O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ЮРАКНИНГ ЭНГ ЧУҚУР ЖОЙИ

ЮРАКНИНГ ЭНГ ЧУҚУР ЖОЙИ
181 views
27 September 2021 - 10:02
Рауф Парфи шеърияти ХХ аср ўқувчиларининг тасаввурини ағдар-тўнтар қилган ҳолда ХХI асрда ҳам тантанали “юриш”ини давом эттирмоқда. Қизиқ, тамоман бошқа рақамлардаги иккинчи бир асрки, Рауф Парфи шеърияти ўқувчи оламини “жоду”ламоқда, зирқиратмоқда, ҳисларга электр токидай кучли вольт билан урилиб, турфа тебранишлар ҳосил қилмоқда.

Рауф Парфи шеъриятининг оҳанрабоси қаерда, деган саволга тез-тез жавоб ахтараман. Унинг бор оҳанрабоси ҳурриятида, озодлигидадир, дейман ўз саволларимга жавобан. Устоз айтганидай қамоқхонада ўтирганда ҳам одам озод бўлиши мумкинлигига айнан мана шу шоирлар қисмати ва ижоди тимсолида амин бўлиш мумкин. Озод инсон, ёлғон яшамайди, яшай олмайди, ҳур шоир ўзини ҳам, миллатни ҳам алдамайди! Ёлғончилик – қулликка хосдир.

У ҳар бир шеърнинг қаърида бизнинг орзуларимиз, ўйларимиз, истакларимиз билан бирга ҳаёт кечиради, бирга қайғуради, бирга йиғлайди. Шу учун ҳам Шоирнинг жазавадор шеърлари ҳам, муножотлари ҳам, бадиий мукаммал матнлари ҳам бирдай – шеърхонни чарчатмайдиган, баъдга урмайдиган жозибадор сокинликда руҳга кўчади. Шоир ўзи яшаётган лаҳзаларнинг руҳий ғалаёнли онлари психологик портретини маҳорат билан яратади(Қаранг: “Шарқ юлдузи” журнали, №4,2021 йил.).

Рауф Парфи шеъриятининг адабий компаси тўғридан тўғри юракнинг энг чуқур жойига, қалбнинг ярали нуқталарига олиб боради. Унинг шеърлари тубида офаринишнинг илк куни кечинмаларидай ҳузунли бир манзара ҳосил бўлади, қалбимизда шохалаб улгурмаган, бўйи ўсмаган ноодамий ҳислар чеккага чекинади. Рауф Парфи шеърияти бадиий иддаолардан, матности олифталикларидан, жазбали такаббурликдан йироқ алоҳида адабий иқлимдир. Шеър ижтимоий –сиёсий минбар эмас, юрак минбари эканини кўрсатиб тургувчи бадиий ҳужжатдир улар.

Шеърлари об-ҳавосини эса шиғалаб ёғиб турадиган майин ёмғирли об-ҳавога менгзаш мумкин. Уларнинг туб-тубида Шоирни кашф қилиш учун ундан адабий пайғамбар ясамасликка абадий ишора бордай. Юракнинг кўринмас жойларидаги оғриқларни ҳам кўринарли қилиб тасвирлаб берган шоир шеърлари космосда эмас, шу заминда, турфа муносабатлар асносида, ер шарида кечган сирли-бесир шитирлар оралиғида яратилган.
Гўзал БЕГИМ
27-сентябрь 2021 йил