O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ЯНГИ МАТНЛАР

ЯНГИ МАТНЛАР
684 views
07 November 2021 - 13:45

ЮРТИМГА ҚАСИДА

Юртим,
Келмагани учун омадим,
Насиб этмагани учун висолинг,
Мен сенга “Пуф сассиқ” демадим,
Чунки сен хушбўйсан Каъба мисоли!

Тилинг йўқ, аммо сен мен билан ҳар кун
Суҳбатлашасан-ку мисли кабутар –
Чунки нақ ўттиз йил кўрмасанг уни
Ҳатто Ватанга ҳам бир кун тил битар!

Суҳбатлашишга ҳам қолмаса кучим
Ва таққа тўхтаса ожиз баданим,
Уни кўммоқ учун, беркитмоқ учун
Тупроқ истамайман сендан, Ватаним!

Яратганга инонган қул учун модам
Ҳар ер жойномоздир, ҳар ер қабрдир –
Мени бу ҳаётда тутиб турган ҳам
Сенга севгим эмас, сенга сабрдир.

Ортиқ менга Ватан байроғи эмас,
(Агар бўлса унда) шон муқаддасдир.
Зулмга муте юрт тупроғи эмас,
Унıнг-чун тўкилган қон муқаддасдир!

2021

ЖАР ЁҚАСИДА

Тамом бўлган жойда ҳар икки қутб,
Ҳаёт билан ўлим бирлашган жойда
Бир Фикр ёқасига ёқинлашдим мен
Ёқинлашган каби жар ёқасига!…

7.11. 2021

Муҳаммад Солиҳ