O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Янги давр эшик очаяпти

Янги давр эшик очаяпти
130 views
24 December 2017 - 14:01

ЎзА Эврил Турон – Мамадали Маҳмудовнинг мақоласини чоп этибди.

Мана буни ўзгариш, деса бўлади.

Энди унга ва бошқа миллий шоир ва ёзувчиларимиз – Муҳаммад Солиҳ, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон ва марҳум Эмин Усмонга қўйилган сохта айблар ҳам олиниб, уларнинг номлари оқланиши ва китобларининг нашрига рухсат берилиши керак.

Ва албатта, қамоқдаги Дилмурод Саййид ва Юсуф Рўзимуродовлар озод этилиши лозим.

Паҳлавон Содиқ

***

Янги давр эшик очаяпти

Элга қайишадиган, элни иш, маош билан таъминлайдиган, шоир тили билан айтсам элни тўқ ва гулгун ҳаётга бошлайдиган янги давр эшик очаяпти.

Бу Шавкат Миромонович Мирзиёев даври. Эл олқишлаётган Мирзиёев даври. Кўнглим сезган эди. Кўнгиллар сезган эди. Шавкат Миромонович муваққат Президент бўлган куни, кунлари хориж оммавий ахборот воситаларига, жумладан: «Дунё ўзбеклари»га, “Би-Би-Си” ва «Озодлик» радиоларига у ҳақида ўз мактуб, мақола, сўзларим билан чиқишлар қилган эдим.

Сиёсат, иқтисод, қурилиш, саноат, қишлоқ хўжалиги…, ҳар соҳада сезиларли юксалишни кўраяпман.

Эл-юртимнинг камоли – менинг камолим!

Эл-юртимнинг тинчлиги – менинг тинчлигим!

Эл-юртимнинг бойлиги – менинг бойлигим!

Президентимиз Шавкат Мирзиёев сўзи билан айтсам, эл бойиса, давлат бойийди. Давлат бойиса, Америкача қудратга кирамиз. Ишонаман! Улардаги бор нарса бизда ҳам бўлади. Ҳатто беқиёс қудрат!…

Ҳеч муболағасиз айтсам, олам тан олган ҳақни айтаман. Биз дунёда энг кўп – ўн саккизта империя қурган миллатмиз. Бир мисол: Амир Темур салтанатини нафақат биз, балки дунё ҳам ҳурмат билан тилга олади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевни Амир Темур, Мирзо Бобур, Шароф Рашидовларнинг руҳлари қўллаяпти. Яна Чўлпон, Фитрат, Қодирийларнинг руҳлари қўллаяпти.

Тангри ҳам, халқ ҳам, ўтганлар ҳам Президент Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг эзгу ишларини, жумладан, олимларга ва ёзарларга қилаётган ғамхўрлигини қўллаб-қувватлайди.

Эврил Турон, 
ёзувчи.
Манба: uza.uz