O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Юрагимиз нечта?

Юрагимиз нечта?
30 views
11 June 2013 - 10:54

Бозорда эркаклар пайпоғини  сотиб ўтирган киши ёнига яқинлашдим, ювганда ранги чиқиб кетмайдими, деган саволимга “Агар чиқиб кетса, топган пулим ҳаром бўлсин, берган пулингизни боламнинг ўлигига  ишлатай”,деди. Дарҳол  уч жуфт пайпоқ сотиб олдим.

Ҳар гал пайпоқни юваётганимда қоп-қора ранг гуё пайпоқдан эмас, менинг сим-сиёҳ дилимдан оқаётгандек титрашга тушаман. Нега ўша саволни  бердим, нега уни қасам ичишга мажбур этдим дея.

Шўро даврида ёғи олинган сутни чўчқахоналарга жўнатишган.Чўчқабоқарлар ёғсиз сут чўчқаларнинг ошқозонини бузади(!), дея уни ичирмай, сувга оқизишган. Ҳар гал чақалоғимга сут олгани уйдан чиқар эканман, шўро даврининг чўчқаларига ҳавасим келади.

Мен Фридрих Ницшени ёмон кўраман, лекин унинг бир фикрига қўшиламан “Одамлардан қоч! Тоққа,бўриларга!” дейди у.

Аллоҳ таоло Қуръонда:” Асрга қасамки, инсон зиён-заҳмат ичидадир” дея марҳамат этади. Бозорни мен зиён-заҳмат  бало, офат кўпириб турган денгизга ўхшатаман. Агар бозорга киришдан аввал, бозорга киришда ўқиладиган дуони ўқимасам, албатта алданаман, ўша денгизга чўкаётганга ўхшайвераман. Шунда тоққа , бўриларга қочгим келиб қолади, бўриларни соғинаман. Зикр Билан қуролланиб, сўнг шайтоннинг масжидига кирганимда эса, зирҳим ила ҳар қандай балодан омон чиқаман. Зикрни унутган,зирҳсиз кечаётган кунларимиз гуё Юнус алайҳиссаломни ютган балиқнинг қорнидек тор ва зулматлидир. Зеро, Юнус алайҳиссалом зикр ила у қоринни саройга айлантирган эдилар.

Яна бошларимиз нафс отлиқ зулмкорга ҳадя бўлиб кетаётганидан хавфдаман,гуё Закариё алайҳиссаломнинг боши Бани Исроил золимларига ҳадя этилгани каби.

Кўнгиллар бир-бирин севмас ҳолатдамиз, дил сиёҳ рангида Фиръавннинг соқоли мисол(Илк соқолини қорага бўяган инсон  Фиръавн эди. “Соқолларингизни қорага бўяманг, у жаҳаннамнинг рангидир”, дея марҳамат  этган эдилар Расуллуллоҳ с.а.в.). Кўчага  чиқишим билан ерга қарайман, ерга ачиниб кетаман, чунки ҳамма унинг юзига тупурган.

Қаёққа қарай?! Қуёшга қараб бўлмаса…  Мўминларнинг қалбидаги нурнинг саксон мингдан бир бўлагига эга ўша қуёш ҳам  фақат оламни ёритар, бизнинг сим-сиёҳ  дилларимизни ёрита билмас.

Одатда ОИТС (СПИД) деганда ҳаммани ваҳм қоплайди. Аслида унинг давоси бор. У орттирилган иммунитет танқислиги, аммо туғма, азалий, мийсоқдаёқ орттирилган иммунитет  танқислиги номли бир хасталик бор. Инсониятда ўша иммунитет нинг  пасайиши ёки йўқлиги хавфлироқ. У—иймон  иммунитети.

Бишри Хофий ҳазратлари “Ўлимнинг давоси бор, у иймондир” деганлар. Ўлимгача бўлган касалликларнинг давоси ҳам шу. Чунки у оғриқларга, чинқириқларга, санчиқларга, тиғларга  қаршилик кўрсатади, қийинчиликларга сабр қилади, курашади. Ундан кучлироқ, курашувчанроқ бошқа иммунитетни билмайман.

Нафақат иммунитет, юракларимиздаги оташ тафти ҳам Иброҳим алайҳиссаломни ёндирмоққа ожиз олов мисоли суст.

Рицарни бўса олмоққа чорлаган  маликага рицар:”Менинг юрагим битта, уни парчалашни истамайман”, дея жавоб берган эди.

Дунё ҳар дақиқада бетакрор ҳусн ва фусунга моликлиги  ила бизни бўса олмоққа чорлайверади, биз эса “лаббай” дея унинг чақириғи ва чанқоғига жавоб бераверамиз, бераверамиз…

ЮРАГИМИЗ НЕЧТА?!

Муаййада Шукур қизи