Ўзбеклар озодликка ташнами? Бу саволни қайси ўзбекка берманг, “албатта” дея жавоб беради. Ҳа, ўзбеклар озодликка ташна, лекин у озодлик учун курашга тайёр эмас, нафақат тайёр эмас, ҳаттоки истамайди ҳам. Бизга ҳамма нарсани юқоридан кимдир тайёрлаб берсин, у Кремль бўладими, Оқ уйми, керак бўлса фашистлар Германияси фьюрери тирилиб келсину, унинг Рейхстаги бизга озодликни келтирсин. Биз ҳаммасига розимиз! Фақат ўзимиз ҳаракат қилмасак ва фақат тўй-томошоларга ўралашибгина ўтира олсак бўлди. Қолганини бошқалар қилсин!
Демак, гап нима ҳақида боришини азиз ўқувчи англаб етди ва биз келтирадиган жумлалар кимга ёқадию, кимга ёқмаслиги олдиндан аён. Шунинг учун кимдир фикрларимизни охиригача ўқиб боришни давом эттиришни истаса ўқисин, истамаганлар эса бошқа саҳифага ўта қолишсин. Демак, моқолани бошладик.
13 май санаси ўзбеклар учун унутилмас сана ва 2005 йилнинг айни шу санасида Ўзбекистоннинг Андижон шаҳрида содир бўлган оммавий қирғинни билмайдиган ўзбек Ўзбекистонда ҳам, хорижда ҳам йўқ. Кўплаб оммавий ахборот воситалари шу санада Андижон хунрезлигини эслангани ҳақида хабарлар тарқатади, ва лекин унда ҳар галгидек андижонликларнинг ўзлари иштирок этишмайди. Аслида нафақат андижонликлар, ҳаттоки бошқа вилоятлардан чиқган ўзбеклар ҳам бу кунни оммавий тарзда хотирланадиган жойларга бора олишмайди. Баҳона тайёр: биз сиёсатчилар эмасмиз!
Албатта бу баҳона, аслида эса ўзининг соясидан ҳам ҳуркиб яшайдиган бизнинг халқимиз вакиллари ҳукумат олдида таслимдирлар, ундангина қўрқиб яшайдилар. Ҳаттоки фақат Оллоҳдангина қўрқиб яшаш кераклиги ҳақида соатлаб ваъз ўқишга тайёр бўлган мусулмон уламолар ҳам айни кунда Оллоҳ қолиб, Каримов режимидан қўрқадилар. Ажабки, бу ширкка ўтмайди ҳам.
Кимдир таъкидлар: кўчада нотаниш ит турган бўлса ундан эҳтиёт бўлишгача ҳам ширк деяверсак бўладими? Албатта бўлмайди, лекин биздаги муаммо шунчалар чуқурки, эҳтиёт бўлсак ҳам, бўлмасак ҳам ҳукуматда ўтирган зўравонларга на инсоф битади ва на диёнат. Демак уларни уларни куч ишлатиб ҳокимиятдан ағдариш керак, бироқ қани ўша куч? Ҳамма гап шундаки, биз қанчалик демократия қўшиғини куйлаганимиз билан биров эрк учун курашмоқчи эмас. Шунчаки, бизга кимдир тайёрлаб берсин, ана ундан сўнг яшашни қойиллатиб қўямиз. Биздаги, айтиш мумкин бўлса сиёсий маънавият ҳаминқадардир.
Совет мамлакатининг парчаланиши ХХ асрнинг энг катта фожеаси бўлганди. Кимдир рози бўлмас бунақа фикримиз билан, лекин ҳақиқат эса айни шундай. У даврда дунё тинч эди, қаерда уруш олови ёнса Советлар уни бостириб қайтарди. Биз Советлардан осонгина мустақил бўлганимизни фахр билан ҳам эслаб қоламиз гоҳида. Аслида эса бизга биров мустақилликни шундоқгина бериб қўйгани йўқ ва бундан кейин ҳам бермайди. Лекин Ватан мустақиллиги куйини чала бошлаганимизга 22 йил тўлай деб қолди. Бу ўтган давр ичида элимиз Совет давридагидан кўра қаттолроқ бўлган ҳукуматнинг чангалига тушди. Тушди ҳам эмас, эл ўзининг атрофида ўша чангални ўзи айлантирди ва янги диктаторнинг панжалари уни маҳкам сиқиб олишига ўзи ҳам жонбозлик кўрсатди. Сукут аломати ризо дейдиларку, шунга ўхшаб элимиз диктатура олдида сукут қилиб, ўз ризолигини билдириб қўйганди.
Оқибат нима? Энди мустақиллик куйини эшитганда лабларимизни жийирадиган, мустақилликдан ижирғанадиган даражага ҳам келдик. Бу албатта Ислом Каримовнинг ҳам, унинг ҳукуматининг ҳам мағлубияти белгисидир. Ваҳоланки, президентнинг ўзи ўз тили билан “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат!” дея хитоб қилганди. Аммо ўша кезда Ўзбекистоннинг келажаги буюк эмас, балки аксинча куюк эканлиги ҳам кўпларга аён бўлсада, бироқ “чурқ” этиб оғиз очишга қодир бўла олмади.
Аслида ватанимиз мустақилми? Йўқ албатта. Мустақил давлат деганда ўз мустақил сиёсатини олиб бора оладиган давлатлар тушунилади, кимгадир қарам бўлганлари эмас. Ер юзида мутлоқ мустақил бўлган мамлакатлар ҳисобини олсангиз, улар бир қўлингиздаги бармоқларингиз сонига ҳам етмайди. Қайси мамлакатлар мутлоқ мустақил экан? Каминанинг фаразича бундай мамлакатлар бор йўғи тўрттагина: АҚШ, Россия Федерацияси, Хитой ва Эрон. Қолган мамлакатларнинг ҳаммаси шу давлатларга қараб қолган ва уларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб ўз сиёсатларини қурадилар.
Совет Иттифоқининг парчаланиб кетиши ортидан бошланган турли-туман урушлар эса шу тўрт мамлакат қизиқишлари орасида содир бўлаётганга ўхшайди. Уларнинг вассаллари бўлган мамлакатларни ўз таъсирлари остига киритиб олиш учун турли инқилоблар содир бўлаяпти. Тунис ва Мисрда кечган инқилоб жараёнлари эса бундан мустасно бўлди ва унда ҳукуматларни узоқ йиллардан бери бошқариб келган диктаторлар қулатилгач, қандайдир бир хаос ҳолатига кели қолишди. Яъниким, инқилоб амалга оширилди, энди нима қилиш кераклигини биров англаб оломаяпти ва келажак эса қанақа бўлишини ҳам тасаввур қилиб бўлмайди.
СССР ишчи-деҳқонлар ҳокимияти ўрнатилинган мамлакат эди. Давлат ҳудудидаги барча табиий бойликлар халқники деб уқдириларди. Аммо Сталин вафотидан кейин Шўроларда бошланган коррупция аста-секинлик билан кучайиб келди ва ахийри йирик бир давлатнинг пароканда бўлишигача олиб келди. Албатта камина собиқ Шўра давлатида ҳамма нарса муҳайё эди, ҳаёт жуда гўзал эди демоқчи эмасман. Бироқ бугунги кунимиздан кўра минг чандон яхши эди дея баралла айта оламиз.
Бугунги эришган ютуқларимизга бир назар ташлайликчи. Нималарга эришдик ўзи? Собиқ СССР парчаланиши ортидан янги буржуазия пайдо бўлди ва у соат сайин бойиб бораяпти. Россиядаги “новые русские” га ўхшаш буржуазия бу. Пролетариат уларга қарши турарди, нафақат қарши турарди, балки Сталин репрессияси йилларида ўша давр помещчиклари, буржуйлари ўлдириб юборилгани ҳам бор эди. Бордию тағин таърих такрорланса, бугунги янги пайдо бўлган буржуйларни ўлдиришга халқ норози бўлармикан? Албатта йўқ! Чунки кўриб турганимиздек, буржуйлар фақат ўз ғамлари, роҳату фароғатлари билангина яшамоқда, бошқа одамларни эса оёқлари билан тепиб юборишаяпти ҳам. Демак, ҳеч нарса ўз ўзидан бўлмас экан.
Ўзбекистонда ҳам мана шунақа буржуйлар пайдо бўлгани камми? Анчагина одамлар элнинг устида ўзига бойлик яратиб олмоқда ва келажакда улар ҳам қандайдир “заводчи бойлар”, ёинки бошқа кўринишдаги эксплуатация қилувчилар синфига айланиб олишади. Албатта бизда қонунларга парво қилмаслик кенг қулоч ёйган ва шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, Ўзбекистонимиз аҳли даври қиёматда ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун кураша олмайди.
Ҳозирда ўзбекнинг ҳамма нарсаси пул бўлиб қолди. Бу ҳам бўлса яшаб қолиш учун. Ҳаттоки ор-номусини ҳам пуллаётганлар кам эмас ҳозир ва бу миллатнинг бошига келган бало, офат бўлди. Лекин ажабланарлик томони, буни халқимиз қабул қила олганидир. Қачонки бу эл миллатнинг дарди билан оғрий бошласа ва мана шу оғир дардни қалбида ҳис қила олса, ана ундан кейингина янги бир инқилоб содир бўларди. Афсус, тош каби қотган бу қалблар ларзага келишига ҳам умид қолмади.
“Эрк берилмайди, балки олинади” дейилади элимиз ҳикматларининг бирида. Демак, эрк учун курашмоқ зарур экан. Жуда бўлмаса бу эл ўз эрки учун курашаётганларни очиқ қўллаб туриши керак, қайсики, бу ишни ўзбеклар ошкора қила олишмайди. Эркимизни қўлдан бериб қўйишимиз оқибати эса бизга жуда қимматга тушаяпти. Илгарилари Москвадан умид қилардик – ўшалар ҳақиқтни очиб беради деб. Энди кимга мурожаат қиламиз? Ислом Абдуғаниевичдан умид қилиш, бу калдан тароқ сўраш билан баробар бўлса. Балки Ислом Абдуғаниевичнинг янги хўжайини бўлган Оқ уй хўжайинидан умидвор бўлсакчи? Йўқ, улар бизнинг дардимиз билан ёнаётган жойи йўқ ва ўзбеклар диктаторнинг қозонида тириклайин қайнатиладими, ёки доғланган ёғга ташлаб тириклайин қовуриладими, Оқ уй хўжайинининг баданидаги бирор тук ҳам қилт этмайди.
“Ўзинг учун ўл етим” дейдилар. Собиқ шўролар салтанати йиқилиб, отасидан айрилиб қолган етим халқ бўлдик ва бугун кўриб турибмизки, энди аравамизни ҳар ким ҳар ёққа тортмоқда. Кимдир биров қадимги режим бўлган исломиятга томон етаклайман деса, бошқа бирови ғарб либерализми томон судрашга уринади. Шунда бизни АҚШ ва Европа қўлларкан. АҚШ анча мамлакатларни қўллаб келаяпти ва кўриб турганимиздек, уларнинг бирортаси ўсгани йўқ. АҚШ Ўзбекистонга жуда катта қизиқиш билдирарди, агарда ватанимизда ҳам катта нефт заҳираси бўлса. Масалан, Ироқ, Ливиядаги каби. Ҳозир эса Ўзбекистон уларга керак, Марказий Осиёдан туриб Россия ва Хитойга таъсир ўтказиш, ҳамда Афғонистонга бемалол ўтиб қайтиш учун. Бошқа қизиқишни уларда кўрмаяпмиз.
Бизга озодлик, бизга тенглик керак. Аммо озодликни ҳам, тенгликни ҳам ҳар ким ҳар хил тушунади. Таниқли поляк ҳуқуқ ҳимоячиси Марек Навицкийнинг ажойиб сатрлари бор. У тенглик тушунчаси ҳақида ёзаркан, тенгликни ҳар ким ҳар тушунишини келтириб ўтганди.
“Тенгликни ким қандай тушунишининг билмоқчи бўлсангиз, ўша одамларнинг чўнтагидаги партия билетларига назар ташланг”, – деб ёзганди Марек Навицкий, – “агар унинг чўнтагида социалистлар партияси билети бўлса, унинг назариджа тенглик ҳар бир одамнинг бир хил имкониятлар билан туғилишидан бошланади ва бунда қандайдир бойликнинг мерос олиниши таъқиқланиши талабларини илгари сурганлар ҳам бўлган. Агар шахснинг чўнтагида коммунистик партияга аъзолик билети бўлса у тенгликни бошқача тушунади. Коммунистнинг нуқтаи назаридаги тенглик, ҳамма учун тенг имкониятлар, бир хил яшаш тарзи демакдир. Ҳамма бир хил квартираларда яшайди ва ҳамма бир хил ошқозонга эга бўлади. Ҳамма бир хил қабрларда ётади. Либераллар назаридаги тенглик эса, фуқароларнинг қонун олдидаги тенглигини англатади ва ҳамма қонун олдида тенгдир деган ғояни илгари суради”.
Либерализмгнинг ҳам юлдузи ўчаяпти. Фақатгина қонунлар олдидаги тенглик ҳукмрон бўлган Европада одамлар бундан безиб қолишди ва улар бошқа бир давлат тузумини орзу қилаётганга ўхшайди. Кейинги вақтларда Европа миллатлари ҳам Исломни қабул қилаётгани, ёки ирқчилик тарафида тураётганликлари каби ҳолатлар шундан далолат беради. Кейин, либералистик ғоя тарафдорлари сабаб ҳам, бир жинслик никоҳ каби жирканч турмуш тарзи кенг қулоч ёя бошлади. Албатта камина бунга тарафдор эмасман, керак бўлса қаршиман ҳам. Аммо бу билан нима ўзгариб қоларди?
Биз бугун демократияни орзу қилишимиз ортиқчага ўхшайди. Уни халқимиз истамаяпти! Шундай экан, ўзбек демократик мухолифатининг ҳам даври ўтибди. Албатта Исломий инқилоб қилиш керак деб ўйласангиз бунда ҳам хатолик бўларди. Чунки ўша исломий инқилоб учун ҳам камарбаста бўлиб чиқадиганлар йўқ. Бизнинг олдимизда икки йўл борга ўхшаяпти. Ғояси ҳам номаълум бўлган Каримовлар оиласи диктатураси қуллигига рози бўлиш, ёки Совет даври қуллигига қайтиш. Биз учун бошқа танлов йўқ! Ўзбек мухолифати элнинг қўлловини қозона олмас экан, бирор ижобий ўзгаришга эришиб бўлмайди, лекин ўзбек мухолифатини қўллайдиган ўзбеклар бармоқ билан санарлик даражада кам. Эслатиб ўтамиз: у одамлар каримовларни ҳам қўллаётгани йўқ.
Совет даври қуллиги эса ҳозирги қулликдан минг чандон афзал қуллик эди. Ҳар қалай, қийноқлар бўлмасди, одамлар тарки ватан қилмасди, тиббий хизмат мутлоқ текин бўларди ва порахўрлик ҳозирги даражада камолот чўққисига кўтарила олмасди. Кейин, бизнинг буржуйлар бизга ҳеч вақт эрк бериб қўйимайди. Нима қилишни эса одамларнинг ўзлари ҳал қилишар, агар ўзларида журъат топа олишса.
Тўлқин Қораев
Швеция