2012 йил 27 декабрь куни тунги вақт билан, соати 24-00да Шайҳонтоҳур
тумани ИИБ ходимлари, “Ибн-Сино” мавзесидаги, мардикорлар
бозоридаги фуқароларнинг ётоқхоналарига бостириб кирганлар…
Уларнинг бизга берган маълумотлари қуйидагича: “Биз аввалига ётохонамизнинг
“хозяйн”и деб эшикни очсак, бир гуруҳ яшил формада турган, “азроил”ларга
дуч бўлдик. Улар хонамизга бостириб кириб, “Фуқаролик паспорти”мизни
қўлимиздан тортиб олишди. Биз вақтинчалик “аренда”да турган,
хонадонимизни бир бошдан текширишди. Кимнинг ён киссасидан нима чиққан
бўлса, ҳаммасини олишди.
Шундан сўнг, Шайҳонтоҳур тумани ИИБга қарашли бўлган, автобусларга мажбурий равишда тиқишди. Кейин эса, жойларда ташкил қилинган участка милиция пунктига олиб боришди. У ерда, мардикор бозорида ишловчи барча фуқаролар келтирилган экан. ИИБнинг бошлиғи майор, исми шарифи эсимда йўқ. У шундай деб сўз бошлади: “Ким қаердан келган бўлса, ўша ёққа равона бўлсин. 2012 йилнинг 25 декабрь кунидан бошлаб, “Темир йўллар” бошқармаси томонидан “Тошкент-Термиз”, Тошкент-Самарқанд” ва “Тошкент-Нукус” йўналишлари бўйича қатнаётган поездлар бир кунда 2 марта йўлга қўйилган. Ана шу поездларга эртадан бошлаб ҳамма кетиши шарт. Агар, “Янги йил” кунигача Тошкент шаҳридан кетмасангиз, Панельнийга олиб борамиз, ўша ерда “Янги йил”ни кутасизлар. Байрам ўтгандан сўнг яъни, 10 кудан кейин, Тошкент шаҳрига ишга келишларинигиз мумкин…” дейишди биз билан суҳбатлашган бир гуруҳ мардикор йигитлар.
Фахриддин Тиллаев