Пахта кампанияси бошланиши билан Тошкент касалхоналарида мутахассислар сони кескин қисқариб кетди. Uznews.net хабар беришича, Тошкент касалхоналарида режадаги операциялар бекор қилиниб, ҳатто оғир касалларни ҳам қабул қилмай қўйдилар. Мисол учун, 1-Республика клиник касалхонасида (РКК, илгари Главташкентстрой касалхонаси дейиларди) беморларни қабул қилиш тўхтатиб қўйилди, олдинроқ стационар даволанишга ётганларни эса даволаш муолажалари тугамаганига қарамай уйларига кетказяптилар.
РКК врачларидан бирининг айтишича, “пахтага ҳаммани, ҳатто жарроҳлар ва реаниматологларни ҳам олиб кетишяпти. Касалхонада тиббий ходимларнинг 30 фоизи қолди, холос”. Пахта теримига биринчи бўлиб бўлим мудирлари ҳамда клиникада машғул Тошкент медицина академиясининг ўқув кафедралари мудирлари жўнадилар. Уларга касалхонанинг бошқа ходимлари учун баракларда жой тайёрлаш вазифаси юкланган.
Сайт маълумотига кўра, ҳудди шундай аҳволни Тошкентнинг бошқа клиникаларида ҳам кузатиш мумкин.
“Бошқа етакчи мутахассислар – жарроҳлар, реаниматологлар, травматологлар, инфекционистлар, кардиологлар ҳам далага ҳайдалган. Ҳамма пахтага кетса, беморларга ким тез ёрдам кўрсатади”, дея аччиқланади Тез ёрдам маркази (собиқ 16-касалхона) ишлайдиган шифокор сайт мухбири билан суҳбатда.
“Тез ёрдам” станциялари ходимлари ҳам пахта теримига сафарбар қилинмоқда. Бунақаси биринчи марта содир бўлаётгани йўқ: ўтган йили ҳам 03 телефони орқали тез ёрдамга чақирилганда врач йўқ, битта фельдшер келган, холос.
Ҳукуматпараст оммавий ахборот воситаларининг ҳам хабар беришича, шаҳарликлар ўз ихтиёрлари билан пахта теримига жалб этилаётган эмиш. “Наманган вилояти фермерлик хўжаликлари ҳам пахта теримини бошлаб юбордилар. Уларга кўнгилли тартибда жалб этилган ёрдамчилар кўмак берадилар. Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, вилоятдаги учта олий таълим муассаса, барча корхона, ташкилот, муассасалардан 180 мингдан зиёд одамларни жалб этиш режалаштирилган”, – дея хабар беради Узинформ.
Таъкидлаш жоизки, Каримовнинг режими одамларнинг ҳаёти, уларнинг соғлиги ва шу каби масалалар билан умуман қизиқмайди. Ахир пахта кампаниясидан тушган маблағ унинг ва қизларининг киссасига тушадида…
ЎХҲ хабар маркази