Темур Пўлатов
ЯНА БИР МАРТА “БУ КУНЛАР” РЎМАНИ ВА ТЕВАРАГИДАГИ ҲОДИСАЛАР ҲАҚИДА
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон (Отахонов)нинг “Бу кунлар” рўмани ҳақида тағин бир марта фикр-мулоҳаза билдиришга мажбур бўлдим. Тўғрироғи – Каримовдан кейинги Ўзбекистонда бўлаётган ижобий ўзгаришларга ишониб Истанбулдан ватанига қайтган ёзувчи-ҳамкасбим Тошкент аэропортида ҳибсга олингани орқасидан ёзган олдинги фикрларимга қўшимча қиляпман.
Нимага деганда, то шу кунгача ишончли-ишончсиз турли манбалардан адибимиз бир оз муддат зиндонда ўтириб чиққанидан кейин ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлар унинг асарини “эктремистик ва шунга ўхшаш бошқа ғоялар борлигини аниқлаб беринглар” деб қайтадан экспертизага юборгани ҳақида ҳар хил гап-сўзлар чиқиб турибди. Бунинг устига, худди биринчи галда бўлганидек, кимлигини биров билмайдиган аъзолардан иборат ҳайъат орасида яна ўша Дин ишлари бўйича қўмита вакиллари етакчи эмиш.
Яна, хабарларда айтилишича, аэропортда адиб қўлига кишан урилар-урилмас, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси амалдорлари неча ўн йиллардан бери сафларида турган ва ҳамкасабалари орасида ўзига яраша обрў-эътиборга эга Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхонни дарров аъзоликдан чиқариб ташлабди. Энди бўлса, ёзувчилар ташкилотидаги ўша амалдорлар адибнинг аъзоликдан ўчирилганини инкор этишяпти. Ишонсангиз, бу ишлар шу туришида жуда “Муштум”боп материал бўлди лекин.
Мен – ўтган аср 90-йиллари бошида масковлик ҳамкасабалар ташаббуси ва сайлови билан СССР ёзувчилар уюшмасини бошқарган ёзувчи, ҳали ҳам бир нарсага ҳеч тушунмаяпман: ўзини дунёвий деб эълон этган ва Асосий Қонунга кўра дин давлатдан ва унинг идораларидан ажратилган мамлакатда дунёвий мазмундаги бадиий асар давлатга “дўстми-душманми” эканини нимага энди Дин ишлари бўйича қўмита аниқлаб бериши керак?!
Эсимда, СССР ёзувчилар уюшмаси бошлиғи вазифасини адо этишга киришган кунимдан уюшманинг архивига шўнғиган эдим. “Доктор Живаго” рўманини Ғарбда эълон қилиб юборган Борис Пастернак, “Метрополь” алманахи муаллифлари – диссидент ижодкорлар В. Аксёнов, Андрей Битов, Фозил Искандар, Булат Окужаба, Белла Аҳмадуллина асарлари муҳокамасининг стенограммаларини варақлаб чиқдим.
Қаранг! Ҳатто ўша Брежнев-Андропов даврининг энг турғун йиларида ҳам Солженитсин, Пастернак ва бошқаларни, асарларидан “жиноят” қидириб, давлат ё Дин ишлари бўйича қўмита эмас, уларнинг ҳамкасабалари – ёзувчилар ўзи муҳокама қилган! Ҳамда бу муҳокамалар очиқ шаклда, қизғин баҳс ва тортишувлар руҳида ўтган. Битта поп ёки руҳоний қатнашмаган. Ҳолбуки, у йиллари диний ходимлар ҳақида нима гаплар юрарди!
Стенограмманинг бир еридагина динга тегишли масала тилга олинган. Ўшанда ҳам уни Масков ёзувчилар бўлимининг партия котиби Кузнетсов исмли биттаси кўтарган. Унинг эътирози нимага эди? “Нима учун сиз китобингизда: «Қамоқ даҳшатларини хотиржам ва чидам билан қаршилаган ягона халқ ўртаосиёлик мусулмонлар эди. Тўқмоқ кўпроқ улар боши ва белига тушганига қарамай намоз ўқишда давом этишар эди», дебсиз. Нима мақсадда ёздингиз буни?!”
Коммунизмни дин ўрнига тушган деб билувчи партия ташкилоти котиби Солженитсинга бунақа савол бериши ғоят табиий эди, албатта.
Ҳеч ким қамалмади! Қай бирилари соғ-саломат чет элларга чиқиб кетди , қай бирилари, масалан, қайта қуриш ва ошкоралик каби яхши замонлар келишини кутиб ватанда қолди.
Бу айтилган гаплар тўғридан-тўғри “Бу кунлар” рўманига ва унинг муаллифига ҳам тегишлидир. Мен Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг ҳибсга олиниши кетидан иссиғида ёзган илк хитобимда бир ҳаваскор ҳуқуқ ҳимоячиси каби муносабат билдирган эдим. Энди – асарни янада диққат билан ўқиб чиққанимдан кейин қатъий айта оламанки, “Бу кунлар” бошдан-охир бадиий асардир! У миллий насрчиликнинг энг яхши анъаналари асосида, ўрис ва дунё адабиётининг ютуқлари билан бойитилган ҳолда ёзилган – бусиз 21 асрнинг биронта адиби ўқувчилар диққатини ўзига торта олмайди. Худди шунинг учун ҳам ёзувчи қамоққа ташланганидан кейин кўтарилган норозиликлар тўлқинида кўплаб мамлакатлар ёзувчилар ташкилотлари қаторида Россия ёзувчилари ва ташкилотларининг ҳам овози янгради. Чунки бу воқеа бир миллий адабиёт чегарасидан анча кенг миқёсдаги воқеа эканини россиялик ҳамкасабалар ҳам сезишди.
Лекин барибир “Бу кунлар”да кўзга ташланадиган энг муҳим жиҳат – номидан ҳам (“Ўткан кунлар” ва “Бу кунлар”) кўриниб турганидек, асар буюк Абдулла Қодирий ижодий анъанаси йўлида битилган.
Ўтган аср 80-йиллари, ўртамиздаги ёш фарқига қарамай, ёзувчиликни энди бошлаётган, лекин илк ижодий одимлари билан катта умидлар уйғотган Нуруллоҳ билан яқиндан танишганмиз. Адабиёт майдонида кўп ҳамкорлик қилдик. Эсимда, бир гал Нуруллоҳ Абдулла Қодирий ва унинг фожиали тақдири ҳақида гап очиб қолди. Иккимизнинг ҳам фикримиз бир ердан чиқди: агар буюк адибимиз бизнинг замонамизда яшаган ва ижод қилган бўлганида Шарқнинг энг яхши ёзувчиси ўлароқ Нобел мукофотига лойиқ кўрилган бўларди!
Бу воқеани мен тасодифан эсламадим. Абдулла Қодирий рўманчилик тажрибаларини чуқур эгаллаган Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон унинг поэтикаси таъсири остида ўз халқининг советдан кейинги турмушидан салмоқли қисмини тадқиқ этган. Қандайдир маънода “йўқотилган авлод” деб аташ мумкин бўлган, лекин бор кучи, билими ва малакасини ватанининг юксалиши ва фойдаси йўлида сарфлаш имкониятларини қидираётган, аммо энди қурилаётган, ҳали қуриб битказилмаган мустақил давлатидан керакли мададни кўрмаган бир авлоднинг ҳаётини кўрсатиб берган. Бу рўман-орзунинг асосий ғояси ҳақиқат, тўғрилик, янгиланишдан умид, ўтиш даврининг хатолари ва қийинчиликларига қарамай янгиланиш йўлида хизматга камарбасталик! Сиртдан қараганда оддий, чиройли туюлган услуб орқасида муаллифнинг баландпарвозлик, киноя ва мазахлардан холи бор дарди, қайғуси, самимияти барқ уриб турибди. Ҳатто у ёки бу ҳодисага, баъзан фожиали воқеаларга бошқа қаҳрамонлар образи орқали муносабат билдирганида ҳам муаллиф уларга қатъий ҳукм ўқимайди, қораловчи-прокурор бўлиб олмайди, балки инсон учун, ижодкор шахс учун ҳалокатли оқибатлардан қайғуриб, у салбий ҳодисанинг моҳиятига етиб боришга ҳаракат қилади. Рўманда замонамизнинг энг улкан иллатлари – қўрқоқлик, жимлик, ватандошлар тақдирига лоқайдлик ишонарли қилиб кўрсатиб берилган. Бунга рўманнинг бошидан-охиригача қизил ип бўлиб ўтган орзу – халқига ва мамлакатига фақат яхшилик исташ, ўлмас умид қарши қўйилган.
Савол туғилади: наҳот рўманнинг ҳар бир сатри тагидан сизиб чиқиб келаётган дард, яхшиликка умид ва яхшиликни оёққа турғизиш йўлида хизмат қилиш орзуси давлатга ва конституцион тузумга хавф бўлса?!
Бўлиши мумкин, лекин фақат бузуқбош, айниган тасаввурларда!..
“Бу кунлар” рўмани ва унинг муаллифи теварагида содир бўлган бутун бу ҳодисалардан энг камида икки сабоқ чиқарса бўлади:
Биринчиси, бутун дунёда ва Ўзбекистоннинг ичида кўтарилган жамоатчилик норозилиги баҳонасида, ижтимоий тармоқлардаги баҳс-мунозараларга қараганда, илгари сиёсий лоқайд, ҳаракатсиз бўлиб келган ёшлардан сиёсий уйғоқ, фикрини очиқ ифодалай оладиган, саводли, ташаббускор, ўз мамлакатига ҳақ ва имон билан хизмат қилишга тайёр янги авлод уйғонгани кўринди. Бундайлар ҳозирча оз, аммо бошланди! Озод ва гуллаб-яшнайдиган Ўзбекистон келажаги мана шу ёшлардир!
Иккинчиси, рўман ва муаллифи устидаги мунозаралар ҳали Ўзбекистонда каримовча ташвиқот яратган манқуртларнинг мавқеи кучли эканини кўрсатди. Улар ҳали-вери “халқ отаси”, “тинчлик посбони”, “мусаффо осмон ҳимоячиси ва мамлакатнинг боқувчиси”ни эсдан чиқармайди ва у учун чаккаларига шаппалаб, сочларини юлишга тайёр турибди. Бироқ Тоғутга қўйилган ҳайкал тошлари жоҳилият даврининг аччиқ ва ҳалокатли совуқлари таъсирида совиб боргани сари улар бошига ҳам ир куни олий илоҳий ҳақиқат етиб келади.
Мақолани келажакка ишонч руҳида тугатиш ниятида ҳали ҳам Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон тақдирига қайғураётган барчага хабар қиламан: у тетик, кун ўтгани сайин бошидаги хавф ҳам уйи эшигидан узоқлашиб бораёганини ҳис этиб, хурсанд. Ўзбекистон паспорти чўнтагида. Ёзувчи уни кўрсатиб, умр бўйи сўз билан ишлаб қонунан эришган нафақасини давлатдан олиб турибди. Ҳатто Истанбулда яшаб турганида бир пахта теримчисининг қопига зўрға сиғадиган миқдорда тўпланиб қолган нафақа пулларини ҳам ундирди. Ўз уйида яшаяпти. Вилоятлар, туманлар, қишлоқларни кезяпти. Вақтида ва тўйиб овқатланяпти… Оллоҳга шукр!
2017 йил нўябирининг 30-куни.