“Озодлик” радиосининг хабар беришича хорижга чиқаётган ўзбекистонликларнинг паспортига юмалоқ муҳр уриш чеклаб қўйилибди. Ўтган ҳафта четга чиқувчилар оқимини тўхтатиш учун паспорт столлари мулозимларига қатъий кўрсатма берилган.
Бундан ташқари, маҳаллаларда четга чиқишга интилаётганлар ҳакда билги тўплаш ишини маҳалла оксоколлларига буюрилгани ҳам ҳаммага маълум.
Юмалоқ муҳрни олиш махалла “Оқсоқоллар”нинг “юмалоқ” (чақимчилик) хати”га боғлиқ эмиш.
Бу “оқсоқол”ларнинг қора ишларини илҳом билан давом эттираётганини бутун эл кўриб турибди ва улар халқни бездирди дейди, тошкентлик бир ўқувчимиз.
“Озодлик” радиосининг Андижон¸ Хоразм ва Сурхондарëдаги манбаларининг айтишича¸ четга чиқиш эҳтимоли юксак бўлган кишиларнинг янги биометрик паспортларига юмалоқ муҳр уриш атайлаб кечиктирилмоқда.
Ўтган ҳафта Тошкентда туман паспорт столлари ва ОВИР идораси мулозимлари махсус суҳбатдан ўтишган.
– МХХ ва прокуратура вакиллари иштирокидаги бу суҳбатда одам савдоси ва фуқароларнинг чет элларда турли экстремист гуруҳларга қўшилиб кетишини олдини олиш учун алоҳида ҳушëрлик зарурлиги уқтирилди. Хусусан, 18 ëшдан 35 ëшгача бўлган аëллар¸ 18 ëшдан 45 ëшгача бўлган эркакларнинг чет элга чиқиб кетиши эҳтимоли юқори бўлса, уларнинг паспортларига юмалоқ муҳр қўйишни кечиктириб туриш топширилган¸ – дейди “Озодлик”нинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси.
Унга кўра¸ бу “тавсия”нинг биометрик паспорт ва чиқиш визасини бериш жараёнига алоқаси йўқ.
Ўзбекистон фуқаросининг паспортида юмалоқ муҳр бўлмаса, у Россия Федерацияси ва бошқа МДҲ мамлакатлари ҳудудига сафар қила олмайди.
Озодликка Андижон вилоятининг Пахтаобод туманидан мурожаат қилган ва ўзини Абдусалом деб таништирган 32 яшар тадбиркор айни туманда янги паспортга юмалоқ муҳр уриб бермаëтганидан шикоят қилди. У ўзи ва яқинлари олган янги биомертик паспортда юмалоқ муҳр бўлмагани учун Россияга кетаолмаëтганини билдирди.
Хоразм вилояти Хазорасп тумани “Мухомон” қишлоғидан ўзини “Рўзмат” деб таништирган 38 яшар дурадгор “Озодлик” билан суҳбатда паспортини янгилаганидан кейин Ўзбекистондан чиқа олмаганидан нолиди:
– Мен ўзи Россиядаги ëғочни қайта ишлаш корхонасида ишлар эдим. Паспорт сроки тугаганидан кейин уйга алмаштиришга бордим. Қанча чиқим билан биометрик паспортни олдим. Лекин юмалоқ муҳр қўйиб беришмаяпти. Сўрасам сабабини ҳам айтмади. Кейинроқ келинг деб пайсалга солишяпти, – дейди суҳбатдош.
“Озодлик” манбалари бу ҳолатни Ўзбекистон шаҳар ва туманларидан хорижга чиққан меҳнат муҳожирларини Ўзбекистонга қайтаришга қаратилган тарғибот ва ташвиқот ишлари билан боғлашди.
Навбатдаги таъқиқ яна коррупцияга йўл очди. Сурхондарёнинг Қизириқ туманида яшовчи, исмини очиқламасликни сўраган йигитнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, у яқинда биометрик паспортга юмалоқ муҳр бостиришга муваффақ бўлган.
Бу муҳр учун 100 АҚШ доллари миқдорида пора беришга мажбур бўлган:“Юмалоқ печать 100 долларга чиқди. Шу печатсиз Россияга чиқа олмаймиз. Паспорт столлар олдида жуда узун навбат. Шунинг учун тезлатсин, деб 100 доллар бердим. Россияга кетишим керак эди. Паспорт столда ҳаммаси бепул деб ёзиб қўйибди. Лекин ҳар бир бланкани 1000 сўмдан мажбурлаб олдираяпти”, деди сурхонлик йигит.
Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб эски паспорт билан хорижга чиқиш тўхтатилиши эълон қилиниши ортидан мамлакатдаги паспорт бўлимлари олдида турнақатор навбатлар пайдо бўлди.
“Озодлик” радиоси манбаларига кўра, биометрик паспорт учун ариза топшираётганларнинг қарийб 90 фоизи хорижга ишлагани кетаётган фуқаролардир.
Бунинг устига жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Давлат персоналлаштириш маркази вилоятларга бериладиган биометрик паспортлар сонини чеклаб қўйди.Расмий маълумотга кўра, ҳозир республика бўйича биометрик маълумотлар олаётган ва паспортларни тайёрлаб бераётган аппаратлар сони 200 тадан ортиқдир. Бу аппаратлар томонидан кунига берилаётган паспортлар сони февралдан бошлаб, 150тадан 70тага тушириб қўйилган.
Бу чеклов ҳам фуқароларнинг биометрик паспорт олишини қийинлаштирмоқда. Вилоятларда биометрик паспорт олиш учун одамлар ойлаб навбат кутмоқда. Паспорт бериш бўлимлари олдида ҳар куни 300-400 кишилик навбатлар пайдо бўлган.
Жорий йилнинг 1 июлидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари чет элга фақат биометрик паспорт билан чиқиши мумкинлиги ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 февралда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга чиқиши тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қароридан сўнг паспорт бўлимлари олдида турнақатор навбатлар пайдо бўла бошлади.
Айни пайтда Ўзбекистон Президенти фармонида эски русумдаги паспортлар 2015 йилнинг 31 декабригача амал қилиши белгилаб қўйилган, деб хабар қилади “Озодлик” радиоси.
ЎХХ ахборот бўлими