ЮЗСИЗ ОДАМЛАР
Қулмурод Кимсанов туман статистика бўлимида оддий мутахассис эди. У ҳар доим бўлим бошлиғи танбеҳларини эшитиб, ишни ҳам ўлда жўлда адо этарди. Бу тебса тебранмас одамнинг боридан йўғи дедими, ишқилиб кейинги пайтларда бошлиқ унга иш буюрмайдиган бўлди.
Шундай кунларнинг бирида вилоят раҳбари туманга ташриф буюрди.Туман иқтисодига оид маълумотларни бўлимдан талаб қилди. Ўчакишгандай шу куни бўлим раҳбари иш жойида эмасди. Бу вазифани бажариш Қулмурод Кимсанов зиммасига тушди. У иккиланиб ўтирмай, маълумотномани бор ҳолича раҳбарга узатди. Вилоят раҳбари қоғозга узоқ кўз югуртириб чиққанидан сўнг туман ҳокимини ёнига чақириб, айрим ёлғон ҳисоботлар учун уни изза қилди. Кетар чоғида қулваччадай таъзим бажо келтириб турган Қулмуродни ўзига имлади:
— Тўғрилик инсоннинг зийнати — деди унинг елкасига қоқиб. — Мана шундай кетинг, асло кам бўлмайсиз…
Катта раҳбар кетди-ю, бояқиш Қулмуроднинг боши калтакдан чиқмай қолди. Туман ҳокими «айбни очиб қўйгани» учун уни нари олиб бориб, бери олиб келди. Охири чидай олмай бақирди:
— Йўқол кўзимдан!
Бояқиш Қулмурод икки-уч кун бошини кўрпага ўраб ётди. Аммо бирорта ҳамкасби уни йўқлаб келмади. Шунда елкасига шапатилаб, далда берган вилоят раҳбари эсига тушди-ю, типирчилаб қолди. У билан учрашиш иштиёқига тушди. Ҳокимнинг қабулига кириш учун узоқ навбат кутди. Ҳоким уни дарҳол таниди. Қулмурод туман ҳокими билан бўлиб ўтган можарони ипидан игнасигача қолдирмай сўзлаб берди.
— Тўғри гапнинг тўқмоғи бошимга тушди, — деди кўзларига ёш олиб. Ҳоким қовоғини солиб, бироз ўйлангач:
— Мен сизни тушундим. Хотиржам бўлинг, бу ёғини ўзим ҳал қиламан, — деди.
Орадан уч-тўрт кун ўтиб, Қулмурод Кимсанов вилоят қишлоқ хўжалик бошқармасига раҳбар бўлди…
У ўзига мана шундай мартабани инъом этган ҳокимни ўзига пир санади. Унинг оғзидан чиққан сўз учун жон фидо қилишга қасамёд айлади. Кўримсизгина, аммо ёпишган жойини ўйиб оладиган бундай одамни ўз яқинига олган раҳбар “Одам танлашда адашмабман” дея хурсанд бўлди. У мажлисларда Қулмуроднинг номини алоҳида ҳурмат билан тилга оларди. Қулмурод раҳбарнинг гапидан тамоман ўзини йўқотиб, залда ўтирганларга виқор билан кўз қирини ташлар, «Билиб қўйларинг, мен шунақа одамман!» дегандай бўларди.
— Ё тавба! Каттанинг кўнгли шу пандавақига тушди-я! — дея таажжубланарди кўпчилик.
Узундан узоқ чўзилган йиғилишлардаги дилхираликлардан юрак олдириб қўйганлар «Қачон тугаркин-а!» деб турган вақтларда Қулмурод Кимсанов минбарга кўтарилиб, раҳбарнинг қилаётган жонбозликлари ҳақида оғиз кўпиртиришни одат қилганди. Бу кўпчиликнинг эътирозини қўзғар, энсасини қотирар, одамлар бесаранжом бўлаётганини кўрган раҳбар қўлидаги қаламни графин четига уриб, уларни тартибга чақирарди.
Кейинги йили Қулмурод Кимсанов раҳбарга маслаҳатчи бўлиб олди. Энди унинг юриш-туриши буткул ўзгарди. У хизмат машинасидан туша солиб костюмини тирсагига иладиган, пальтосини ҳам елкага елвагай ташлайдиган одат чиқарди. Чунки бош раҳбар шундай қилади-да! Гапираётганида ўқтин-ўқтин бош силкитиб қўйишни ҳам ундан ўрганди.
Шундай қилиб, чекка бир тумандаги иш жойида раҳбарларидан дакки эшитиб юрган бир тавия арбобга айланди-қолди. Унинг режалари бисёр эди, бироқ уларни амалга оширишга улгурмади. Унинг “пир”и бошқа вилоятга ишга тайинланди. “Ана энди Қулмуроднинг бурнини ерга ишқаймиз”, деди кўпчилик. Буни эшитиб, Қулмуродга бир қадар ачиндим ҳам.
Айтишларига қараганда, янги раҳбар анча қаттиққўл, талабчан одам экан. Ишга тайинланган куни ҳаммамиз билан бирма-бир кўришди. Катта залда янги ҳокимга ходимларни таништириб бораётган одамнинг товуши қулоғимга чалинганда, ҳайратдан оғзим очилиб қолди. Ахир бу Қулмурод-ку! Ҳа-ҳа, бу ўша – елпатак Қулмурод! Ўгирилиб қарарканман, ҳушим бошимдан учай деди. Негадир унинг юзи кўринмасди. Ё алҳазар! Юз ўрни теп-текис! Ўнгимми-тушимми?! Ёки тобим қочиб, алаҳсираяпманми?..
Гандираклаб кетганимни кўрган ҳамроҳим мени суяб, четроққа етаклади.
— Менам ҳайрон қолдим, — деди ранги оппоқ оқариб. — Алаҳсираяпманми, деб ўйловдим. Қаранг-а, бўй-басти, овози айнан Қулмуродники. Аммо…
Шеригим ўзини хотиржам кўрсатишга уриниб, кулимсирамоқчи бўлган эди, жағи бир томонга қийшайиб кетди.
— Ахир унинг юзи йўқ-ку!
— Балки бордир… Кўзимизга шунақа кўрингандир…
— Йўғ-е, бўлиши мумкинмас. Ана, бошқаларни бинойидек кўряпмиз-ку, — дедим ҳокимни ўраб турганларга ишора қилиб. Шеригим ўша томонга қаради-ю, юзи таажжубданми, ҳайратданми, баттар қийшайиб кетди. Унинг аҳволини кўриб, юрагим шувиллади. Секингина ўгирилиб қарарканман, “Ё алҳазар!” деб юбордим. Янги ҳокимнинг атрофини ўраб олганларнинг ҳам юзи йўқ — юз ўрни теп-текис эди! Улар бири олиб, бири қўйиб янги раҳбар шаънига мақтовлар ёғдиришар, қўлларини кўксиларига қўйиб ялтоқланишар, овозлари қаердан чиқаётганини англаб бўлмасди…
* * *
Бу воқеа қайси вилоятда бўлиб ўтганини ёзмадим. Сур-суру, савол-жавобларга тоқатим қолмаган. Қолаверса, юзсиз одамларни ўзингиз ҳам кўриб юргандирсиз, биродари азиз?
Сотволди Ражабов
Манба: mspressa.uz