, Сардор Рашидов, Отабек Шукуров, Элдор Шомуродовлар ҳам расво ўйнашди. Сервер билан Азизга кейинги учрашувларда жавоб берса ҳам, бўлади, менимча. Уларнинг ўрнида ҳатто Жавоҳир Соҳибов ва Жамшид Искандаров ҳам тезроқ, аниқроқ ҳаракат қилишса керак.

Кечаги ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Самвел Бабаян мағлубиятнинг асосий сабаби сифатида майдон марказида яратувчанлик бўлмаганини, яратувчанлик бўлмаганининг сабаби сифатида эса Одил Аҳмедовнинг йўқлигини кўрсатди. Мен унинг бу гапларига мутлақо қўшилмайман.

Чунки Одил Аҳмедов иштирок қилган дастлабки икки учрашувда (Сурия ва Қатарга қарши ўйинларда) ҳам майдон марказида яратувчанлик бўлмаган эди. Ўша ўйинларда ҳам термамиз майдон марказида бўш ўйнаб, рақиб дарвозаси томон жуда кам хужум уюштириб, жуда кам зарба берган эди. Тасодифий икки гол эвазига ғалаба қозонилган эди. Хуллас, Бабаян “термаси” фақат Эронга қарши ўйинда эмас, ўтказилган учта учрашувнинг барчасида ўта сифатсиз, ланж ўйин намойиш қилди. Мана шундай ўйин фақат кечаги ўйиндагина ҳисобда акс этди.

Самвел Бабаян Ўзбекистон миллий терма жамоасига бош мураббий қилиб тайинлангач, дарров журналистлар билан учрашув ташкил қилган эди. Суҳбат давомида мураббий: “Бу терма жамоа меники эмас, ҳаммамизники, халқимизники”, – деган гапни икки-уч марта такрорлади. Янги мураббийнинг бу сўзларидан кўпчилик ҳурсанд бўлган эди.

Лекин кейинчалик бу гаплар шу ерда гаплигича қолиб кетди. Чунки Бабаян терма жамоанинг расмий ўйинларига халқимиз кутган футболчиларни эмас, ўзининг қарашларига мос ўйинчиларни, асосан, амалдаги ёки собиқ “пахтакор”чиларни жалб қила бошлади. Самвел Вячеславович бир учрашувда таркибда 7 (!!!) нафар “пахтакор”чини туширганига ҳам гувоҳ бўлдик.

Самвел Бабаян Хитойга қарши ўтказиладиган учрашувга ҳам ўзининг “алмаштириб бўлмас” футболчилари Ислом Тўхтахўжаев, Игорь Сергеев, Александр Лобанов, Станислав Андреев ва бошқаларни чақиришига шубҳам йўқ. Менимча, Бабаян “термаси”нинг таҳминий таркибини фақат журналистлар эмас, балки оддий мухлислар ҳам олдиндан айта олишади.

Бундай “терма”лар фақат бизда эмас, бошқа мамлакатларда ҳам тузилган. Шахсий “терма”лар ҳамиша мағлубиятларга юз тутиб, жиддий мусобақаларда шарманда бўлишган. Охирги Европа чемпионатида иштирок қилган Туркия ва Россия терма жамоаларининг қисматини мисол тариқасида келтирса бўлади.

Туркия термасининг асосини фақат Истамбул клублари футболчиларидан шакллантирган Фотиҳ Терим жанобларининг “термаси”ни туркияликлар “Истамбул терма жамоаси” деб номлашди. “Истамбул терма жамоаси” Европа чемпионатида қандай “кароматлар” кўрсатганидан кўпчиликнинг хабари бор.

Россия термасининг асосини амалдаги ва собиқ “армиячи”лардан ташкил қилган Леонид Слуцкий жанобларининг “термаси”га эса россияликлар “ЦСКА терма жамоаси”, – деб ном қўйишди. “ЦСКА терма жамоаси” Европа чемпионатида қандай шарманда бўлгани барча журналисту мухлисга аён.

Афсус-ки, Терим ва Слуцкий юрган йўлдан бораётган мураббийлар фақат Туркия ёки Россияда эмас, бошқа мамлакатларда ҳам бор. Ўша бошқаларнинг “терма”лари ҳам бир кун келиб шарманда бўлишига ишончим комил. Чунки бундай “терма”лар адолат ва холислик асосида эмас, “жаноблар”нинг шахсий симпатия-антипатия, муҳаббат-адоват, манфаат-ғаразлари асосида ташкил қилинади.

Худо кўрсатмасин, ана шундай бўлса, мен учун амалда ўша “жаноб”ларнинг шахсий “терма”ларигина шарманда бўлишади, мазкур “жаноб”ларни бош мураббий қилиб тайинлаган одамлар шарманда бўлишади.

Лекин минг афсус-ки, Худо кўрсатмасин, иш шунгача етиб борса, барибир “жаноб”ларнинг шахсий “терма”ларининг эмас, расман миллий терма жамоаларнинг ҳамда оддий мухлисларнинг юзи ерга қарайди.

Хуллас, Худо кўрсатмасин, иш шунгача етиб борса, футболчиларни ўзларининг шахсий “терма”ларига чақириб, хориж клубларига сотиш ҳақида қайғураётган тадбиркор жаноблар эмас, миллат ва унинг бош жамоаси ҳақида чин дилдан қайғураётган оддий одамлар азобланишади.

Бобомурод АБДУЛЛА

2016 йил 7 октябрь

Манба: Facebook.com