O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Яна олти нафар виждон тутқуни қамоқдан чиқарилди

Яна олти нафар виждон тутқуни қамоқдан чиқарилди
200 views
28 March 2018 - 10:55

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Қўшма Штатларнинг Тошкентдаги элчихонаси Ўзбекистонда олти нафар сиёсий маҳбус озод этилганини олқишлаган.

Элчихонанинг расмий сайтида эълон қилинган баёнотда “Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон ҳукуматининг қамоқдан олти нафар виждон тутқуни – журналист Ғайрат Михлибоев ҳамда фаоллар Йўлдош Расулов, Чўян Маматқулов, Қудрат Расулов, шунингдек, опа-сингил Меҳринисо ва Зулхумор Хамдамоваларни озод этганини олқишлайди”, деб билдирилди.

Элчихона Ўзбекистон ҳукуматини келажакда ҳам фуқаролик жамияти билан миллий ислоҳотлар режаси ва тараққиёт мақсадларини илгари суриш йўлида самарали ҳамкорлик қилишга чақирган.

7 йилга қамалиб, 16 йилда озодликка чиққанлар

Ғайрат Михлибоев 2002 йилнинг ёзида ҳибсга олинган ва 2003 йилнинг февраль ойида Ҳизб-ут-Таҳрир ҳаракатига аъзоликда айбланиб, 7 йилга қамалган эди.

23 ёшида озодликдан маҳрум этилган “Ҳуррият” газетаси собиқ мухбири 16 йилдан сўнг қамоқдан чиқарилди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти вакили Йўлдош Расулов 2002 йилнинг сентябрида Ҳизб-ут-Таҳрирга аъзоликда ва фаолияти таъқиқланган бу ташкилотга янги аъзоларни жалб этганлик ва ҳукуматга қарши ғояларни тарқатганликда айбланиб 7 йилга қамалган эди.

Йўлдош Расулов бу ташкилотга аъзо эмаслигини, аслида Ҳизб-ут-Таҳрирга аъзо бўлган бир неча кишини бу гуруҳ фаолияти ноқонуний бўлгани ва исломга қаршилиги сабабли ундан чиқишга даъват этганини айтиб келган.

Президентни судга бериб, ўзи “Жаслиқ”қа тушган фаол

Косон туманида истиқомат қилган Чўян Маматқулов 2012 йилнинг 29 августида ҳибсга олинган эди. 2013 йилнинг 8 февраль куни Қашқадарё вилояти Жиноят ишлари суди уни “конституцион тузумга тажовуз”, “одам ўғирлаш”, “товламачилик”, “ҳужжатларни қалбакилаштириш”, “ёлғон гувоҳлик бериш” каби моддалар билан айблаб, 10 йилга озодликдан маҳрум этган. У қамоқ муддатини “Жаслиқ”да ўтаётган эди.

Ўзбекистон Қуролли кучларининг зобити бўлган Чўян Маматқулов 2004 йили ҳарбий ишидан ғайриқонуний бўшатилганидан ва адолатни қарор топтира олмаганидан сўнг Қуролли кучларнинг бош қўмондони, президент Ислом Каримов устидан Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани судига ариза берган эди.

Суд унинг даъво аризасини қабул қилган, лекин бу ишни кўриб чиқмаган. Чўян Маматқулов 2004 йилдан бошлаб Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Қашқадарё вилоят бўлими аъзоси сифатида фаолият юритган.

Интернетдан китоб кўчиргани учун қамалган заргар

Наманганлик заргар Қудрат Расулов эса Интернетдан “Қуролсиз кишининг озодлиги” номли фильм ва “Зулм қилма ва зулмга рози ҳам бўлма” сарлавҳали китоб файлларини кўчириб олгани ортидан “Конституцион тузумга тажовуз” айблови билан 2014 йилнинг январида 8 йилга озодликдан махрум қилинган.

Қудратбек Расулов “Одноклассники.ру”, Skype, Facebook тармоқлари воситасида хорижда яшашга мажбур бўлаётган ўзбекистонлик мухолифатчилар билан алоқада бўлганликда ҳам айбланган.

7 йилга қамалган отинойи

Қаршидаги “Кўк гумбаз” масжидидаги “Отинойилар” ўқув курсида қизларга диний билим бериб келган Меҳринисо Ҳамдамова ва унинг синглиси Зулхумор Ҳамдамова 2009 йил ноябрида қўлга олинган.

2010 йилнинг 12 апрелида диний мотивлар билан айбланган Меҳринисо Ҳамдамова 7 йилга, Зулхумор Ҳамдамова 6,5 йилга қамалган эди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташкилотининг раиси, муҳожирликда яшаётган Абдужалил Бойматов 2010 йилда Озодлик радиосига икки ҳуқуқ фаолининг узоқ муддатларга қамалиши сабабларини шундай изоҳлаган:

– Қашқадарë вилоятида бизнинг ташкилотда аëллар ҳам жуда актив эди. Ўша Шаҳло Раҳмонова¸ Меҳринисо Ҳамдамовалар Тошкентларга бориб пикетлар ўтказган эди. Улар Тошкентга борганда президент аппаратининг олдида пикетлар ўтказишган. Мана шуларни ҳисобга олиб¸ Ўзбекистон ҳукумати уларга нисбатан сохта айблар билан қамаяпти. Ҳуқуқбон сифатидаги фаолияти учун улар шунақанги репрессияларга учраяпти, -деган эди Абдужалил Бойматов

Сўнгги бир неча ой ичида Ўзбекистонда ўндан зиёд ҳуқуқ фаоли ва журналист қамоқдан озод этилди.

Март ойида саккиз йиллик тутқунликдан сўнг ҳуқуқ фаоли Ғайбулло Жалилов, 2007 йилда қамалган андижонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Исроил Холдоров ва 1999 йилда қамалган журналист Юсуф Рўзимуродов озод этилган.

ЎХҲ хабарлар бўлими