Ўзим туғилган Тўрткўл туман, Шўрохон қишлоғида 1966 йили ўрта мактабни битирганман. Тошкентда уч йил яшаб, 1969 йили Ленинград политехника институтининг 1-курс талабаси бўлдим. Мазкур институтни муваффақиятли тамомлагач, Ленинграддаги (Санкт-Петербург) “Кировский завод” ишлаб чиқариш бирлашмасига, ёш мутахасис сифатида, ишга йўлланма беришган. Мен ушбу заводда 9 йил инженер-конструктор лавозимида мехнат қилдим.
Таржимаи ҳолимдан бу лавҳаларни айтаётганимнинг бойиси тил билишлик улуғ бир неъмат эканини ўқувчилар билан яна бир бор баҳслашишдир.
Мен вояга етган Шўрохон қишлоғи Ленинград шаҳридан ҳар томонлама узоқда жойлашган. Ҳаёт тарзини ғарб мезони билан ўлчаётган Ленинград шаҳри ёшларининг ҳаётий кўз қарашлари ҳам Шўрохон қишлоғи аҳлининг маданиятдан узоқда эди. Мен кўникишим керак бўлган жамият аъзолари кўнгил хушловчи чиройли ва тўкин ҳётни яшашнинг асосий мақсади деб тушунишарди. Шўрохон қишлоғи аҳли эса борига шукур қилиб, ҳалол луқма билан оила боқишни ҳаёт мазмуни, деб тушунишар эди.
Менинг дунё карашимнинг кенгайишига ва ижтимоий тушунчаларимнинг шакилланишига Ленинграднинг кўнгил очар масканлари ёки гастрономлардаги тўкинлик сабабчи бўлмаган. Балки рус тили, рус миллати ва уларнинг бошқа миллатларга бўлган муносабатлари сабабчи бўлган.
Рус миллати идеологияси бу халқни дунёда энг улуғ, энг ақлли ва энг кучли ҳалқ каби шовинистик тушунчалардан иборатдир. Рус миллатининг онгига барча миллатларга етакчилик қилиш сифати мафкурачилари томонидан қаттиқ сингдирилган. Шунинг учун ҳам рус миллатининг бугунги фалсафий, ахлоқий тушунчаларидан ва Русия ОАВ хабарларидан келиб чиқиб, дунёдаги сиёсий вазиятларга тўғри баҳо бериш жуда мушкулдир.
Ўзбекистондаги, жумладан Тошкент шаҳридаги кўпгина корхоналарда рус ва русий забон миллатлар ишлайдилар. Мен ўз касбимнинг ҳарактери бўйича русий забон кадрлар билан кўп ишлаганман. Ҳар доим ўзаро муносабатларимизда ўзбек миллати рус ҳалқисиз ҳеч бир иш қила олмаслигини, ўзбекнинг қорни тўқлиги, осойиши, фаравонлиги рус халқининг борлиги туфайли экани ҳеч нарсадан ва ҳеч кимдан тортинмасдан бизга тушунтириларди.
Ўзбекларнинг ва Ўрта Осиё миллатлариининг маданиятсизлиги, фикрлашда жоҳиллиги, замонавий технологиянинг биз учун хос эмаслиги суҳбатларнинг асосий мавзусини эгаллаган ва эгаллаяпти.
Нима учун, рус ва русий забон миллатлари бу қадар шовинизм тушунчаларига мубтало бўлиб қолганлар? Сабаби бу миллатларнинг аксарият қисми рус тилидан бошқа тилда фикрлай олмайдилар. Дунёнинг бебаҳо илм дурдоналари шарқ ва ғарб алломалар тилида ёзилган. Рус шовинизми рус миллатини бу дурдоналардан фойда ланишларидан маҳрум қилди. Оддий ўрисни оддий ўзбек билан кўчада ва тўй маъракаларда ўзбекча гаплашишдан маҳрум қилди.
Коммунизм даврида элимизга келтирилган рус ва русий забон миллатлари фақат СССРнинг шовинизм идеалогияси таъсирида яшаганлар. Улар ўзларининг бу ердаги миссиясини Ўзбекистонни ва ўзбек миллатини қолоқликдан чиқариш билан таърифлаганлар. Агар ҳозир ва келажакда русий забон миллатлар авлодларининг ўзбек тилига бўлган муносабатлари ўзгармаса, натижа аждодлариники билан баробар бўлиб қолаверади.
Рус шовинизми тушунчаларни фақат рус тилида таҳлил қилади. Шунинг учун ҳам рус миллатидан бошқа ҳеч бир миллат рус шовинизми “илмини” ўрганмайдилар. Биздаги шовинизм “назарияси” ўзбек миллатини ҳар томонлама “отсталий” деб баҳолаганлиги сабабли, бизнинг тилимизни ўрганиш рус миллати учун аҳамиятсиз бир нарса бўлиб қолаяпти.
Тил миллат қалбининг кўпиригидир. Миллатни тушуниш учун ва миллатнинг қалбига кириш учун у миллат билан унинг тилида гаплашиш зарур. Бугунги кунда ҳам рус ва русий забон миллатлар ўзбек тилида оддий мазмунни ифода қилиша олмайди. Улуғ алломаларимиз шаънига, буюк тарихимизга, қадимий маданиятимизга ва динимизга қисқагина қилиб, “бу тарихий тасодиф” деб баҳо бераяптилар. Бу факт эл ичида яшаб, эл тилини менсимаслик фожеасидир.
Бундай муносабат тасодифан пайдо бўлиб, вояга етиб ва ниҳоят ҳақли равишда тарих ахлатхонасига тўкилган коммунизм идеясининг жамиятимизда қолдирган фожеасидир. Диёримизда улуғ тарихимиз давомида, Ислом таълимотига асосланиб, динни бирламчи, миллатни иккиламчи, деб ҳисоблаган миллатимиз, бошқа миллатлат вакиллари билан асрлар оша ёнма-ён яшаб келаверган. Бундан кейин ҳам яшаб кетаверадилар.
Ўзбекистон конституциясининг 90- моддасида президентликка “ўзбек тилини биладиган”… Ўзбекистон фуқароси сайланиши лозим, деган жумла бор. Ўзбек тилини билиш бошқарувда, ўзбек миллатининг тарихини ўрганишда, руҳиятини тушунишда, жамият муаммоларини ечишда ва умуминсоний қадриятларни миллат имкониятлари билан мувофиқлаштиришда хато- камчиликка йўл қўймаслик учун керакли фактор ҳисобланади..
Ноқонуний президент Каримов ўз амали фалияти давомида ўзбек тилини ўрганишга ҳаракат қилган. Лекин мукаммал ўрганаолмаган. Рус тилини ва рус қалбини тушунишда русларга ўрнак бўладиган Каримов ўзбеклигимизни Ўзбекистон сиёсатига тадбиқ этмаганлиги ва этаолмаслиги аниқ эди. У ўзининг шахсий фикрлашлари асосида қурилган режим қоидалари билан мамлакатни бошқарди. У ўзбекчилик ва миллийлик элементлари билан асло ҳисоблашмади.
Бугун Ўзбекистон сиёсий аренасига президентнинг қизи Г.Каримова кириб келаяпти. Бу хонимнинг маънавий ва сиёсий багажида нималар бор эканига бир назар ташлайлик. Мен бу хоним шахсиятининг ахлоқий томонига тўхталмоқчи эмасман. У кишининг ўзбек тилини билмаслиги мени жуда ташвишга солаяпти. Ўзбек яна бир 20 йил ўзининг ўзбекчилига қайтмас эканда, деган ташвиш мени қийнаяпти. Нега-ки, агар Каримов қизининг президент бўлишига ўзи бошчилик қиладиган бўлса, қизи президент бўладигандай кўринаяпти менга.
Фикрлашида бетайин, амалий ишларида ўзбошимча бўлган бу хоним халққа нима қилиб бериши мумкин? Давлат бошқарувидаги сиёсий, иқтисодий, молиявий ва технология масалаларида унинг бирор нарсани тушунишига ишонгим келмаяпти. Маслаҳатчилари ўз соҳаларида унга кўмакчи бўлишлари мумкин. Барибир амалий лойиҳани президент тасдиқлайди-ку. Асосий идеянинг фарқига бормасдан тасдиқланган лойиҳа натижаси фақат порахўрлик ва қаллоблик билан тугашини ҳаёт аллақачон исботлаган.
Ким бўлишидан қатъий назар бўлғуси президент ривожланишнинг асоси бўлмиш ўзбек миллатининг маънавият даражасини кўтариши керак бўлади. Юксак манавиятли элда мукаммал жамият юзага келади. Шундай жамият аъзолари эса буюк ишларга қодир бўладилар. Ўзбек тилига тушунмайдиган Г.Каримова ўзининг маънавий ва ахлоқий қиёфаси билан жамиятнинг юксалишига қандай ҳисса қўша олиши мумкин?
Ўзбек аёлларининг ҳаётида қадимдан шарм ҳаё қадрланган. Аёл киши эри, оиласи, жамият ва фарзандлари олдида ўз қадр қимматини ошириш учун либоси билан эркакларда шаҳвоний нафс уйғотадиган жойларини бекитиб юрган. Бу билан оила, шахс ва жамият бузуқчиликдан ҳимояланган.
Мутафаккир олимларимиз бизларга жамият манавияти юксалишининг ибратли намуналарини ёзиб қолдирганлар. Бу маънавий бойликни тушуниш ва тушунтириш учун ўзбек тилини мукаммал билмоқ даркор. Дунёда Ислом дини ва маданияти ривожланаётган бир пайтда, давлат арбоблари бу маданий меросларимиздан, албатта хабардор бўлмоқлари зарур.
Жамиятимизнинг ривожланиш динамикаси миллатимизнинг ўз миллийлигини (ўзбекчиликни) қайта тиклаши билан боғлиқдир. Бу машаққатли амал раҳбарлардан катта билим ва ғайратни талаб қилади. Албатта,раҳбар миллат тилини мукаммал билиши керак.
Қирқ ёшни қаршилаётган, шу пайтгача ўзбек тилида гапира олмаган, ўзбек тилига мутлақо эътибор қилмаган ва рус тилини она тили қилиб қабул қилган, руҳан рус шовинизми билан суғорилган Г.Каримова қандай қилиб узбек миллатиниг қалбига кирмоқчи ва уни бошқармоқчи?
Ўзбек юртининг бошида туриш учун биринчи навбатда ўзбек тилини билиш шарт. Кейин эса, бу шахс албатта иймонли ва мард бўлиши керак. Ана шундай маънавий хусусиятга эга бўлган ҳар бир инсон Ўзбекнинг юртига бош бўла олиши мумкин.
Джуманиёзов Нураддин, ЭРК партияси аъзоси.
10.06.13. Тошкент шаҳри