Эрон ва Европа Иттифоқи расмийларига кўра, Теҳрон ўтган йилнинг июль ойида эришилган келишувда белгиланган мажбуриятларини бузмагани тасдиқланди.
Бу ҳақда Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф ҳамда Европа Иттифоқининг ташқи алоқалар бўйича мутасаддиси Федерика Могерини 16 январь куни Венада бўлиб ўтган матбуот анжуманида хабар беришди.
Икки расмий эълон қилган билдирувда “Ушбу келишув сиёсий хоҳиш, матонат ҳамда кўп томонлама дипломатия орқали қийин масалаларни ҳал қилиш ва самарали бажариш мумкин бўлган амалий ечимларни топиш мумкинлигини кўрсатади”, дейилади.
Эришилган келишувни АҚШ ҳам маъқуллайди. АҚШ давлат котиби Жон Керри Венада бўлиб ўтган учрашувларда қатнашди, аммо матбуот анжуманида иштирок этмади.
Бу хабар ортидан Эронга қарши жорий қилинган санкциялар бирин-кетин бекор қилинди. Европа Иттифоқининг кенгаши ядровий дастур юзасидан Эронга қарши жорий қилинган барча иқтисодий ва молиявий санкциялар беркор қилинганини эълон қилди.
АҚШда президент Барак Обама Америка фуқароси бўлмаган шахсларнинг Эрон марказий банки ҳамда Эрон миллий нефть ширкати билан иш олиб боришига тўсқинлик қулувчи санкцияларни бекор қилувчи фармон чиқарди.
АҚШ Молия вазирлиги эса 400 дан ошиқ эронлик шахс ва ташкилот санкциялар рўйхатидан чиқарилгани ҳақида хабар берди.
Хабарда 200 га яқин шахс ва ташкилотга қарши жорий қилинган санкциялар бекор қилинмагани айтилади.
Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ўз Twitter ҳисобида “Шарафли ғалаба билан табриклайман!” деб ёзди.
Санкциялар бекор қилинганидан ва мамлакатлари энди халқаро миқёсда якка эмаслигидан хурсанд бўлган эронликлар ўз қувончларини ижтимоий тармоқларда изҳор қилишди.
Эрон президенти Ҳасан Руҳоний мамлакатига нисбатан халқаро санкцияларнинг олиб ташланишини олқишлаб, дунёнинг қудратли давлатлари билан ядровий битимнинг имзоланиши Теҳроннинг дунё иқтисодиётига қўшилиши учун “янги йўлларни очди”, деб айтди.
17 январь куни Эрон парламентида чиқиш қилган Ҳасан Руҳоний шартнома Эрон иқтисодиёти учун “бурилиш нуқтаси” бўлишини билдирди.
Унинг илова қилишича, энергия заҳираларига бой мамлакат нефтдан олинадиган даромадларга камроқ қарам бўлиши керак.
Исроил Эрон билан эришилган келишувга кескин қаршидир.
Мамлакат бош вазири Бенямин Нетаняҳу маъмурияти 16 январь куни эълон қилинган билдирувда Теҳрон ядровий қурол ишлаб чиқиш ниятидан воз кечмагани ҳамда мамлакат Яқин Шарқ тинчлигига таҳдид солиши айтилади.
БМТ томонидан эронга қурол сотиш бўйича жорий қилинган чекловлар бекор қилингани йўқ. Эроннинг баллистик ракеталар дастурига қарши жорий қилинган чекловлари ҳам ўзгартирилгани йўқ.
Айни пайтда Европа Иттифоқи “Эронга қарши барча иқтисодий ва молиявий санкцияларни олиб ташланди”, дея эълон қилди.
Бироқ санкцияларни бекор қилиш жараёни тўлиқ бажарилиши учун барча Европа Иттифоқига аъзо мамлакатларнинг етакчиларидан тузилган Европа кенгаши расмий қарор чиқариши, бу қарор ҳақида Европа Иттифоқининг расмий журналида ёзилиши керак.
Ҳисоб-китобларга кўра, Эронга қарши жорий қилинган барча халқаро санкцияларнинг бекор қилиниши Эронга 100 миллиард доллар енгиллик олиб келади.
Санкциялар бекор қилиниши ҳақида хабар берилишидан аввал Халқаро Атом энергияси агентлиги (ХАЭА) Эрон ўз ядровий дастури бўйича олган мажбуриятларни бажаргани ҳақида ҳисобот берди. Теҳроннинг ядровий дастури бўйича келишув ўтган йилнинг июлида Эрон ва олти қудратли давлат ўртасида имзоланган эди.
ХАЭА директори генерал Юкия Амано Эрон эришилган келишувни бажариш учун зарур бўлган илк қадамларни амалга оширгани айтилган ҳисоботни эълон қилди.
Июлда эришилган келишув бўйича Эрон центрифугаларининг учдан икки қисмини йўқ қилиши, уран заҳираларини озайтириши ҳамда мамлакатда қуролларда ишлатиш мумкин бўлган плутоний ишлаб чиқариш имконини берувчи Арак реакторининг ўзагини олиб ташлаши керак эди. Келишувга эришилишидан аввал Эронда бир неча бомба ясаш учун етарли бойитилган уран бор эди.
Июлда Эрон ва олти қудратли мамлакат ўртасида эришилган келишув Эрон бир ядровий қурол ясаш учун етарли ёқилғи ишлаб чиқариши учун кетадиган вақтни камида бир йилга узайтиришни кўзлайди. ХАЭА Эрон ўз мажбуриятларини бажараётганига ишонч ҳосил қилиш учун мамлакат ядровий дастурини яқиндан кузатиб боради. Ғарб Эронни ядровий қурол ишлаб чиқаришга интилишда айблаб келади. Эрон эса буни рад этади.
Теҳронга қарши жорий қилинган санкциялар Эронни глобал молиявий тизимдан ажратиб, мамлакатнинг нефть экспортларини чеклаб қўйган эди. Бундан оддий фуқаролар зарар кўраётган эди.
Обамдан кейин АҚШ президенти бўлиш истагидаги Республикачилар партияси номзодларининг барчаси Эрон билан эришилган келишувга қаршидир. Бундан ташқари, АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳамкорлари, жумладан, Исроил ва Саудия Арабистони ҳам келишувга ишончсизлик билан қарайди.
Аммо келишувни Вашингтоннинг Европадаги ҳамкорлари қўллайди. Бу мамлакатлар Эронни музокара олиб боришга мажбурлаш учун Обама билан биргаликда мамлакатга қарши жорий қилинган санкцияларни кучайтирган эди.
Манба: “Озодлик” радиоси