ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(13)
ТУШ
Турғунлик ҳавоси шу қадар нафасни қиса бошлаган эди-ки, бунга наин-ки, ҳимоясиз мардум, ҳатто хусусий табиблари бўлган давлат раҳбарлари ҳам дош беролмади, изма-из ўла бошладилар.
1982 йил охирида Брежнев, ундан кейин унинг тахтига ўтирган Андропов, ундан кейин унинг ўрнига келган Черненко зудлик билан вафот этишди. Гўё орқаларидан бири ҳайдаб келаётгандай, тез-тез ғойиб бўлишди.
Минг тўққиз юз саксон тўртнинг март ойида Черненко ғойиб бўлишга тайёрланаётган эди. Мен ҳам у пайтда Дўрмонда эдим. Илҳом париси келавермаганидан зерикиб, ухлаб қолибман. Туш кўрдим. Тушимда Дўрмоннинг кунчиқарида уруш бошланганмиш. Осмон портлашларданми қирмизи тусга кирган эди. Учоқлар бомба ташлар, танклар ўрмалар, одамлар нотаниш тилларда бақириб қаергадир чопар эди. Мен эса, мен нима қилардим, денг – мен қувончдан йиғлардим, тилимдан «ниҳоят-а, ниҳоят!», деган калималар учарди. Юрагимнинг бир ваҳший илҳомдан портлагиси келарди, гўё мен кутган, биз ёзувчилар кутаётган илҳом париси ўрнига бир даҳшатли илҳом деви келган ва бу турғунлик ботқоғида чириб кетаётган жамиятни остин-устин қилаётганди. «Офарин!», деб бақирардим, ўзимча. «Офарин!» дердим, аммо бу олқишни кимга айтаётганимни билмасдим.
Завқ-шавқдан бўғилар эканман, муздай ақл ҳам бир чеккада соат каби «чиқ-чиқ» юриб турарди. У менинг туш кўраётганимни билар ва рашк қиларди. Менинг бундай ҳаяжонни ўнгимда эмас, тушимда яшаётганимга ҳасад қиларди. Моддий дунё ва унинг ҳаками инсон ақли ўзидан тепароқда жойлашган ботиний идрокка рашк қиларди. Ва менинг зудлик билан уйғонишимни истарди.
Мен эса уйғонмоқ истамасдим. Мен бу гўзал манзарани томоша қилардим, томоша эмас, бу манзаранинг ичида, унинг ўртасида яшай бошлагандим. Турғунликда узоқ вақт турғун қолиб, шалвираган мушакларимга қувват сиза бошлаган эди. Узоқ вақт чопмаган юрагим чопа бошлаганди, узоқ вақт йиғламай саҳрога айланган кўзларимдан тинмай ёш оқарди!
Мен бу жунбушни, бу ҳаяжонни қандай тарк эта олардим! Яна уйғонишми? Яна ўша алмисоқдан қолган манзарани кўриш учун уйғонишим керакми? Яна ўша ўроқ-болғали байроқ, унинг соясида кетаётган бир сурув масхарабоз, улар орқасида қўлларида «Биз бахтлимиз» қабилидаги шиорларни кўтариб олган, аммо бошлари хам, бўйинлари букик, сассиз оломон. Фақат гоҳ-гоҳ карнайдан «Яшасин совет халқи!», дея бақиради Левитанникига ўхшаган бир фаросатсиз сас…
Шуни кўриш, шуни эшитиш учунми зудлик билан уйғонишим керак? Муздай ақл «Ҳа, уйғонишинг керак, бошқа чоранг ҳам йўқ, зотан», дерди.
Мен уйғонибоқ, дарров балконга чиқдим, беихтиёр кунчиқарга қарадим. Табиий-ки, у тарафда бир дала ва у ерда эса, моллар ўтлаб юрарди. Ёки ўтлар бўлмаса-да, менга шундай кўринди. Ҳар ҳолда, мен ўзимнинг ҳали ҳам совиб улгурмаган вужудим, ҳануз гурсиллаб ураётган юрагим билан ўзбек совет ёзувчилар уюшмасининг дам олиш уйи балконида ўзимни шу қадар бегона ҳис этдим-ки…
Пастга қарадим: эвоҳ, ҳамма нарса жойи жойида эди. Дам олиш уйи директори абадий армани Сергей, унинг ёрдамчиси ундан ҳам абадийроқ Вера Сергеевна ва улар ҳозирлаган емаклар, уларнинг ўтирадиган супалари, тепасида чор генерали эккан акатсиялар…
Мен билардим-ки, ундан нарироқда Совет Ўзбекистонининг пойтахти Тошкент, у ерда Дўрмондагидан ҳам кўримсизроқ ҳаёт… Мен билардим-ки, оёғимиздаги занжирни шалдиратиб Дўрмонга келиш, бу ердан яна шалдиратиб Тошкентга бориш билан ҳеч нарса ўзгармасди. Яна билардим-ки, ҳозиргина кўрганим бир туш, реал воқеликка ҳеч бир алоқаси бўлмаган рўё. Лекин мен бир нарсани билмасдим: бу ёзувчиларнинг дам олиш уйи балконида турарканман, роппа-роса бир йил кейин менинг тушимга кирган илҳом Деви келиб, ер куррасининг олтидан бирини эгаллаган кап-катта Совет империясини ларзага солишини, турғунликни чок-
чокидан сўкиб, тарихнинг «қоронғу бурчагига» итқитишини, юз йиллик ғафлатдан зўрға уйғониб, кўз уқалаётган катта-кичик халқларни вақт чархипалагига солиб, шиддатли бир тезликда айлантира бошлашини билмасдим.
Илҳом Деви бу чархипалакни шундай қаттиқ айлантирган экан-ки, ўн уч йил ўтганига қарамай, менинг ҳалигача бошим айланади. Ҳалигача бу чархипалакдан бошқасига, бироз секин айланадиганига ўтолмаяпман. Шундай шиддатли айланган экан-ки, мен, ўз миллатига ҳуррият истаган қул, пешонамни ҳурриятга тақ этиб урганимни билмай қолдим. Чархипалак шунақа тез айланди. Озодлик шунақа онийдан келди. Мен ёзувчилар дам олиш уйи балконида туриб, яна кўп нарсаларни билмасдим. Масалан, ушбу ёзувчилар уйига ортиқ ҳеч қачон қайтиб келмаслигимни, қаламимни узил-кесил синдиражагимни, шеър ёзиш уёқда турсин, ҳатто ўқишга вақт тополмаяжагимни билмасдим. Ҳолбуки, армани Сергей ўзини нақадар абадий армани деб билса, мен ҳам ўзимни шу қадар абадий шоир деб санардим. Шеърдан бошқа ҳеч бир маслак менга тўғри келмайди, деб ўйлардим. Ҳар қандай бошқа маслак мендай олийжаноб шахсга ҳақорат бўларди, деб ўйлардим.
Мен бу балконда туриб, шунақа гўзал ташбеҳлар тақинган шеърлар ёзиб, халқим ҳуррияти учун жиҳод қиламан, деб ўйлардим. Агар Оллоҳ истаса, ҳурриятни ҳеч бир жиҳодсиз «сенга шу керакми, ол, бўлмаса!», дея бериши мумкинлигини билмасдим.