O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Эски ўзбек тили XIV-XVI асрларда қаерларда тарқалган эди?

Эски ўзбек тили XIV-XVI асрларда қаерларда тарқалган эди?
214 views
29 July 2019 - 10:26

Маълумки, Шарафуддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асари Амир Темур ва темурийлар даври тарихини ёритишда муҳим аҳамият касб этади. Шарафуддин Али Яздий обдон зукколиги ва донолиги билан Темурийлар диққатини ўзига жалб қилади. Муарррих бир неча йил Ҳиротда Шоҳрух мирзонинг ҳамда унинг ўғли Иброҳим Султоннинг саройида хизмат қилади. У “Зафарнома”ни 1424-1425 йилларда ёзиб тугаллаган.

Шарафуддин Али Яздийнинг “Зафарномаси” Амир Темур тарихига бағишланган асарларнинг энг ҳақиқатга яқини ва энг мукаммали ҳисобланади. Асар форс тилида ёзилган. Бу китоб асрлар давомида турли тилларга таржима қилинган.

Эслатилган таржималар орасида Муҳаммад Али Ибн Дарвеш Али ал-Бухорий томонидан Шайбонийлар сулоласидан Кўчкунчихон (1510-1529) фармонига кўра 1519 йилда бажарилган ўзбекча таржима муҳим ўрин тутади. Муҳаммад Алининг таржимаси тили эски ўзбек тилининг ажойиб намунасидир.

Бир томондан бу тил биз кўникканимиз каби уни бирор-бир ҳозирги лаҳжа билан бутунлай боғлаб бўлмайди. Бир тарафдан бу тил биз кўникканимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг тилига ўхшаса, иккинчи тарафдан шимолий Бухоро билан Хоразм шарқи ва Сирдарё бўйларидаги тилни эслатади.

Умуман олганда, бу тил қарлуқ, қипчоқ ва ўғуз элементларини ўз ичига олган бўлса ҳам, қарлуқ элементи унда устун келади. Ва шу жиҳатдан ҳақли равишда уни ўзбек тили деймиз.

Бу тил XIV-XVI асрларда (ундан анча олдин ва кейин ҳам-Ш.Ў.) нафақат Мовароуннаҳрда, балки Волганинг қуйи оқимидаги Царицин(Волгоград) то Синд дарёси ҳавзасигача (бепоён Туркистон ҳудудларида-Ш.Ў.)оралиқда тарқалган эди.

Ашраф Аҳмедовдан қисқартириб олинди

facebook.com