O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Яллачи президент бўладими?

Яллачи президент бўладими?
151 views
19 March 2013 - 15:35

Шундай бир латифа бор.

Афанди улфатлари билан йиғилишиб ашулахонлик, яллачилик  қилар экан. Лекин бу улфатлар орасига овози хира бошқа бир одам ҳам қўшилиб, улфатларнинг таъбини хира қилиб тураркан. Улфатлар безор бўлишибди. Бир куни Афанди ваъда қилиб қолибди:  “Уни ўзим қайтиб яллачилик қилмайдиган қилиб қўяман!”

Иттифоқо, шаҳарда қози сайлови яқинлашиб келаётган экан-у, Афанди ҳалиги овози хира “яллачига” гап қотибди: “Шаҳарда уламолар сизни қози сайловга кўтаришмоқчи бўлишаяпди-ю, лекин сизнинг яллачилигингиз панд бераётган экан. Яллачини қозиликка сайлаймизми деб норози бўлиб туришганмиш”. 

Шунда “яллачи” илтимос қила бошлабди: “Сиз ақлли инсонсиз, бир йўлини топинг”, дея кўп тавалло қилибди.

Афанди “Йўли бор, лекин сиз бундан буён яллачилик қилмайман деб қасам ичиб тилхат беришингиз керак” дебди. Ҳалиги одам бундан буёнига яллачилик қилмаслиги тилхат қилиб, “яна яллачилик қилсам эшшак бўлай” деб ҳам ёзиб берибди. Энди улфатлар унинг иштирокисиз, бемалол хиргойи қилиб ўтиришадиган бўлибдилар. Бироқ сайлов куни келганида қасам ичган собиқ яллачини биров эсга ҳам олмабди. Афанди билан учрашган ҳалиги одам айтармиш:

“Яхши бўлди, энди яллачилигимни қилиб юравераман!”

“Қани, яллачилик қилиб кўрингчи, нўхта солиб минаман, улфатларимга ҳам миндираман”. – дермиш Афанди.

 

lolatillayevaБу шунчаки бир латифа! Латифалар одатда ҳаётдан олинади дейишади. Бу эса ҳамма вақт ҳам тўғри бўлавермаса керак. Шунақа ҳолатлар ҳам борки, воқеълик ўша ўзимиз билган ва ўрганиб кетган Афанди латифаларидан ҳам олинади. Балки исбат талаб қиларсиз! Исбот учун узоққа боришимиз ҳам шарт эмас.

Диктаторлик режими ўрнатилган ва ҳукумат мафия томонидан бошқариладиган бизнинг Ўзбекистонимизда айни шу манзара кузатилади. Бу кўҳна заминда қандайдир бир қози ҳам эмас, қозикалон ҳам эмас, бутун бир мамлакатни  бошқариши керак бўлган сиёсий ҳукумат раҳбари лавозимига яллачи сайланади. Сайланади ҳам эмас, аслида тайинланади! Бу воқеа 2015 йилда содир бўладиганга ўхшаб турибди.

Ҳар неки, доимо бўлганидек, бу сафар ҳам бу тадбир “сайлов” деб аталади ва бизнинг олғир “маликамиз” бунда ютуқни қўлга киритишига эса бирор шубҳа қолмаяпти. ЕХҲТ одатдагидек ўзининг дий-диёси билан чекланади, ЕИ эса афсус билдиради холос, дунё демократиясини тамсил қилиш даъвосида бўлган АҚШ эса сукут сақлайди. Бу ҳақда башорат қилиш ҳам шарт эмас, шунчаки воқеалар сценарийсидан хабаримиз бўлгани учун ҳам айнан шундай бўлади дея баралла айта оламиз.

Нега энди айнан яллачи? Гулнора Каримова аввалбошида АҚШда жойлашиб олишни кўзда тутганди, афсус, куёв қурғур асов от каби бўй бермади. Агар ўшанда улар ажрашиб кетишмаганида 2015 йилда ким бизга президент бўлиши мумкин эди? Бошқа бировми? Албатта бошқа биров эмас!  Унда бизнинг президентимиз Лола Каримова бўларди. Ислом Абдуғаниевич ўзи куёвдан оғзи куйганлардан бири эмасми ва шунинг учун ҳам Темур Тиллаевни ҳокимиятга келтиришига мутлақо умид йўқ.

Кутилаёттган “сайлов”да эса  Ўзбекистон халқи истайдими, ёки йўқми, ҳукмдоримизнинг яллачи қизи презиентликка сайланади. Бу яллачининг устамонлигини қарангки, на Афандига мурожаат қилган ва на тилхат берган. Қолеверса, “маликамиз” элдан сўраб ўтирадиганлар хилидан ҳам эмас.

“Гугуша” деганда ўзбеклар бизнинг “маликани” тушунадиган бўлиб қолишди. Эронлик Гугуш тахаллуси билан танилган машҳур хонанда Фойиқа Оташинни хафа қилиб қўямизку деб ўйлаб ҳам ўтиришмайди. Гугуш тахаллусини танлаган бу хонанда ўз интервьюларининг бирида ўз тахаллусининг маъноси – оқ қуш эканлигини ҳам айтиб ўтганди. Демак, Гулнора Каримова ҳам ҳукмдорлик курсисига ўтиришадан аввал оқ қуш бўлмоқчи!

Ўзбекларимизнинг ўзида ҳам бир калтак бордай. Уларга нима нарсани қанд деб оғизлари солиб қўйишса ўшани еб юраверишади. Бирор раҳбар одам “кўмир оқ, қор қора” деб кўрсин, бутун Ўзбекистон матбуоти оппоқ кўмирлар ҳақида новеллалар ёзиб ташлаши ҳам мумкин. Юқоридан бир имо қилинса бас уларга. Лекин бизнинг Гугуша ўзини оқ қушга айлантира олармикан? Масалан, миллионлаб долларда пора олгани, бутун Республика мулкини талон-тарож қилгани ортидан. Албатта турли маникюрлар билан оқ рангга ўтиши мумкин-у, аммо моҳиятан қора қарға бўлиб қолишда эса давом этаверади.

Бирида инглизчалаб бўлса керак, “Айлан, айлан Гулнора” қўшиғини куйладими-ей. Яна бир ҳолатда “Сочимни майда ўринг, ота” дея хиргойи қилиб қоладими-ей. Ҳў-ў илгарироқ “Унутма мени” дея хиргойи қилгани ҳам бор эди.  Ҳар неки, овоз хира, қалб қора бўлса ҳам, зўрма зўраки олқишлар олди ишқилиб. Олқишламай ҳам кўришсинчи, бу олқишламайдиганларнинг боши қозонда, моли талонда бўлишини ҳамма билади ахир. Бунақа воқеалар фақат бизнинг Ўзбекистонда учраши мумкин!

Шундай қилиб, Гулнора Каримова (Гугуша) президент бўлади ва яллачиликни ташлайди (ми?). Нима энди, ўзбеклар яллачини президент қиладими?

Тўлқин Қораев
Швеция