O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Эҳ, мукофотпараст халқим-а!

Эҳ, мукофотпараст халқим-а!
509 views
24 August 2021 - 15:31

Сентябрь яқинлашар экан, Ўзбекистонда яна урра-урра Мукофот Фасли бошланади, тақдирлаш куйи авжига чиқади. Бизчалик мукофотпараст, унвонга ўч, иззат-эътиборталаб халқ борми дунёда? Ҳукумат ҳар байрамда (энди ҳар ой десаям бўлади) ўзининг юқори, ўрта ва қуйи тизимларида ўзига юкланган ишни сал-пал эплаб ё ими-жимида бажарганларнинг кўксига турли-туман медаль ё орден тақишдан, ёрлиқлар улашишдан ҳечам чарчамайдур.

Ҳар йили мукофот олмаган ҳеч ким қолмади-ку, деб ўйлайсан, аммо рўйхат тобора аччиқ ичакдай чўзилиб бораверадур. Ҳеч ким бу мукофот ўзи нимага берилади-ю уни ким илиб кетди, деб қизиқмайди. Аксинча, мукофотланганлар янада хурсанд бўлиб, ош-пошга эриши учун бўлса керак, “мўровўсин”лашдан толмаймиз. Ҳозир айниқса ижтимоий тармоқларда мукофот тортиқ қилувчилар жуда кўпайган, ўшаларгаям лаққа тушиб юраверамиз. Зўр халқмиз-а!

Энди бошқа тарафда ҳукумат мукофотчилари рўйхатига тушмай қолганлар ўзининг қўлбола мукофотларини эълон қилиши урфга кирди. Бизни рағбатлантиришмаётган экан, ўзимизни ўзимиз мукофотлай қоламиз-да!

Чет эллардан турли-туман мукофотлар оладиганлар сафи кенгайиб бошлади: фалон каромат учун сохта олтин медалдан тортиб оддийгина тадбирда иштироки учун учбурчак муҳрли ялтироқ дипломгача! Фейсбукда баъзи фикри очиқ ёшлар ундайларнинг устидан мазах қилиб чиқа бошлади. Яхшиям бир-биримизнинг юзимизга кўзгу тутадиганлари бор халқмиз!

Куни кеча орамиздан ҳатто “Турон халқ ёзувчиси” унвонини олганлар, олтин медалли ғалати академиклар, фахрий аъзолар кўкрак кериб чиқиб келди! Ҳамма нарсага кўр-кўрона ишониб кетаверадиган оригинал халқмиз-да!

Масалан, МЧЖ шаклида очилган “Турон фанлар акадамияси” қошидаги Институтнинг мақсади “ташкилотлар ва аҳолига турли хизмат фаолияти орқали, ҳар хил йўналишдаги фирмаларни ташкил қилиш йўли билан, ҳамда ташкилотлар талабини қониқтириш ва фойда олиш” экан, қойилмисиз!

Ушбу АКАДЕМИЯ исталган соҳа вакилларига – ўқитувчидан тадбикоргача, фармацевтдан табибгача, ёзувчи-ю рассомгача – Академик, Фахрий академик, Фан доктори, Фахрий фан доктори, Профессор, Фахрий профессор, доцент, аъзо, фахрий аъзо каби унвонларни шартта бериб юбораверар экан! Фақат, уставда кўрсатилишича, бунинг учун Турон ФА банк ҳисоб рақамига энг кам иш ҳақининг 5 баробар миқдоридан 100 баробар миқдоригача пул ўтказиб қўйилса бас! Маззами?

Эй онажон халқим, илоё ҳар бир ватандошингнинг кўксида ҳамиша тилла медаль, йўғ-э, закийлик, инсонийлик, камтаринлик, беғуборлик ялтираб турсин! Бошқа мукофоту унвонлар бекор!

Аъзам Обид

Манба: Facebook.com