O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Янги дунё”ни яхши сифатлари билан хотирлайлик

Биз “раҳматлик” сайтни яхшигина ижобат бўладиган дуолар билан дорилбақога кузатиш ўрнига уни ёмонлаяпмиз. Яхши эмас, азизлар, ўзбеклигимизга амал қилайлик ва уни яхши сифатлар билан хотирлайлик.

“Янги дунё”ни яхши сифатлари билан хотирлайлик
124 views
09 October 2012 - 8:58

Тўлқин Қораев
Швеция 

Ўзбек халқининг маданияти бошқа кўп халқлар орзу қилса бўладиган бир маданият десак муболаға қилмаган бўламиз. “Биздан ўргансинлар”, – деб гоҳида даъво қиламиз хориждаги баъзи ҳолларга қараб. Лекин давр ўз таъсирини ўтказмай қўймас экан ва ўзбекларимиз ўзининг минг йиллар давомида йиғған ва бекаму-кўст амал қилиб келган урф-одатларидан ҳам воз кечаяптилар, ёки унутаяптилар.

Маданиятимиз Ислом таълимотларга асосига қурилган ва бунда шундай дейилади: “Ўтганларни фақат яхши сифатлари билан хотирланг, уларнинг ёмон сифатларидан тилингизни тийинг”. Бу нафақат бизнинг маданиятимиз бўлаги, балки даври қиёмат пайғамбари бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан айтилган ҳадиси шарифларнинг бири ҳамдир.

Ўзбеклар ҳамма вақт ҳам шунга амал қилишаяптими? Йўқ! Масалан, нега И.Сталинни ёмонлаймиз? У ҳам ўтганлардан ахир. Демак маънавий томондан бунга ҳаққимиз йўқ! Яқинда яна бир муаммо юзага чиқди. Кўпларнинг жиғига тегиб, асосан одамлар орасида низо уруғини сочиб келган, иғво-бўҳтон уяларидан бири бўлган сайт – “Янги дунё” ўтиб қолди. Ўзини унинг соҳиби деб билган журналист Юсуф Расулов “марҳум” учун қайғуриб баъзи ҳаракатларни ҳам бошлади. Масалан, “Янги дунёни ким ўғирлаган бўлса қайтариб берсин”, – деб уввос солди.

“Чиқмаган жондан умид” дейдилар, Юсуф Расул “Янги дунё”си оламдан ўтганини билмаса керак. Тағин бу сайтнинг йўқолиб қолганига “Озодлик” ва “Би-Би-Си” радиолари аҳамият қаратмабди. Бу радиоларда ишлайдиган ўзбекзабон журналистлари ҳам ўзининг асл маданиятини унутган кўринади. Акс ҳолда бирорта “таъзиянома” жумлалар билан “марҳум” сайтни эслаб ўтишса бўларди-ку. Шунда ҳам фақат яхши сифатлари билан. Агар яхши сифати бўлмаган тақдирда ҳам, ёмон сифатларини хотирламасдан бирор нарса айтса бўларди.

Биз эса “раҳматлик” сайтни яхшигина ижобат бўладиган дуолар билан дорилбақога кузатиш ўрнига уни ёмонлаяпмиз. Яхши эмас, азизлар, ўзбеклигимизга амал қилайлик ва уни яхши сифатлар билан хотирлайлик.

“Яхши сайт эди, раҳматлик”, – дея хўрсиниб қўяйлик. Мана бу ўзбекона қадриятни намоён этганимиз бўларди.