“Новый Век” нашрининг хабар берича, АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Фотима Сумар Ўзбекистонда бўлади. 16-19 март кунларига мўлжалланган мазкур расмий ташриф мобайнида Сумарнинг Ўзбекистон расмийлари билан ўзаро ва минтақавий масалаларни муҳокама қилиши режалаштирилган.
Шунингдек, Фотима Сумар “Янги ипак йўли” лойиҳаси доирасида иқтисодий интеграция масаласини муҳокама қилиш учун Тошкентда ҳукумат ва бизнес вакиллари билан учрашади.
Бундан ташқари, “Фарғона” ахборот агентлигининг ёзишича, 19 март куни Сумар Термизга бориб, маҳаллий тадбиркор аёллар учрашиб, улар билан чегара ҳудудидаги савдо тажрибалари хусусида суҳбатлашмоқчи.
Эслатиб ўтамиз, “Янги Ипак йўли” ғояси даставвал АҚШнинг собиқ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон томонидан илгари сурилган ва бу орқали минтақа мамлакатлари ўртасида иқтисодий-маданий интеграцияни чуқурлаштириш кўзда тутилганди. 2014 йили Афғонистондан қўшинларини олиб чиқиб кетиши олдидан АҚШ мазкур ғоя остида Туркманистондан Покистон ва Ҳиндистонга олиб борадиган трансафғон газ қувурларини, шунингдек, Афғонистонни электр энергияси билан таъминлашга қаратилган бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш орқали Афғонистонда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш мақсад қилинганди.
Шу мақсадда Навоий вилоятида ташкил этилган халқаро логистика марказидаги қулайликлардан унумли фойдаланиш орқали Ўзбекистонни “Янги Ипак йўли” лойиҳасининг марказига айлантириш кўзланган. Жумладан, Навоий вилоятини Марказий Осиёнинг Дубайига айлантириш назарда тутилганди.
Мазкур лойиҳани атрофлича муҳокама қилиш мақсадида бундан роппа-роса бир йил олдин – 2013 йилнинг 24 апрель куни АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича собиқ ёрдамчиси Роберт Блейк ҳам Ўзбекистонга келган ва И.Каримов билан учрашганди.
Бироқ, 2008 йил 2 декабрдаги президент фармони асосида Навоий вилоятида 30 йил муддатга ташкил этилган “Эркин иқтисодий зона” ҳозирга қадар кутилган натижаларни бермай келаётир. Бунга асосий сабаб – Ўзбекистондаги инвестицион иқлим ва ҳорижий валюта конвертацияси билан боғлиқ муаммолар эркин иқтисодий зоналар фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши айтилади.
ЎХҲ хабар маркази