Статистикага ишонилса, Ўзбекистон иқтисоди йилига 8% ўсмоқда, мустақиллик даврида мамлакат ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) уч бараварга, аҳоли даромадлари эса тўққиз бараварга ошган. Аммо шундай иқтисодий мўъжизага қарамасдан, мамлакатдаги меҳнатга яроқли аҳолининг деярли учдан бир қисми бошқа мамлакатларда ишлашни маъқул кўради.
1990 йиллар бошида чиқарилган “Ўзбекистон – бозор муносабатларига ўтишнинг ўзига хос йўли” номли китобда муаллиф, яъни Ўзбекистоннинг биринчи ва ҳозирча сўнгги президенти Ислом Каримов бешта тамойилни келтирган. Республика иқтисодиёти шу бешта тамойил асосида ривожланиши белгилаб қўйилди. Биринчиси – иқтисоднинг сиёсатдан устунлиги; иккинчиси – давлат бош ислоҳотчи экани; учинчиси – қонун устуворлиги; тўртинчиси – кучли ижтимоий сиёсат; бешинчиси – бозор иқтисодига босқичма-босқич ўтиш.
Бу доктринанинг самарадорлиги ҳақида кўп баҳслашиш мумкин, аммо Жаҳон банкининг баёнотларига кўра, Ўзбекистонда ЯИМ йилдан-йилга барқарор ўсиб (7–8%) келмоқда. Ўзбекистоннинг ёпиқ бир давлат эканлиги туфайли Жаҳон банки расмий статистикадангина фойдалана олади. 90йиллар бошига таққослаганда ўзбек иқтисоди уч бараварга ўсган, бунда инфляция ҳам ҳисобга олинган. Мамлакатда саноат кўлами (2015 йилда 8% ўсиш), қишлоқ хўжалиги (2015 йилда 6,8% ўсиш) ва савдо ўсиб бормоқда, ишсизлик даражаси пастлигича (5,2%) қолмоқда, аҳоли даромадлари ортмоқда (расмий баёнотларга кўра, мустақиллик йилларида тўққиз марта ортган).
Аммо қоғоздаги рақамлар ҳаётга мос келмайди. Иқтисодий фаол аҳолининг учдан бири чет элда ишлаб юрибди, ватанда қолганлар одатда ойига $150–350 учун ишлашга мажбур (маош ҳажми вилоятга қараб фарқ қилади, энг пасти – Қорақалпоғистонда, энг каттаси пойтахтда). Расмий Тошкент неча йиллардан бери эълон қилаётган иқтисодий мўъжизанинг натижалари қани?
Навбатларнинг авж олиши
Совет даврида Ўзбекистон иқтисоди деярли мутлақо хомашёга, биринчи навбатда пахтага ихтисослашган эди. Бу ерда бутун иттифоқдаги пахтанинг учдан икки қисми етиштирилар эди. Иттифоқдаги суғориладиган ерларнинг 20 фоизи Ўзбекистон ҳисобига тўғри келарди. Энергетика, енгил саноат, озиқ-овқат ва оғир саноат изчил ривожланаётган эди. Республика фойдали қазилмаларга, айниқса газга бой бўлса ҳам, дотацияда бўлган –1991 йилда умумиттифоқ бюджетидан субсидиялар Ўзбек ССР ЯИМининг 19,5 фоизига етган. Аммо бу ерда қазиб чиқариладиган олтин ва уран республика бюджетига тушмасдан, тўғридан-тўғри марказга кетган. Ҳозир республика олтин захиралари бўйича дунёда тўртинчи ўринда, уран бўйича еттинчи ўринда туради.
Иттифоқнинг парчаланиб кетиши республикалар ўртасидаги иқтисодий алоқаларни узибгина қолмасдан, яна бир муаммони юзага чиқарди. Бу – юқори малакали мутахассисларнинг (биринчи навбатда саноат соҳаларидан) чиқиб кетиши бўлиб, бу ҳолат чекка республикаларда кенг кузатилган. Улуғ Ватан уруши даврида кўплаб корхоналар ходимлари билан бирга эвакуация қилинган Ўзбекистон учун буда жуда жиддий муаммо бўлди. 1987 йилда республикадаги ишчи кучининг учдан бирини бошқа халқ вакиллари ташкил этган, саноатда банд аҳолининг эса нақ 50 фоизини ташкил этган. Уларнинг аксарияти мустақилликнинг илк йилларида Ўзбекистонни тарк этди: 2000 йилга келиб руслар сони ярим миллионгача камайди, татарлар –150 минг, немислар –30 мингтача қолди, турклар, яҳудийлар, кўплаб корейслар ва греклар кетди.
Иттифоқ парчаланган даврда ҳудуддаги иқтисоди энг ривожланган республика бўлган Ўзбекистонда кризис даврида иқтисоддаги йўқотишларни камайтиришга эришилди. 1990-1995 йилларда ЯИМ 19 фоизгина қисқарди, ҳолбуки бутун МДҲ бўйлаб бу кўрсаткич 37% эди. Натижада Ўзбекистон Озарбайжон ва Белоруссия билан бирга биринчилардан бўлиб иттифоқдан кейинги кризисни бартараф қилди, 2005 йилга келиб республика ЯИМ совет давридаги кўрсаткичлардан 38–39% юқори эди. Масалан, Россия иқтисоди 1990 йилги даражага 2007 йилдагина чиқа олди.
Ҳозир буни тасаввур қилиш қийин, аммо совет иқтисоди таназзулга юз тутган пайтда, Ислом Каримов ҳукумати энди хўжалик юритишнинг ўз моделини яратган даврларда Ўзбекистон чегарасида навбат катта бўларди. Улар Ўзбекистонга қўшни мамлакатлар, жумладан Қозоғистондан маҳсулот ва товар сотиб олиш учун, айримлари эса ишлаб пул топиш учун келишарди. Бугунги ҳолат бутунлай тескари бўлиб, энди ўзбеклар Қозоғистонга интилмоқда. Қозоғистонда жон бошига ЯИМ Ўзбекистондагидан тахминан тўрт баравар юқори.
Иқтисоддаги статистик ютуқлар билан фуқароларнинг ҳаёт даражаси пастлиги ўртасидаги фарқни расмий Тошкент аҳолининг ўсиши билан оқлаши мумкин. Мустақилликнинг 25 йилида аҳоли сони деярли икки баравар ўсиб, ҳозирда 30 миллиондан ошмоқда. Аслида эса “иқтисоднинг ўзбек моделини” тузишдаги хатоликлар ҳисобга олинса, саноат ва қишлоқ хўжалигидаги ҳақиқий кўрсаткичлар расмий кўрсаткичлардан анча узоқлигини тахмин қилиш мумкин. Бу расмий рақамларга Жаҳон банкининг мутахассисларигина эмас, балки Ислом Каримовнинг ўзи ҳам ишонади. Акс ҳолда президент миллионлаб фуқаролар ишлашга мамлакатдан чиқиб кетганига аччиқланмаган бўларди. Фуқаролар кетаётган жойда ҳаёт даражаси унинг мамлакатидагидан тўрт баравар юқорилиги, у ерда маошлар ойлаб кечиктирилмаслигини балки у билмас.
Янада босқичма-босқич
Иқтисодий хатоликлар ўша Каримов тақдим этган бешта тамойилнинг ўзидаёқ мавжуд эди. Ўзбек давлатининг якка-ю ягона вазифаси бу мавжуд тузумни сақлаб қолиш бўлиб, шу йўлда у самарали бозор ислоҳотларига қаршилик кўрсатиши шубҳасиздир. Шунинг учун Ўзбекистонда хўжалик юритишнинг совет тизими асос қилиб олинган бўлиб, коммунизм ғоясини президент шахсига сиғиниш билан алмаштиришган ҳамда “ўзбекчилик” ғоясини қўллашган.
Ўзбекистон раҳбарияти нархларни эркинлаштирди, аммо шу билан бирга алоҳида озиқ-овқат маҳсулотлари учун тақсимот-меъёрий тизимни жорий этди. Импортга белгиланган тарифларнинг аксарияти бекор қилинди, аммо ташқи савдо қатъий бошқарув остида қолди – Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг 70 фоиздан ортиғи давлатга тегишли Миллий банк орқали ўтади. Хусусий корхоналар айниқса қишлоқ хўжалигида кўпайгани билан, давлат ҳали ҳам асосий ишлаб чиқариш маҳсулотлари бўлган пахта ва буғдойга давлат буюртмаси орқали квота ўрнатган. Яқиндан бошлаб давлат буюртмаси мева-сабзавотларга ҳам жорий этилди. Ерни хусусийлаштириш қисман амалга оширилди – қишлоқ хўжалигидаги кичик ишлаб чиқарувчиларга республика ер фондининг 20 фоизигина берилган. Яъни давлат хусусий корхоналарга нимани экиш, кимга сотишни буюради ва уларнинг маҳсулотига марказлашган тарзда нарх белгилайди. Бу нархлар харажатларни ҳам қопламайди.
Мустақиллик даврида мамлакатда тўлақонли тадбиркорлар синфи шаклланмади. Ҳаётнинг барча жабҳалари коррупциялашган ва кучишлатар органлар ҳамда президент атрофидагилар томонидан бошқариладиган бу мамлакатда бизнес билан шуғулланиш учун юқорида ҳомийларга эга бўлиш шарт. Ўзбекистонда мустақил иш юритишни истаган хорижий бизнес вакиллари учун жуда кўп бюрократик тўсиқлар ўрнатилган бўлиб, бу вазият инвесторларни чўчитади. Газ, олтин ва уранга бой бу республика иқтисодига тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми 2015 йилда бор-йўғи $3,1 миллиардни ташкил этди. Қўшни Қозоғистонда кейинги йилларда бу кўрсаткич кескин тушиб кетган бўлса ҳам, бу миқдордан беш баравар юқори бўлди. Бунинг устига Ўзбекистон ҳукумати хорижий капитални тортиб олишдан уялмайди. Британиянинг олтин қазиб чиқарувчи Oxus Gold компанияси шу тарзда $400 млн инвестициясидан айрилган.
Аммо Каримов ва унинг вазирлари 90 йиллар бошида қўйилган вазифалардан бирига эришганини тан олиш керак – республика ҳақиқатан ҳам иттифоқ пайтидаги пахта қарамлигидан озод бўлди.Расмий маълумотларга қараганда пахтанинг экспортдаги ҳиссаси 59,7% дан 7,7% гача камайган. Шу билан бирга ёқилғи ва нефть маҳсулотларини етказиб бериш ортиб, бутун экспортнинг учдан бирини ташкил этмоқда. Пахта ҳам, ёқилғи маҳсулотлари ҳам давлат компаниялари тасарруфида.
Қишлоқ хўжалигига ихтисослашувдан қочиш ҳаракатлари натижа берди – бугунги кунда ЯИМда қишлоқ хўжалиги улуши 17,6%, саноат улуши – 24%. Аммо аграр секторнинг қисқариши билан саноат ошгани йўқ, балки бесўнақай ва бюрократияга ботган хизмат кўрсатиш сектори ошиб, ЯИМнинг 53 фоизига етди. Бу соҳада аҳолининг ярмидан кўпи банд. Ҳолбуки,Ўзбекистонда саноат ва қишлоқ хўжалиги шу даражада автоматлаштирилиб кетиб, ишчи кучи бекор қолганича йўқ. Аксинча, аксарият фермер хўжаликларига техника ва ўғитлар етишмайди, улар жуда паст самарада ишлайди. Кўплаб саноат корхоналари совет давридан қолган қувватларда ишлайди. Бу соҳадаги вазият қоғоздаги ютуқлардан бошқача эканлигига исбот сифатида, яқинда Жиноят кодексига ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра, республикага эскирган ускуна ва технологиялар олиб кирган шахс 12 йилгача қамалиши мумкин. Қисқарди, аммо кескин ортди
Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги тузалмас муаммоларидан бири бу нақд пулнинг, айниқса валютанинг етишмаслигидир. Ўтган йили банк секторидаги ликвидлик етишмаслиги $600 млн миқдорида ҳисобланган. Бунинг оқибатида ҳаттоки “Ўзкимёсаноат”, “Ўзнефтгаз” ва “Ўзпахтасаноат” каби стратегик корхоналарда ҳам маошлар кечиктириб берила бошлади. Оддий ўзбекистонликлар учун эса маошнинг доимий кечикиши оддий ҳол бўлиб қолган.“Фарғона”даги маълумотларга кўра, 2015 йилнинг олти ойи учун республикада маошлар бўйича қарздорлик ҳажми триллион сўмдан ошган (расмий курс бўйича $4 млрд атрофида).
Қора бозордаги курс расмий курсдан деярли икки баравар фарқ қиладиган мамлакатда нақд бўлмаган ҳисоб-китобларда доллар ва евро ишлатиш чеклаб қўйилган. Ўзбекистон ичида банк картасига туширилган хорижий валютани фақатгина расмий курс бўйича миллий валютада олиш мумкин. Қора бозор гуллаб-яшнамоқда, валютани исталган бозорчада алмаштириш мумкин. Валютачиларга мамлакат раҳбариятидагилар ҳомийлик қилишини яхши билгани учун расмийлар бунга тўсқинлик қилмайди. Республикадаги ҳар қандай валюта операциясини назорат остига олишга ҳаракат қилган расмийлар жуда катта пул ҳажмини солиқ таъсири доирасидан чиқариб юборишган. Ҳукуматнинг саъй-ҳаракатларига қарамасдан, бу пул ҳажми нархларга ўз таъсирини кўрсатмоқда. Ўтган йилнинг охирида қора бозорда доллар нархи кескин ошгани оқибатида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 10-20 фоизга кўтарилиб кетди. Бундай ўзгаришлар, албатта, инфляция бўйича расмий ҳисоботларда кўрсатилмайди. Каримовга ишонилса, ўтган йили инфляция бор-йўғи 5,6% бўлган холос. Ғарбда бу инфляцияни ушбу қийматдан икки баравар катта деб баҳолашди.
Шу рақамлар орасидаги фарқнинг ўзигина ўзбек иқтисодий мўъжизасининг сирини очиб беради. Маҳаллий ҳайбаракаллачилар қанчалик эҳтиёткор бўлишмасин, улар ҳам хато қилиб қўяди. Шундай хатолар оқибатида мамлакатдаги қўшиб-ёзишлар кўламини тасаввур қилиш мумкин. 2013 йил февралида Статистика қўмитаси сайтига чиқарилган ҳисоботда айтилишича, 2012 йилда экспорт ҳажми 5,1 фоизга камайган. Бу ҳисобот ёзилган саҳифа тез орада ўчириб ташланди, чунки бир неча ой олдин Каримов ўз нутқида “2012 йилда экспорт ҳажми сезиларли равишда 11,6 фоизга ошди” деган эди. “Узметроном” нашрининг ёзишича, президент бундан ташқари экспортнинг ўсиши натижасида ташқи савдо айланмаси $1,1 млрд мусбат салдога эришганини айтган, ҳолбуки бундан олдинроқ Статистика қўмитаси экспортнинг камайганини билдириб, ташқи савдо мусбат сальдоси $2,2 млрд эканлигини ёзган эди. 2011 йилда мусбат сальдо $4,5 млрд эди, демак, барибир камайган бўлиб чиқмоқда. Каримовга ишонсак, тўрт бараварга камайган, Статистика қўмитасига ишонсак, икки бараварга камайган.
Ҳисоботлардаги бундай сохта рақамлар Ўзбекистоннинг аксарият статистик кўрсаткичларида учрайди – президент сайловларида тўқсон фоиз аҳоли қатнашганидан тортиб, совиткич ишлаб чиқариш ҳажмининг бир йилда 50 бараварга кўпайганигача. Бундай ҳолатда Каримов ўйлаб топган иқтисодий моделнинг самарасини Статистика қўмитасининг маълумотлари билан эмас, балки мамлакатдан чиқиб кетаётган меҳнат муҳожирларининг кўлами билан баҳолаш зарур. Президент томонидан “Обод турмуш йили” деб номланган 2013 йилда мамлакатдан чиқиб кетган меҳнат муҳожирларининг оқими энг юқори даражага эришган эди.
Петр Бологов
Манба: “Фарғона” АА