O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ЭРТАГА КЕЧ БЎЛАДИ

ЭРТАГА КЕЧ БЎЛАДИ
2,095 views
19 September 2022 - 21:25

Иккала томондан ҳам қурбонлар бор. Иккала миллат ҳам мотамда.
Афсус, кимларнингдир фитналари туфайли оддий инсонлар азият чекмоқда, қон тўкилмоқда.
Мен Қиргизистон билан чегарадош Қувасой шаҳрида тугилганман. Болалигимиздан қиргиз, тожик, ўзбек, турк болалари бир қишлоқ, бир маҳалла, бир кўчада катта бўлганмиз.
Энг яқин дугонам қирғиз қизи Ҳамида эди. Мана 47 ёшга кирибмизки, орамиздан қил ўтмаган.
Бугун у қўнгироқ қилиб Боткен воқеаларидан қайғуда эканини , бу хунрезликларни олдини олиш учун нимадир қилиш кераклигини йиғлаб айтди.
Мен нима ҳам қила олардим ўртог?
Қўлимдан нимадир келадими?
Туроннинг иқтидорли болаларини йиғиб Халқаро фестиваль ташкил қилсам, бюрократлар тиш-тирноғи билан қарши чиқди.
“Ахир менинг мақсадим – халқлар орасидаги дўстликни болаликдан мустаҳкамлаш. Қаранг, Марказий Осиё давлатлари орасидаги чегара худудлардаги ахволни, миллатлараро низолар тўхтамаяпди. Уларни олдини олайлик!”
Афсус, бу гапларим кети креслога ёпишиб қолган, кўзи бурнидан нарёғини кўрмайдиган тебса тебранмас тўнкаларга чивин чаққанчалик таъсир қилмади. Атиги бир Вазирлик ва Ёшлар ишлари агентлиги қўллаб қувввтлашди. Нисбатан бойроқларчи?!
Пенсия фонди ва Давлат бюджетидан қурилган меҳмонхоналар эса тадбир туфайли Тошконга ташриф буюрган иқтидорли болаларга эмас, Яшилчой ва Буракдай “муҳтарам” меҳмонларга тақдим қилинди.
Болалигимизда Ворух, Боткенга кўп олиб боришган.
Ҳеч қандай муаммолар йўқ, халқлар ахил-иноқ яшашарди. Бир далада меҳнат қилиб, бир сойнинг сувидан ичишарди. Эндичи?
Нахот дўст, иноқ бўлиб яшай олмасак?
Нима етмаяпди? Ҳавоми, сувми, ерми?!
Ахир хозир бўлинадиган эмас, бирлашадиган вақтимизку!
Кучи билагига сиғмайдиган “ботир” ларку ҳар дойим бўлган. Катта-кичик муаммолар сабаб мактабга- мактаб, кўчага-кўча, маҳаллага -маҳалла, қаршиликлар бўлиб турарди.
Айниқса қони қайноқ йигитлар айиққа айланиб, кучларини кўрсатиб туришарди.
Нари борса тош, таёқлар қуролга айланарди.
Чегарада ҳам шундай. Икки ёнма-ён қишлоқда яшовчи инсонларнинг миллатидан қатъий назар ўзига яраша муаммолари, жанжаллари аввалдан бўлиб турган.
Фарқи аввал – енг шимариб, майдонда беллашишса, хозир бу моддадан қолди.
Миллатни хақоратлаган ифлослар кўпайди. Зиёни Туронга тегадиган зўравонлар урчитилди.
Шундай фурсатни пойлаб турганлар эса дрон ва минометларлар билан ёрдамга келяпди. Кичкина ишкаллар ҳам катта низоларга айланябди.
Ўтган йили Боткенга бордим. Бир эженинг ҳикоясидан қаттиқ таъсирландим.
Баҳор ойи эди. Отам етимларим учун берган бевош бузогим чегарадан ўтиб , бир оиланинг томорқасини пайҳон қилибди.
У томон бизга кафтдек кўриниб туради. Бузоқни излаб юргандим, қарасам бир тожик аёл жониворни хайдаб келяпди. Адир тепасида туриб мол меники эканини айтдим. У бош ирғаб, бузоқни мен томон хайдаётса икки томонда чегарачилар пайдо бўлди. Вазиятни тушунтирдик, аскар болалар ақлли экан, тушунди. Аммо шу вақт у томонда бир одам пайдо бўлиб бузоқни ноқтасидан тутиб шарт пичогини чиқарди.
Тожикчани унча-мунча биламан. У:
” Нарёғдан келаётган қўй-қўзи, ит-пит, моллар ҳамма жойни пайхон қиляпди. Мени памилдоримни ҳам хорамини чиқарган. Шу бузоқ эди. Энди уни сўйвораман” деб, хайвонни сўйишга уринди.
Айбдорку- чегара-пегарани тушунмайдиган онгсиз жонивор! Аммо бутун бир миллатни айби нима? Оғзида кўпик кўпириб, сак қиргизлаб хақоратлашга ўтди. Эшитмаган лаънатим қолмади. Манас бобомиздан тортиб, болаларимгача сўкиб ташлади.
Аскар болалар унини аранг ўчиришди.
Мен қанча хақоратланмай, ялиниб, эрим ўлгани, бузоқ тўртта етим боламники эканини айтиб, изиллаб йиғлаб юбордим.
Тожик хотин эса “етимларни хаққидан қўрқ, Худо урмасин!” деб халиги одамни ура кетди.
Ахийри аскарлар бузоқни арқонини унинг қўлидан чиқариб, чегарадан ўтказиб юборишди. Сўкинганча нари кетган оғзи шалоқ одам ўрнига , хижолат бўлиб аскарлар ва аёл кечирим сўрашди.

Тожик аёлни айтишича, бу одам қишлоқлик эмас, яқиндагина кўчиб келиб, касал боласи туфайли бархаво адирликка уй солиб яшаётган шаҳарлик экан.
Ҳеч қанча ўтмай бир совлиқ у тарафдан биз томонга ўтиб, қўшнининг омборида эгизлабди. Қишлоқдан эгаси топилмагани учун ҳам меҳмон Тожикистонлик эканини таҳмин қилдик. Адир устига чиқиб бузогими қайтарган аёлни чақириб, совлиқ ва болаларини кўрсатдим. У дарров жониворлар кимники эканлигини айтиб, эгасини чақиришга шошди.
Худди шу вақт қишлоққа беш йиллар олдин кўчиб келган малим пайдо бўлиб, қўлимиздаги қўзиларга ёпишди. Шарт тортиб олиб дийдиёга ўтди :
– Бу совлиқ кеча аввал меникига кириб, эккан сабзими еганди. Томорқамни харобини чиқарибди. Эвазига қўзиларини бермайман” деди.
Мен ва қўшним унинг қўлларига ўтган қўзичоқларга ёпишдик.
Жанжалга яна чегарачилар аралашди. Бу сафар ҳар иккала томондагилар ҳам анча жахлдор экан. Яхшигина тўполон чиқди. Совлиқни эгаси хайвонни қайтаришни сўраб мўлтирайди. Мен ва қўшним қўзичоқларни олиб қўйган шаҳарликдан тортиб олиш харакатидамиз…
Ватандошим дунёдаги энг уятсиз сўзлар билан тожикларни хақорат қила кетди. Шундай гапларни гапирдики, эшитган қулоқларим кар бўлиб қолсаку, оқиб тушсаку , дедим.
Чегарачилар ўртасида ҳам ўзаро хақоратлар бошланди. Кимдир шақиллатиб автоматини ростлади. Қарасам, ҳар икки томондаги иккита жўжахўроз бир-бирини отишга шай. Тожик аскарни автоматини тожик аёл, қиргиз йигитиникини мен тўсдим ва иккаламиз баравар:
– Мени от! дебмиз.
Орага сукунат чўкди. Икки йигитнинг боши эгилди. Қўзичоқларни эгасига топшириб тарқалдик.
Кўряпсизми синглим, провокаторлар икки томонда ҳам бор. Арзимаган нарсалардан катта жанжаллар чиқаришяпди. Ғалати агитациялар, анчадан бери бор.
Чегара постлардачи? Тан оламан, қиргиз чегарачилари анча қўпол. Негадир давлатлараро ўтиш пунктларига шунақа қўпол аскарлар қўйиляпди. Очиқ хақоратламасада, баъзан ўзбек ва тожикни одам ўрнида кўришмайди.
Тожикистон тарафида ҳам шунақа инсон қиёфа шайтонлар борки, буни махаллий ахолини ўзи ҳам билади.
Аввал бошқача эди. Амакимни ўғли кучли математик бўлган. Шогирдлари орасида қиргиздан тожик кўп бўларди. Қиргиз хотинларчи, тожик гинеколог Насиба эжени қўлида кўзимиз ёрирди. Чунки у тилимизни ҳам, дилимизни ҳам топиб чиройли муомала қиларди…
Хўш, миллатлараро низоларни чиқаришга уринаётганлар ким? Нега хавфсизлик хизматлари улар билан шуғулланишмайди?
Нега аввал майдонда бир кураш, нари борса тош, таёқ билан хал бўладиган жанжаллар отишма билан, ўлим билан тугаяпди?
Нега?
Қиргиз эженинг изтиробларини борича қогозга туширдим.
Кейин Тожикистон томонда, чегарада яшовчи бир аёл билан ҳам суҳбатлашдим.
Бош фарзанди айнан шундай низолар туфайли халок бўлган экан.
-Ҳеч нарса қилгани йўқ. Жанжалга ҳам аралашмаган. Сингилларини хавфсизроқ жойга кўчирмоқчи бўлганида орқасидан отишибди. Уйланмаган, чимилдиқ кўрмаган боламни кўмдим.
Отаси мозорида девона бўлиб қолди…
Аввал ахил эдик. Қиргиз мулла бўларди. Қироати хам, хулқи ҳам чиройли эди. Мовруд, маракамизда бош-қош эди. Қўшним Назира хола эса халоллиги, учун қиргиз тожикнинг бирорта тўй, маракаси усиз ўтмасди. Йўғидан ҳам бор қилиб, дастурхонларга файз киритиб юборарди. Дўконимиз, мактаб, касалхонамиз ҳам битта бўлган бир замонлар.
Эндичи?
Ўша ер, ўша сув, ўша маконлар…Аммо одамлар ўзгарди.
Темир тиканларни қир- далаларга эмас, юрагимизга ўрнатишди синглим. Тожик боласи ўлса қиргиздан нафратда, қиргизникиси ўлса тожикни лаънатлайди.
… Хов кўриниб турган қиргиз махалланинг ўрик қурутларини емагансизда. Мактабдан чиқиб атай бориб еб келардик.
Қиргизлар-чи, фақат Саттор бобо ва ўгиллари ёпган нондангина ейишарди. Саҳар кўчага сув сепаётсак икки томонга валасапидлар қатнарди. У еқдан бу ёққа қимиз, қурут, бия сути, бу томондан эса мева-чева, нон, патирлар ташиларди.
Тожикни қуртобини севмаган қиргиз, қиргизни қимизини суймаган тожик йўқ эди.

Миллатлар аралашиб кетган оилалар ҳам бор. Қуда-анда бўлардик бир вақтлар…
Нега бу холга тушиб қолдик
Нега?
Ишонасизми,унинг изтироблари, кўз ёшлари чегарадош қўшнисиникидан кам эмасди.
Иккаласи хам бир хил савол берди:
Нега, бу холатга тушиб қолдик?
Айбдорнику биламиз. Бир вақтлар сунъий давлатлар яратиб, орамизга темир тўсинлар ўрнатган босқинчи шайтон!
Аммо қачонгача у ва унинг малайларининг найрангига учамиз?
Қачонгача бегуноҳ инсонлар қони тўкилади?
Қачонгача оналар бўзлайди?
Оталар орқасидан отилган ўгилларини кўмиб, мозорида девонага айланади?
Болалигимизда Сўхдаги чашмага олиб борарди ота-онам.
Ўша ердаги ёши улуғлар
“чашмани шифобахшлигини исботлаган олимни халқ душманига чиқариб отувга ҳукм қилишган. Энг ёмони- бу ишни шу қишлоқда яшовчи ғаламислар қилган. Олимни сотганлар ичида тожик, қиргиз, ўзбеклар хам бўлган..” Бунақа гаплар қулогимга кирсада, тахлил қилишга ақлим етмасди. Аммо
кўз ўнгимда битта манзара умрбод мухрланиб қолган:
Чашма атрофида турли миллат болалари йиғилиб, сувга оппоқ қогоз кемачаларни тушириб ўйнардик. Барча кемачалар бир дафтарнинг варогидан ясаларди.
Сув ичгимиз келса қиргиз, ўзбек, тожик…хуллас ким бўлишидан қатъий назар оталар қадоқ кафтларини тўлдириб сув тутишарди. Жирканмай мазза қилиб чанқогимизни қондирардик…
Агар маблагим бўлса, ўша беғубор лаҳзалар асосида бегубор фильмлар яратиб бир Ватанда бегоналарга айланаётган халқларга намоиш қилардим.
Миллиардлар сарф бўлаётган
Кинофестиваллни шунчаки пиар учун ўтказмай, минтақадаги миллатлараро муаммоларни ечишга хизмат қилгувчи фильмлар тақдим қилиш шартларини қўярдим.
Қаердаги актерларга бир дунё хизмат хаққи бериб, Тошконга олиб келган хоким жаноблари, олигар амалдорлар сармоянгизни бошқа хайрлироқ ишларга йўналтиринг! Бир сой, бир булоқдан сув ичиб, бир бешик, беланчакда ётган, бир дафтар варогидан кемалар ясаб ўйнаган минтақа болалари бир-бирига душман эмас, ака-ука, қон-қардошлигини эслатиб тургувчи асарлар, фильмлар яратишга хиссангизни қўшинг!
Агар бугун кўзимизни очмасак, эртага кеч, жудаям кеч бўлади.
Муаззам Иброҳимова