O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Эътиқод, ҳалқ, ватан ва адолат учунги оғир кураш ёхуд Каримов режими душманига айланганим ҳақида мухтасар

Эътиқод, ҳалқ, ватан ва адолат учунги оғир кураш ёхуд Каримов режими душманига айланганим ҳақида мухтасар
121 views
04 December 2012 - 12:26

Ўзим ҳақимда икки оғиз

Сурат-1 А.Хоразмий ватан тупроғи билан

Мен Ахмад ҳожи Хоразмий, 1948 йилда Хоразмда туғилганман.

Илм олишни 3 ёшдан, меҳнат фаолиятим 13 ёшимдан бошланган. Ижод ва фаолиятим давомида турли мавзу ва тилларда 200 га яқин мақолалар, 30 га яқин катта-кичик китоблар ёзиш насиб этган менга.

Менинг ижод ва фаолиятим ҳақида таниқли олим ва қалам соҳиблари томонидан турли мамлакатлар (Ўзбекистон, Туркманистон, Россия, Мозамбик, Туркия, Буюк Британия, Косова ва бошқалар) ва тилларда “Хоразм фахри” (расм-2), “Ал-Хоразмий изидан”, “Ҳожи отанинг саховати” (расм-3), “Энциклопедист (устоз) олим – 60 ёшда”, Профессор Хоразмий Пайғамбар (63) ёшда, ёхуд Исломдаги 60 йил” кабиларга дохил 40 га яқин мақолалар ёзилган.

Сурат-2

Ватаним, ҳалқим деб, илм-фан учун кеча-кундуз, куйиб-пишиб меҳнат қилсаму, охир оқибат муҳожиротга юз тутсам, бундан оғири бўлмас экан. Яна бунинг устига: “Ким сизларни ҳайдади, ўзларингиз кетдингизлар”, деган дашном ўлганниенг устига тепгандай бўлар экан.

Каримовчилар Юсуф Жумадан бошқа ҳеч биримизни расман ҳайдамади. Бизни турли йўллар билан ватанни тарк қилишга мажбур қилишди.

Мўйсафид ёшда юзлаган ватандошларим каби ватаним (уй-жойим, мулким)ни, фарзандларим, қариндош-уруғ, дўст-ёр(ҳалқ)имни тарк қилишга мажбур бўлдим.

Сурат-3. Мақоланинг парчаси

Менга алам қиладиган жойи шуки, мен Каримов тахтига даъво қилмадим, сиёсий эркинлик сўрамадим, демократия талаб қилмадим. Мен Каримовдан эътиқодимни, ҳалқим фаравонлигини, ватаним равнақи ва адолат сўрадим холос.

Мени мухожиротга етаклаган 3 та омил: 1-ҳожи бўлганим, 2-меҳнаткаш ҳалқим манфати кўзланган “Вакил” номли китоб ёзганим, 3-биосфера экологияси ва тупроқ унумдорлиги учунги курашларим сабаб бўлди. Қуйида шулар ҳақида мухтасар баён қилмоқчиман.

Эътиқодим учунги таъзийқ

Менинг диний эътиқодим ота-онам ва Абдулла қори таъсирида жуда ёшлигимдан шакилланган. Эътиқодли ва ибодатли (қайси динга мансублигидан қатъий назар) одамларга айрича бир эҳтиром билан қарашимни яширмайман. Чунки бундай инсонлар (радикаллардан ташқари) асосан яхши одамлар бўлишини ўз ҳаётий тажрибамдан биламан.

Сурат-4

Совет замонида кўплаган эътиқодли мусулмонлар каби ибодатни яширинча қилганмиз. Горбачевнинг демократия ва ошкоралик замонларида қатор масжидлар қуриб, бузрукларга мақбаралар барпо қилиш насиб этган ва бунинг учун партиявий чора олиб, мансабдан туширилганмиз.

Истиқлолдан кейин масжидлар қуриш ва бошқа саҳоват ишларини давом қилдирдик. Исломнинг охирги (бешинчи) фарзини адо қилиш учун ҳажга бордим ва бунинг учун Ўзбекистон пахтачилик институти (СоюзНИХИ) Хоразм филиали директорлигидан олиб ташландим.

Сурат-5

Каримовчиларнинг эътиқодим учун мени бундай хўрлашлари эътиқодимни янада кучайтирди. Катта эътиқод ва ихлос билан “Нақшбандия” тариқатига кирдим. “Қуръони каримдан мухтасар сабоқлар” (расм-4), “Тасаввуф ва тариқат ҳақида”, “Ҳадиси шариф ўгитлари” (расм-5) каби рисолалар ёздим. Натижада Каримов режимига хаф солувчи “Диндор” деган қора рўйхатга тушдим.

Меҳнаткаш ҳалқим манфати учун ёзилган
“Вакил” номли рисола ва унинг учунги таъзийқ

Сурат-6

Коммунистлар ҳукмронлиги (Совет) даврида, шундоғ ҳам эрта тонгдан кеч қоронғигача, устларига самолётдан заҳарли химикатлар сепаилсада (сурат-11), даладан чиқмайдиган қишлоқ аҳлини янада қаттиқроқ эзиш учун юқори партия органлари томонидан юбориладиган ва “Вакил” деб номланадиган текин томоқ ва ёқимсиз одамларни ҳалқ яхши билади.

Сурат-7

У замонларда вакилларга катта имкониятлар берилган. Улар қишлоқ хўжалиги соҳасидаги бош мутахасис ва раҳбарларни ишдан бўшатиб, ҳатто қаматиб юборишган. Одий мутахасис ва меҳнаткаш (деҳқон ва чорвадор)ларни ўзлари тўйгунларича калтаклашган. Бундай ноинсоний ҳаракатлари учун эса раҳбариятдан ташаккурлар олиб, юқори лавозимларга кўтарилиб кетишган.
Каримов замонига келиб эса вакилларнинг ҳуқуқ ва имкониятлари янада ошди. Улар энди фермерларни ҳатто тириклайин кўмабошладилар (Uznews, 3-11-2009).

Ўзим ҳам хўжалик раҳбари сифатида турли хил ва даражадаги вакилларни қабул қилдим. Партия ва Ҳокимият органларининг маъсул ходими ўлароқ турли даражадаги вакил сифатида ҳам фаолият олиб бордим ва бу муаммони чуқур ўргандим.

Вакилларнинг, умуман вакилчиликнинг қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда ҳеч қандай роли йўқлигини, аксинча, вакилчилик қишлоқ хўжалиги учун маънавий ва иқтисодий жиҳатдан қип-қизил зарар эканлигини илмий асосда исботлаб бердим.

Сурат-8. Рус тилидаги мақола

Вакилчиликнинг зарари ва уни зудлик билан тўхтатиш лозимлиги ҳақида мажлисларда, газета ва журналларда, телевиденияда қатор чиқишлар қилдим. Булар кутилган самарани бермаганч, “Вакил ёхуд турфа ғоялар” номли китоб ёздим. Уни нашр қилиш ғоят қийин кечди ва ниҳоят президент девони маъсул ходимининг эътиборсизлиги сабаб бу китобни нашр қилишга имконият туғилди.

1999 йилда нашр қилинган “Вакил” номли илмий-сатирик рисолам(сурат-6)да Ҳукумат ва унинг шотир(вакил)лари томонидан “План-қонун!” шиори остида деҳқонларнинг ишига асоссиз ва бесаводларча аралашувлар, вакиллар ва уларнинг эгалари (Ҳукумат) томонидан қилинаётган коррупция ва кўзбўямачиликлар илмий асосда очиб берилган. Бу китоб мутахасислар ва меҳнаткаш ҳалқ томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди.

Бу китоб ўзининг долзарблиги боис икки йил давомида, узликсиз равишда “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги” илмий-ишлаб чиқариш журналида ҳам нашр қилинди (расм-7). Бу китобга таниқли қалам соҳиблари тамонидан: “Жасорат-ла ёзилган рисола ёхуд иллат илдизига урилган болта” каби кўплаган тақризлар ёзилди.

Сурат-9. Турк тилидаги мақола

“Вакил” Архипилаг ГУЛАГга, унинг муаллифи Солженицинга қиёсланган “Ўзбекистон Солженицини ва унинг китоби (Вакили) ҳақида” номли мақолалар ёзилди ва турли хил тилларда ва мамлакатларда нашр қилинди (расм-8 ва 9).

Булар мени нафақат олим, ва шунингдек, ижодкор сифатида ҳам машҳур қилди. Натижада барча ишлардан “ўз аризамга биноан” бўшатилдим. Катта оиламни мардикорлик қилиб боқа бошладим. Бу ҳам етмагнидай ҳаёти ҳам хаф остида қолди Хоразмда. Уйим, мол-мулкимни ташлаб Тошкентга ҳижрат қилишга мажбур бўлдим.

Ватаним биосфера экологияси ва тупроғи учунги
курашларим ва бунинг учунги таъзийқлар

Расулуллоҳ (САВ) ҳазратлари: “Ватанни севмоқ иймондандур” деб алоҳида таъкидлаганлар. Кўплаган иймонли ватансеварлар каби мен ҳам ватаним муаммолари учун бефарқ эмасман.

Мени ватаним биосфера экологияси ва тупроғининг унумдорлиги кўпроқ қизиқтирарди. Чунки ҳалқим фаравонлиги асосан тупроқ унумдорлиги билан боғлиқ бўлса, ватаним мусаффолиги ва ҳалқим саломатлиги биосфера экологиясига боғлиқ.

Агрохимикатлар ҳам сабаб биосфера экологияси ёмонлашаётгани ва тупроқ унумдолигининг пасаяётгани учун уларни яхшилаш мақсадида, кўп меҳнат ва изланиш талаб қиладиган, мураккаб ва қийин соҳа бўлсада “Агрохимия ва тупроқшунослик” мутахаситслигини танлаганман.

Тупроқшунос-агрохимик сифатида ўзимнинг илмий фаолиятимни 1972 йилда Ўзбекистон Фанлар Академиясининг илмий-тадқиқот институтларида бошлаганман. Барча Совет агрохимиклари каби ўсимликлар ҳосилини кўтаришда агрохимикатлар (химиявий ўғитлар ва пестицидлар) қўллашнинг ёрқин тарафдорларидан бўлганман. Бунда, В.Лениннинг: “Социализм шароитида агрохимикатлар тупроқ унумдорлигини муттасил ошириб бораверади”, деган назарияси бўйича агрохимикатларнинг агрономик самараси орқасидан қувиб, унинг экологик асоратларига эътибор қаратмадик.

Сурат-10. Африкада

1981-1984 йилларда Мозамбик(Африка)да ўзимиз ташкил қилган Пахтачилик илмий марказида пахта ва бошқа экинлар ҳосилини агрохимикатлар қўллаб ошириш бўйича тадқиқотлар олиб бордим (сурат-10).
1984 йилдан Америкалик, Португалиялик, Ангилиялик ва бошқа ривожланган капиталистик давлатлар олимлари маслаҳати асосида, айниқса агрохимикатлар юқори нормаларда қўлланилган тупроқларда агрохимикатларнинг экологик асоратларига ҳам эътибор қаратабошладим.

1985 йилдан ўзимнинг илмий ва раҳбарлик фаолиятимни Хоразмда давом қилдирдим. Кўпчиликка маълумки, компартиянинг “План – любой ценой!” шиори остида Хоразм воҳасида узоқ йиллар давомида юқори (олимлар тавсия қилганидан 2-3 мапрта кўп) нормада агрохимикатлар ишлатилган (сурат-11). Бунда хафсизлик қоидалари ва қишлоқ аҳлининг саломатлиги ҳисобга олинмади.

Натижада 1990 йилларга келиб айрим пахта майдонлари экологияси ва тупроқлари унумдорлиги сезиларли даражада пасаябошлагани кўзга ташланабошлади. Бундай майдонларга озроқ нормада солинган минераль ўғитлар самара бермай қўйди. Бундай майдон(тупроқ)ларни деҳқонлар “наркоман ерлар”, деб атай бошладилар.

Сурат-11

Хоразм воҳасида 1985-1994 йиллар давомида олиб борган тадқиқотларимиз асосида ўғитлар самарадорлигини ошириш, тупроқлар экологияси ва унумдорлигини яхшилаш бўйича қатор мақолалар, монографиялар ва тавсиялар нашр қилдик.

1994 йилда “Фан” нашриёти(Тошкент)да менинг “Ўғитлар самарадорлигини оширишнинг илмий асослари” номли ўқув қўлланмам нашрдан чиқди (сурат-12). Китобда дунёнинг турли хил тупроқ-иқлим шароитида, ҳар хил ўсимликларни ўғитлаш усуллари ва ўғитлар самарадорлигини ошириш йўллари кўрсатилган.

Сурат-12

Ва шунингдек, бу китобда, биринчи марта агрохимикатларнинг биосфера экологияси ва тупроқ унумдорлигига салбий таъсири рад этиб бўлмайдиган илмий маълумотлар асосида кўрсатиб берилди. В.И.Лениннинг: “Социализмда биосфера экологияси ва тупроқ унумдорлиги агрохимикатлар таъсирида муттасил ошиб бораверади”, деган назарияси ботил эканлиги, яъни, айнан бунинг акси эканлиги илмий асосда исботланди.

Бу китоб ҳали Ленин ғоялари таъсиридан қутилаолмаган олимлар ва деҳқонлар орасида катта шов-шувга ва тортишувларга сабаб бўлди ва у 1995 йилда Ал-Хоразмий мукофотига сазавор бўлди (расм-13).

1995-2002 йиллар давомида Хоразм воҳасида агрохимикатлварнинг биосфера экологиясига, инсон саломатлигига ва тупроқ унумдорлигига таъсирини ўрганиш бўйича махсус тадқиқотлар олиб бордик.

Тадқиқотлар натижалари агрохимикатларнинг биосфера экологияси ва тупроқ унумдорлигига салбий таъсирининг сабабларини очиб берди.

Сурат-13

Агрохимикатларнинг (айниқса юқори меъёрларда) қўлланилиши натижасида тупроқ таркибидаги биосфера (тупроқ) экологиясига салбий таъсир кўрсатувчи Сd, Ni, Cr каби оғир металлар 2–2,5 баравар, пестицидлар қолдиқлари 3 – 3,2 бараварга ошган.

Тупроқ таркибидаги фойдали макро ва микро организмлар миқдори 2–3 марта камайган. Тупроқ унумдорлигининг асосий кўрсаткичи бўлмиш гумус (чиринди) 12–17 % га, ўғитлар самарадорлиги 30–40 % га камайган. Фақат агрохимикатлар сабаб Хоразм воҳаси аҳолисининг саломатлиги эса 17–21% га ёмонлашган.

Тадқиқотлардан олинган маълумотлар асосида ўсимликларни ўғитлашнинг экологик ва иқтисодий мақбул бўлган услубини яратганмиз. Бу услубимиз “Пахта экилган тупроқни ўғитлаш услуби” номи билан ихтиро (патент-№ IDP 04369) сифатида тан олинган (сурат-14).

Сурат-14

Бу тадқиқотларнинг асосий натижалари қатор илмий мақолалар, монографиялар, ўқув қўлланмалар ва ишлаб чиқаришга тавсиялар шаклида нашр қилинган. Шунингдек бу (биосфера экологияси ва тупроқ унумдорлиги) муаммо ва уни ҳал қилишга зудлик билан киришиш ҳақида ҳалқ депутатлари сессияларида, газета ва журналларда, радио ва телевиденияда кўп марта бонг урганман. Афсуски мамлакат раҳбарияти томонидан менинг бу саъий ҳаракатларим эътиборсиз қолдирилаверди.
Агрохимикатлар қўллаш билан юзага келаётган муаммолар ва уларни бартараф қилиш борасидаги таклифлар билан мамлакат президентига қайта-қайта мурожат қилдим. Афсуски, менинг мурожатларим эътиборсиз қолдирилаверди. Тупроқ унумдорлиги ва биосфера экологияси ёмонлашишда давом қиларди (ҳозир ҳам давом қилмоқда).

Сурат- 15

Ва ниҳоят мен мамлакат президентига интернет сайтлари орқали мурожат қилишга мажбур бўлдим:

Менинг президентга биринчи мурожатим Centrasia (13.01.2005) сайтида: “Ўзбек ҳалқини қандай қилиб экологик тоза маҳсулотлар билан таъминлаш борасида профессор А.Хоразмийнинг академик (президент) И.Каримовга мурожати” номи билан эълон қилинди.

Бу мурожатимга ҳеч қандай жавоб бўлмагач, шу сайт орқали 23.02.2005 да: “Профессор Хоразмийнинг академик Каримовга очиқ хати. Ўзбекистон тупроқларини Орол денгизининг тағдири кутаяпти” номли кейинги мурожатим эълон қилинди. Бу мурожатда муаммонинг долзарблиги ва уни ҳал қилиш йўллари кўрсатилганди.

Бу борадаги президентга қилган барча хилдаги мурожатларим эътиборсиз қолаверганидан кейин “Агрохимикатлар билан биосфера экологиясини булғашни бас қилинг!” (Прекратить загрязнение экологию биосферы агрохимикатами!) ва “Президент бобо. Бизга бузилмаган ва булғанмаган замин қолдиринг!” (Дедушка президент. Оставтье нам не разрушенных и не загрязненных земля!) деган ёзувлар билан оилавий пикет қилдик (сурат-15).

Сурат-16.

Ойлаб кутсакда бу сай-ҳаракатларимиз ҳам Ҳукумат томонидан эътиборсиз қолганидан кейин, пахтачилик соҳасидаги таниқли олим Қурбон Розиқов билан: “Муҳтарам президент. Она заминимизни ҳалокатдан асраб қолайлик!” ва “Агрохимикатлар билан биосфера экологиясини булғашни бас қилинг!” ёзувларини кўтариб Ҳукуматнинг коррупциялашган аграр сиёсатига қарши пикет қилдик (сурат-16).

Бизнинг бу тадбиримиз Erkinyurt (23.03.2005) ва Centrasia (30.03.2005) сайтларида: “Ўзбекистон олимларига очиқ мурожат. Сиёсатга эмас, Ҳақ ва ҳалққа хизмат қилайлик!” сарлавҳаси билан нашр қилинди.

Бизнинг мурожатимизда мамлакатнинг аграр соҳадаги ҳақиқий аҳволи ва муаммолари очиб берилган эди. Бу муаммоларни ҳал қилиш учун олимларни айрим “олим”ларга ўхшаб сиёсат ва ҳукумат истаклари бўйича лаганбардорлик қилиш билан эмас, ҳақиқий илм-фан билан шуғулланишга чақирганмиз.

Менинг биосфера экологияси ва мамлакат аграр секторидаги муаммоларни ҳал қилиш борасидаги тинимсиз курашувларим учун мени (ва менга ўхшаганларни) “аттестациядан ўтмади” деган сохта баҳона билан ишдан бўшатишди…

Адолат излаб

Мени ноҳақ ишдан бўшатишгани ва бу борада адолат сўраб Ўзбекистон президенти(И.Каримов)га, мамлакат бош прокурорига, Ўзбекистон Парламенти (инсон ҳуқуқлари бўйича Омбуцман)га, ҳалқаро ташкилотларга қайта-қайта мурожат қилдим.

Менинг бу мурожатларим интернет сайтларида (Erkinyurt-03.01.2005) ва (Centrasia-04.03.2005) ҳам: “Ўзбекистон президенти И.Каримовга очиқ хат. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 415-сонли қарорини дискредитация қилувчи ҳужжат эканли учун ҳам Ўзбекистон аграр олий ўқув юртларини аттестация қилиш комиссиясининг қарорини бекор қилишингизни сўрайман” сарлавҳаси билан эълон қилинди.

Сурат-17. Хоразмийлар пикетда

Очиқ хатда, қатор китоблар ва ихтиролар муаллифи, мамлакатда агрохимия соҳасида нафақада бўлмаган ягона фан доктори, профессор бўлишимга қарамай сиёсий (биосфера экологияси ва тупроқ унумдорлиги учунги курашларим) сабаб мени “аттестациядан ўтмади” деган бахонада ишдан бўшатишди, деб таъкидланган бўлиб у хатга бу сабабларни тасдиқловчи қатор тегишли ҳужжатлар ҳам илова қилинган.

Менинг бу саъий ҳаракатларим бўйича ҳеч кимдан, ҳеч қандай муносабат бўлмаганидан кейин Ҳукумат идоралари олдида: “Муҳтарам президент. Арзимизни эшитиб адолат ўрнатинг! Фарзандларимнинг қўлида эса: “Президент бобо. Адажонимизни ноҳақ ишдан бўшатдингиз”, каби плакатлар билан оилавий пикетлар қилабошладик (сурат-17).

Бизнинг бу тадбирларимиз турли одамлар (шу жумладан МХХчилар) томонидан суратга туширилар, “Озодлик” ва “ББС” каби ҳалқаро радиолар бу ҳақда ахборотлар тарқатишарди.
Кечаси соат 10 лардан кейин уйга қора куртка кийган бирнеча одамлар бостириб кириб келишди ва ўзларини Ҳукумат вакиллари (аслида МХХ ходимлари) деб таништиришди. Яна пикетга чиқадиган бўлсак, бизни наркотик сотувчи ёки террорист сифатида нафақат қамаб юборишлари, ҳатто жисмоний йўқ қилишлари ҳақида огоҳлантиришди.

Шу боис БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарига интернет сайтлари орқали рус (Centrasia-31.03.2005) ва инглиз (Ozodovoz-6.04.2005) тилларида: “Мени ва оила аъзоларимни Ўзбекистон Ҳукумати репрессиясидан ҳимоя қилинг!”, деб мурожат қилишга мажбур бўлдим. Бу мурожатларим “Озодлик” радиосида ҳам эшитдирилди.

Менинг биосфера экологияси, қишлоқ хўжалигидаги муаммолар ва адолат сўраб қилаётган курашларим олимлар ва жамоатчилик диққат марказида бўлди. Шу боис бу бўйича радио ва интернет сайтларида кўплаган муносабатлар ва тортишувлар бўлиб турди.

“Илмий асосланган агротехнологиянинг бузилиши – Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги издан чиқишининг асосий сабабидир” (Centrasia 23.04.2005) деб номланган шундай муносабат (мақола)лардан бирида: “Ўзбекистон ҳукуматининг А.Хоразмий ва Қ.Розиқов каби олимлар таклифига қулоқ солмаётгани мамлакат қишлоқ хўжалигининг издан чиқишига сабаб бўлмоқда”, деб таъкидланади.

Сурат-18. А.Хоразмий Конференцияда

2005 йил ноябрда, Лондон Университетининг таклифига биноан “Жаҳон пахтачилиги муаммолари” мавзусидаги ҳалқаро илмий конференцияда “Ўзбекистон пахтачилигида қўлланилаётган агрохимикатларнинг экологик муаммолари” мавзусида маъруза қилдим (сурат-18).

Менинг бу маърузам қарсаклар билан олқишланиб турди ва унинг айрим лавҳалари ББСда ҳам кўрсатилган. Бу эса менинг Ўзбекистон ҳукумати билан бўлган шундоқ ҳам мураккаб муносабатларнинг баттар таранглашишига сабаб бўлган. Натижада Каримов режими душмани сифатида Ўзбекистон эшиклари мен учун ёпилган. Шу тариқа ўзим истамаган ҳолатда муҳожиротга юз тутишга мажбур бўлдим…

Муҳожиротдаги курашларим ва бунинг учунги таъзийқ

Сурат-19. А.Хоразмий Тасаввуф ва тариқат ҳақида маъруза ўқишда.

Аввал таъкидлаганимиз, Каримов режими душманига айланиб, мухожиротга юз тутишимга менинг Ўзбекистондаги: 1-Диний, 2-Адабий (“Вакил” билан боғлиқ) ва 3-Илмий (экология учунги кураш) фаолиятим сабаб бўлган.

Бу фаолиятим учун чексиз таъзийқларга учраб, ватанимдан бадарға қилинган бўлсамда мен бу фаолиятимдан муҳожиротда ҳам воз кечмадим.

Диний йўналишда: “Ҳадиси шариф ўгитлари”нинг 2-нашрини чоп қилдим (сурат-5), “Тасаввуф ва тариқат ҳақида”, “Тасаввуфга тош отманг”, “Тасаввуф ва Исломда муросага таклиф” каби қатор мақолалар ёздим.

Буюк Британиянинг марказий (жомеъ) масжидларида “Тасаввуф ва тариқат ҳақида”, “Ўзбекистонда Ислом”, “Баҳоуддин Нақшбанд таълимоти ва тариқати” мавзуларида маърузалар ўқидим (сурат-19).

Илмий йўналишда: Олим сифатида ҳам ватанимга, ҳалқимга, илм-фанга фойдаси тегадиган: “Ўзбекистонда буғдойни ўғитлашнинг илмий асослари”, “Агрохимикатларнинг экологик муаммолари”, “Жаҳоннинг ҳар хил қитъаларида фитоценозларга ўғит қўллаш тизими”, “Агрохимиянинг ифодаси, талқини ва ўқитиш технологияси”, “Биосфера экологияси ва тупроқ унумдорлиги учунги оғир кураш” каби ўнлаб илмий ва услубий мақолалар эълон қилдим.

Адабий (публисистик) йўналишда ватаним муаммолари ёритилган: “Ўзбекистон таълим системасидаги муаммолар”, “Каримовча аттестация ҳақида”, “Ўзбекистоннинг тағдири кимларнинг қўлида?”, “Каримов қароқчиларидан қутқаринг!”, каби ўнлаб таҳлилий мақолалар эълон қилдим. Ва булар Ўзбекистонда ўз самарасини кўрсатаяпти.

Албатта, Каримов(МХХ)чилар ҳам қараб ўтиргани йўқ. Аввало мени Ўзбекистоннинг тутуруқсиз матбуоти(Қишлоқ ҳаёти)да фелетон қилишди. Бу билан ҳам мени тўхтата олмаганларидан кейин сохта ва сийқаси чиққан айбловлар билан қизимни, укамни қамаб юборишди.

Сурат-20. Фарзандлар турмадаги онаси билан учрашувда

Кўп ўтмай фарзандларимнинг онаси – ногирон кампирни ҳам 5 йилга кесиб юборишди (сурат-20). 10 – 13 ёшли ногирон фарзандлар кўчада қолиб кетишди. Улар Каримов режими душманининг (яъни менинг) фарзандлари экани боис, ҳатто яқин қариндошлар ҳам уларга ёрдам беришга қўрқишди. Натижада улар (уларни Ангиляга келтиргунимча) унинг-бунинг эшигида (сурат-21), бозорларда (сурат-22) мардикорлик қилиб юрдилар.

Шундан кейин ҳам ватансевар бир муҳожир сифатида “Ўзбекистоннинг тутуруқсиз ва ҳуқуқсиз матбуоти”, “Доктор Ойдин Солиҳнинг китоби ҳақида”, “Агрохимикатлар – Ўзбекистоннинг асосий экологик муаммоси”, “Вакилнинг фойдаси ва зарари ҳақида” каби мақолалар эълон қилдим. Мутахасис-олим сифатида “Озодлик”, “ББС” каби ҳалқаро радиоларда тез-тез чиқишлар қилиб турдим.

Каримовчиларни менинг бундай фаолиятим баттар қутиртирди: Яқиндагина бирнеча йил ўтириб келган укамни: “Акам Ҳақ ва ҳалқ учун курашаяпти”, дегани учун яна қамаб юборишди.
Қизим ва Университетни қизил диплом билан битириб 10 га яқин илмий-услубий мақолалар эълон қилган ўғлимга ташланишганида улар Россияга қочиб жон сақлашаяпти. Вилоят УВД да ишлаётган қариндошимни ишдан бўшатишди ва у ҳам Россияга қочди.

Сурат – 21. 10 ёшли ўғлим мардикорликда

Кўпчилик қариндошларим, ҳатто айрим фарзандларим ҳам: “Иймон, ҳалқ, ватан экологияси учун курашиб Каримовчилар душманига айландингиз. Сиз сабаб бизга ҳам кун йўқ. Ҳаётимиз гоҳ қамоқда, гоҳо сизга ўхшаб мухожирот (Россия)да ўтаяпти. Сизнинг фаолиятингиз сабаб қамалганимизни ҳамма қатори ўзимиз ҳам яхши билсакда сўраган одамга –Ўзимиз жиноят қилиб қамалдик, айб ўзимизда. Каримовга рахмат, қамоқда биз учун идеал шароит яратиб қўйди, дейишга ҳам мажбурмиз”, деганларида ич-ичимдан эзилиб кетаман. Лекин улар (менинг яқинларим)нинг манфати ватан, ҳалқ ва Ҳақ манфатларидан кейин туришини тушинарлар вақти келиб ва мени кечирарлар…

Каримовчилар мени бадном қилиш учун турли хил номлар остида, ҳатто Каримов режимига мухолифатда бўлган сайтларда ҳам бўҳтонлар эълон қилабошладилар.

Булар ҳам етмаганидай, Хоразмда менга атаб қурилган қабрни ҳам Каримов (МХХ)чилар намоишкорона бузиб ташладилар. Ва бу билан Каримов режими мухолифларини нималар кутаётганини кўз-кўз қилиб, ҳалқнинг юрагига қўрқув солиб қўйдилар.

Сурат-22. 11 ёшли Улуғбек мардикорликда

Бу биланда менинг овозим ўчмади: “Ижодкор (журналист) сўзининг қудрати”, “Тупроқ (ер) бонитетининг агротехник омиллар таъсирида ўзгаришини ҳисоблаш услуби”, “Тарихда қолишнинг Каримовча усули”, Раҳбар из қолдириши керак”, Арбоб(МХХ)нинг минг бир боби”, “Таълимдаги экологик муаммо, тадқиқот ва тарбия” каби мақолалар ёзишда бардавом бўлаяпман.

Каримов(МХХ)чиларнинг билвосита билдиришларига қараганда ватан, ҳалқ ва Ҳақ учунги курашларимни бас қилмасам улар менга охирги чора – Алишер Соипов, Обид қори Назаровларга қўллашган услуб(менинг ҳаётимга қасд қилиш)ни қўллашмоқчи.

Хулоса қилиб, яна бир бор шуни таъкидламоқчиманки, ҳалқим фаравонлиги, ватаним биосфераси экологияси ва тупроғи учунги курашларим менга жуда қимматга тушаётган бўлсада, бу йўлимдан қайтиш ниятим йўқ! Агар бу йўлда, Каримовчиларнинг қурбонига айлансам, ватаним, ҳалқим мени шаҳид деб билгай иншаОллоҳ.

Нақшбандия тариқати сўфийси,
қишлоқ хўжалик фанлари доктори,
Ўзбекистон Фанлар Академияси
ва Ал-Хоразмий мукофотлари лауреати, 
профессор Ахмад ҳожи Хоразмий. 

Буюк Британия, Стокпорт шаҳри.