O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Янги секретар

Янги секретар
296 views
07 August 2016 - 5:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(46)

ЯНГИ СЕКРЕТАР

Фарғона  воқеаси  Рафиқ  Нишоновнинг  раҳбарликдан  кетиши билан битди. Халқ орасида тарқалган миш-мишларга кўра, Фарғона воқеалари  Нишоновнинг  Москвага  олинишига  асосий  сабаб  эди.

Менимча,  асосий  сабаб  бошқа  эди.  Саксон  тўққизнинг  баҳорига келиб,  Горбачев  атрофида  мухолифларнинг  сассиз  чамбари  анча торайиб  қолганди.  У  ўзига  четдан  салафлар  ахтара  бошлаганди. Нишонов  ўша  салаф  сифатида  СССР  Олий  Совети  Раиси ўринбосарлигига  олинганди.  Бу  вазифада  у  Горбачевга  садоқат билан хизмат қилди.

Нишоновнинг  ўрнига  ҳеч  ким  танимаган  бир  шахс тайинланди.  Бу  одам  компартиянинг  Қашқадарё  вилояти  биринчи секретари  Ислом  Каримов  эди.  Илгари  Давлат  план  қўмитасида ишлаган,  келиб  чиқиши  самарқандлик,  детдомда  тарбияланган, мутахассислиги  экономист…  Янги  раҳбарнинг  мухтасар таржимаи ҳоли  шу эди.

Уюшмага  менинг  қўшним,  ёзувчи Евгений Березиков келди. Каримовни  танимайсанми,  –  деб  сўради.  Танимайман,  дедим. Нисбатан ёш, яхши нарсалар кутса бўлади, деди Березиков. Унинг  гапига  ишонгим  келди.  Кўпчилик  каби  мен  ҳам Нишоновнинг  Ўзбекистонда  Қайта  Қуришга  тўсиқ  бўлаяпти  деб ўйлардим.  Унинг  ўрнига  келган  «нисбатан  ёш»  раҳбардан  шубҳа эмас, умид қилиш биз учун қулайроқ  эди.

Янги  раҳбар  ишга  келар-келмас,  биринчи  бўлиб  ёзувчилар билан  алоқа  қуришга  қарор  қилгани  маълум  бўлди.  Бу  тактикани тушуниш  мумкин  эди.  Ўзбекистонда  янгиланиш  ҳаракатининг маркази  ҳам  Ёзувчилар  Уюшмаси  эди.  «Бирлик»  ташкилоти  шу Уюшма  аъзолари  базасида  қурилган  ва  у  ҳозирча  мустақил ҳаракатга қодир эмасди.

Muhammad_Salih_fotomajmua_51Июн  ойининг  охирлари  эди  тахминан,  мени  Марказқўмга чақиришаётганини  айтишди. Янги раҳбар танишмоқчи экан. Раҳбарнинг  ҳузурига  кираётиб,  бир  неча  ой  аввал  бу кабинетда  Рафиқ  Нишонов  билан  ўтган  суҳбатни  эсладим.  Дунё ҳақиқатан  ҳам  фоний  эди.  Янги  раҳбар  Ислом  Каримов  илк қарашда  самимий  одамга  ўхшаб  кўринарди.  Унинг  гапларидаги чапанича  оҳанг,  эски  раҳбарлардаги  совуқ,  ҳайкалчасига салобатдан фарқли бир инсонийлик  ташир эди гўё.

–  Сизнинг  ёзган  мақолаларингизни  биламан,  –  деди  у кўзларини  йилтиллатиб,  – энди,  мана, бирга ишлаймиз.

Каримов  интернатда  рус тилида ўқиган ва рус урф-одатлари муҳитида  етишган  одам  эди.  Бу  турмуш тарзи унинг ўзбекчасида айнан  акс  этарди.  Русча  ўйлаб,  ўзбекча  гапирарди.  Талаффузи нуқсонли  эди,  русларга  ўхшаб  «қ»  товушини  «к»  деб  талаффуз этарди.  Талаффузини  Ўзбекистон  Президенти  бўлиб сайлангандан сўнг ҳам тузатолмади. Бир гал Олий Кенгаш сессиясида «Марказга қарам  бўлиб  қолдик»  демоқчи  бўлиб,  «карам  бўлиб  қолдик» деганда  анча  кулги  бўлганди.

Каримов  билан  биринчи учрашувимизда  менда  ижобий  таасурот  қолди.  Буни  Уюшмадаги котибларга ва «Бирлик» ҳаракатидаги дўстларга билдирдим. Ўзбек тилини  давлат  тили  мақомига  кўтариш  масаласини  ҳукумат савиясида  муҳокама  қилиш  имкони  туғилганди.  Янги  раҳбарга Ёзувчилар  Уюшмаси  котиби ўлароқ бир мактуб ёзиб, давлат тили мавзусининг  актуал  масала  эканини  тушунтирдим.  Бошқа  бир баҳона  билан  учрашганимизда,  Каримов  тил  бўйича  ишлаётган Комиссия  ўз  хулосаларини  Олий  Кенгашга  тезроқ  топширсин,  у ерда  мен  давлат  тили  ғоясини  қўллайман,  деди.  Аммо  ундай бўлмади.

Каримов  давлат  тили  масаласини  кўтариб,  Москвага қарши таваккалчилик қиладиган даражада миллатпарвар эмасди. Каримов  «Бирлик»  ташкилоти фаолиятига ҳам кутилмаганда либерал  ёндошди.  Керак  бўлса,  расман  регистрация  қиламиз,  деб юборди.  Биз  бундан жуда ҳаволарга учдик. Ҳаракатнинг низомини берган  эдик,  дарров  «Ёш  ленинчи»  газетасида  босишди.  Ҳаракат программасини  ҳам  газетага  бериш  учун  матн  устида  таҳрир ишларини  бошлаб  юбордик.  «Бирлик»даги  йигитлар  Ҳаракатнинг байроғи,  герби  ҳақида  тортишаётгандилар,  мен  бу  нарсаларни тортишмасликларини  илтимос  қилдим.

Муҳими  ҳаракат Программаси  халқ  орасида  кўп  тиражда  тарқалади,  агар  ҳукумат байроқ, герб каби символикаларга қарши чиқса, бундан ҳозирча воз кечиб  туриш  мумкинлигини  тушунтирдим.  Бу  фикрни  кўпчилик қўллаб-қувватлади, аммо бир-неча киши буни ҳукуматга ён босиш, муросасозлик  деб  баҳолади.  Бўлмаса,  билганингни  қилинглар дедим.

Мен  «Бирлик»  ҳаракатида  ҳайъат  аъзоси  эдим,  аммо ташкилотнинг  қурултойидан  кейин  унинг  фаолиятига  деярли аралашолмай  қўйгандим.  Мен  ҳали  ҳам  ёзувчилар  бир  сиёсий ташкилот  тузиб,  халққа  топширсин,  кейин  адабиётига  қайтсин, деган  фикрдайдим.  Қаламкаш  оғайниларим  ҳам  шундай  фикрда эдилар.  Фақат,  аввал  айтилганидек,  биз,  қалам  аҳли,  сиёсат ботқоғига  аллақачон  чўкиб  бўлганимиз  ва  у  ердан  Қутулиш  учун анча вақт керак бўлажагини у пайтда билмасдик.

(давоми бор)