O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Эссизгина оқ қўзи

Эссизгина оқ қўзи
192 views
28 June 2019 - 11:38

ЭССИЗГИНА ОҚ ҚЎЗИ

Мукофотлаш мавсумлари келса, бир воқеа эсга тушади. 7-8 йил бурун ёзувчи Луқмон Бўрихоннинг газеталардаги бир-икки “юриши” “тепа”га маъқул тушди шекилли, сирлигина қилиб суҳбатга чақиришди. Эшон бувам бу меҳру муҳаббатдан масту мустағриқ бўлиб, Кадрхонимдан икки қоғоз “номаи аъмоли”ни (объективка) олди-да, Кўҳиқоф томонга учди.

– Бировга чурқ этмай тур-чи, буёғи зўр бўладиганга ўхшайди, – дейди кета туриб.

Биз ҳам чурқ этмай ўтирдик. Суҳбатдан ўтиб қайтдилар. Чеҳралардан нур таралади. Ҳаяжондан нафас тиқилиб қолган.

– “Қаҳрамон”ликми дейман-да? – дедим атайлаб ҳовлиқиб…

– Буёғи сюрприз, лекин… энди ҳаммангга кўрсатаман! – деб ҳазиллашди.

Гапига қараганда, у томоннинг “зўр”ларидан бири жуда ёқимли гаплар айтган. Бир балоларни ёздириб ҳам олган. Хуллас, унвон аниқ-да!

Мен айтдим, буни ҳали ҳеч кимга айтманг, ҳар бир ишнинг хайрли бўлиши учун олдиндан дуо олиш керак. Бу иш учун бир “қон” чиқарсангиз яхши бўларди, дедим. Бошида “қўйсанг-чи” деб иккиланиб турди. Лекин “далиллар” қаршисига чиққандан кейин бироз бўшашиб қолди.

– Шуни кейин қилсак бўлмайдими? – деди жовдираб.

– Олдин қилган яхши, “Луқмон Бўрихон етолмай ётган экан, битта унвон олиб тўй қиляпти”, деб устингиздан кулишади, – дедим жиддий туриб.

Гапим маъқул тушди. Шу ҳолимизга озгина ғуруримиз ҳам бор-да.

– Унда “команда”ни ўзинг туз, ўн киши бўлса етади, – деди.

Команда тузиш ҳам гапми, дарров тайёр бўлдик. Эшон бува қаердандир оппоққина бир қўзи топиб келди. Қарабсизки, буёғи қуюқ-суюқ зиёфат-да! “Команда”даги сўфиларнинг бири қўйиб, бири дуо қилади, Эшон бувага бундан ҳам каттароқ унвонлар сўрайди. Эшон бувамиз табрикларни юксак тавозеъ билан қабул қиладилар. Бизга ўхшаган қашқатаёқларга ҳам шундай мукофотларни соғинадилар… Хуллас, бир-биримизга меҳр ва мукофот улашиб, оққина қўзини еб қўйдик.

Зиёфатнинг эртаси куни душанба! Ғалвир сувдан кўтариладиган кун! Мукофотлар ЎзА билан “Халқ сўзи”да эълон қилинади. Кун бўйи кўзимиз тўрт бўлди. Эшон бувам жойнамозни аллақачон Девон тарафга қараб ёзиб олган. Кечаси соат ўнлардан ошганда кимдир телефон қилди, мукофотланганлар рўйхати ЎзАда эълон қилинибди. Апил-тапил рўйхатни очдим. Шу титкилайман бизнинг совриндор йўқ-да!

Бир пайт телефон тилга кирса денг…

– Манга қара… мен… тушунмадим, – деди Эшон бува. Кечаги чақноқ овоздан асар ҳам йўқ. Аччиқ бўлса ҳам росса кулишдик.

– Балки сизни алоҳида эълон қилар, – дейман кулиб…

– Эссизгина оқ қўзи, билдик, дуоларинг ҳам ўзига яраша экан! – дейди Эшон бува.

– Гап дуодамас, қўзида бўлиши мумкин, – деб баттар жиғига тегаман.

– Қўзига нима қипти? – дейди ҳафсаласи пир бўлиб.

– Оқ қўзи ё ўғирланган, ёки шубҳали ем еган!

Шу билан телефон ўчди…

Алишер Назар