O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Янги Тошкент

Янги Тошкент
295 views
14 August 2016 - 5:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(53)

ЯНГИ ТОШКЕНТ

Тошкентда бир ой бўлмагандим, учоқдан инар экан, шаҳарда ўзгариш  ҳавосини  ҳис  этдим.  Баъзи  минтақаларда  масхат туркларига  қарши  провакациялар  уюштирилиб,  вазият таранглашиб турган бўлса-да, умумнинг руҳияти яхши эди. Ҳамма янги  Олий  Кенгашнинг  биринчи  сессияси  ҳақида  гапиришарди.

«Москвада Собчак чиққан бўлса, бизда Мурод Жўраев бор, жасур қизимиз  Тойиба  Тўлаганова  бор,»  дердилар  оғиз  тўлдириб.  Мен жуда  севиндим.  Бутун  андишаларга  қарамай,  ишимиз  ниҳоят ўнгидан  келибди-да,  дедим  кўнглимда.  Агар  Олий  Кенгашда ҳукуматни  очиқ  танқид  қилишга  қадар  миллатвакиллари  бўлса, демак,  бу  сайлов  бекорга  кетмабди.  Демак,  мамлакатнинг қутулиши  яқин,  дея орзу қила бошлади кўнгил.

Ёзувчилар  Уюшмасига  келдим,  у  ерда  ҳам  ҳаракатли  бир ҳаёт  жўш  урарди.  «Эрк»нинг  илк  газетасини  олиб  келишди. Машинкада  босилиб,  А-4  ҳажмдаги  қоғозга  босилган  варақа шаклидаги бир нарса. Аммо унда «Эрк»нинг мустақиллик ҳақидаги илк муждалари ўша ибтидоий «газета»да босилганди. Одамлар илк даъфа  ўз  юртларининг  мустақиллигини  шиор  қилган  бир ташкилотни  иншо  қилиш  учун тўпланиб турардилар. Бир романтик туйғу  ҳоким  эди.  Уни  таърифлаш  учун  ўша  90-йилларнинг  найсон (апрел)  ойи бошларида Ёзувчилар Уюшмасининг кичик мажлислар залида  тортишаётган  шоир-ёзувчилар  кўзидаги  ўтни  кўриш  лозим бўларди.

11  найсон  (апрел)  1990  йил  «Эрк»  ҳаракатининг  таъсис қўмитаси  бу  ҳаракатни  «Эрк»  Демократик  Партияси  деб  аташга қарор  қилди.  Таъсис  Қўмитаси  «Эрк»  Демократик  партиясининг Биринчи  Қурултойини  30 найсонда ўтказишни белгилади.

Таъсис  Қўмитаси  мажлисига  қўмита  аъзоларидан  ташқари ҳам  одамлар  кирганди.  Оломон  каттайиб,  залга  сиғмади,  кўплар оёқда  туришди.  Кўтаринки  руҳ,  келажакка  ишонч  барқ  урарди юзлардан. Бу мажлисда шу тубандаги нутқни ўқидим:

Бу  тонг  эмас,  шом  шафақларидир.  Биз  Кунчиқарга  эмас, Кунботарга  қараб  турибмиз.  Зотан,  коммунизм  қуёши  ҳам  бир пайтлар  –  нотабиий  бир  йўсинда  –  Кунботардан  кўтарилганди. Лекин у ботар экан, ўзининг  табиий йўлини  танлади. Италия,  Олмония,  Руминия,  Полония,  Югославия, Чехословакия  ва  бошқа  Оврупо  мамлакатларидаги  кескин  сиёсий ўзгаришлар ботаётган коммунизм қуёшининг шафақларидир.

Коммунизм  доҳийси  Карл  Маркс  «Инсон  ўз  ўтмиши  билан жилмайиб  видолашади,»  деган  экан.  Агар  коммунистлар  бу  шом шафақларига  қараб,  жилмайишга  куч  топсалар,  ҳақиқатни  тан олган бўладилар.

Ҳақиқат  бир  қадар  тан  олинаяпти  ҳам.  Масалан,  Италия коммунистлари  ўз  партияси  номини  ўзгартирдилар.  Булғористон ҳам  шу  йўлдан  кетди. Руминия коммунизм ғоясидан бутунлай воз кечди. Чехословакия, шарқий Олмония коммунистлари саросимада ва  ҳоказо.  Коммунизмни  фаол  ҳимоя  қилаётган  мамлакатлар унчалик кўп эмас. Ғарбда – Албания, шарқда – Хитой ва Шимолий Қурия, Лотин Америкасида – Куба. Лекин уларнинг орқасида буюк бир  давлат  –  Советлар  Иттифоқи  бор.  Бугун  Кубанинг  раҳбари Фидел  Кастро  Совет  Иттифоқидаги  янги  сиёсатни  танқид қилаётган  бўлса  ҳам,  Хитой  «биз  бошқа  йўлдан  борамиз,»  деб турган бўлса ҳам, Албания Москов тарафидан келаётган садоларни эшитмаслик  учун  қулоғини  бекитаётган  бўлса  ҳам,  улар  батамом советларга  суянади.  Улар  коммунизм  ғоясини ҳаётга биринчи бор тадбиқ этган мамлакатдаги сиёсий структура турли хил маданиятга эга  бўлган  турли  халқлар  ҳаётига  мислсиз  даражада  оригинал боғланганлигини  ва  бу  тугунни  ечиш  Овруподаги  каби  осон кечмаслигини яхши биладилар.

Улар  яна,  Совет  Иттифоқида  сиёсат  саҳнасига  чиқаётган кучлар  –  халқ  ҳаракатлари  ва  турли  партиялар  ўзини  ўнглаб олгунча,  КПСС  вақтдан  ютиши  ва  ўз-ўзини  чиндан  ҳам  қайта қуриб  улгуришига  ишонадилар.  Дарҳақиқат,  ишончга  маълум асослар  бор.  Биринчидан,  янги  сиёсий  уюшмалар  тузилиш жиҳатидан КПССга нисбатан анчагина мўрт ва кураш тажрибалари деярли  йўқ.  Қанчалик  бюрократик  бўлмасин,  КПССнинг  йиллар давомида шаклланган иш услуби мавжуд ва бу услубга ҳам бирор бир  янги  партия  эга  эмас.  Шунинг  учун  ҳам  янги  жорий  этилган сиёсий  программалар,  асосан,  жамиятни  демократлаштиришга қаратилган  ва  улардаги  сиёсий  ҳокимиятга  даҳлдорлик  фақат  яна ўша ҳоким табақа – КПСС аъзолари орқали ўз ифодасини топмоқда.

Болтиқбўйи  ва  бошқа  минтақалардаги  сиёсий  ҳаракатларнинг раҳбарлари аксар коммунистлар эканлиги бунинг  мисолидир.

Коммунистлар ким ўзи?

Улар бир алоҳида ирқ эмас. Улар биз билан ёнма-ён яшаётган яқинларимиз,  оталаримиз,  акаларимиз,  опаларимиз,  ука  ва сингилларимиздир.  Лекин  улар  уйдан  чиқиб,  давлат хизматчисига, зиёлига,  деҳқонга  айланадилар.  Яна  нарироқ  бориб,  давлат  деб аталган  баҳайбат  машинанинг  кичик,  аммо  зарур  мурватларига айланадилар.  Улар  ишга  тушар экан, имтиёзли ижтимоий қатлам – ҳоким синфга айланадилар. Ҳокимлик мақоми фақат сиёсий дастак билан  эмас,  балки,  иқтисодий  рағбат  билан  ҳам мустаҳкамлангандир.  Бу  мақом  давлат  идоралари,  жамоат ташкилотларидан,  оилавий  муносабатларгача  ўз  таъсирини ўтказишга қодир.

Бугунги  коммунист шахс ким?

Коммунистларнинг  аксарияти  турмушсевар,  нисбатан иродали,  ҳокимиятга  интилувчи  ва  бу  интилишидан  уялмайдиган, ҳаётга  кураш  деб  қарайдиган  ҳушёр  кишилардир.  Улар  идеалга (улкуга)  ишонмайдилар.  Шу  жумладан,  уларни  ўз  паноҳига  олган коммунизм  идеалига  ҳам  шубҳа  билан  қарайдилар. Бир сўз билан айтсак,  коммунистлар  материалистлардир  –  улар  ҳар  бир  нарсани қўл  билан  ушлаб  кўрмаса,  ишонмайдилар.  Албатта,  айнан  шу маънода улар ҳақиқий марксчилардир.

Қолаверса,  улар  ижтимоий  ҳаётни  ниҳоятда сезгирлик билан кузатадилар  ва  иқлимга  мослашув  қобилияти уларда ўткир. Бугун фирқа  билетини  ташлаётганларга  қараб,  «нега  бу  ишни  Брежнев даврида  қилмадинг?»,  деб  дашном  берадилар.  Менимча,  бу ўринсиз  дашном.  Ҳар  ҳолда,  бир  неча  минг  коммунистнинг фирқа билетини  улоқтириши  бутун  бошли  компартиянинг  ўз номидан воз кечишлари  олдида  ҳеч  гап  эмас.  «Иқлимни  ўзгартира  олмасанг, иқлимга мослаш.» Бу ҳақиқатни коммунистлар ёддан билишади.

Советлар  қурултойининг  дастлабки  босқичида  мухолифат томонидан  киритилган  радикал  таклифлар  бугун коммунистларнинг  программасидан  жой  олди.  Улар  халқ ҳаракатлари  ва янги тузилган сиёсий уюшмаларнинг эртага қандай талаб  билан  чиқишини  олдиндан  кўришга  интилмоқдалар  ва таъбир  билан  айтганда,  «қичийдиган  жойни  бир  аввал  қашиб қўйиш»га уннамоқдалар.

Хуллас,  коммунистлар  бугун  ҳам  ижтимоий-сиёсий  ҳаётга энг фаол кучлардан бири бўлиб қолмоқда. Тўғри,  кўп  жойларда  коммунистлар  сайловда  ютқаздилар, аммо  ютқазса  ҳам,  кўпинча  ўз  сафдошларига  –  коммунистларга ютқаздилар.  Улар  ҳокимиятдаги  айрим  позитсияларни  бой беришмоқда,  аммо  кетаётиб, ўз курсисини кечаги сафдошларига  – бугунги  мухолифатчиларга  –  яна  ўша  коммунистларга  топшириб кетаяптилар.  Қайта  қуриш  сиёсати  коммунистлар  ташаббусидан, аммо  унга фаол қаршилик кўрсатаётганлар ҳам коммунистлардир.

Фақат  бошловчилар  эмас,  бошланганни  тугатишга  уринаётганлар ҳам  жиддий  кучлардир.  Совет  Иттифоқи  Конституциясидан  VI-модданинг  олиб  ташланиши  ҳам,  кўппартиявийлик  тузумга ҳайриҳоҳлик  ҳам  коммунистларнинг  ўз  кучига  бўлган ишончидандир.

Бу  куч  Совет  Иттифоқида  КПССнинг  ҳокимлик  муддатини бироз  чўзишда  ҳал  қилувчи  рол  ўйнаши  шубҳасиз.  Аммо  бунга ҳалал  берадиган  биринчи  ва  энг  хавфли  фактор  –  иқтисодий зилзиладир.  Бунинг  олдини  олиш  учун  жорий  этилаётган  эркин олди-сотди  сиёсатини  ҳаётга  тинч  йўл  билан  тадбиқ  этилишини таъминлаш  зарур.  Бу  тадбирнинг  давоми  ўлароқ,  ўз  харажатини қоплайдиган  колхоз-савхозларнинг  ер  ва  сувини  шахсларга абадий бўлиб бермоқ лозим ва ҳоказо.

КПССнинг  олдида  турган  иккинчи  тўсиқ,  маълумки,  миллий масаладир.  Қайта  қуриш  сиёсатини  бошлаб  берганлар  иқтисодий муаммо ҳал қилинса, миллий зиддиятлар сусайишини тўғри тахмин этадилар,  аммо  ўша  иқтисодни  йўлга  қўйиш  учун  КПСС жумҳуриятларга  миллий  ҳуқуқлар  бериш  мажбуриятида  қолади.

Чунки,  биронта  жумҳурият  ўз  ери,  ўз  бойлиги,  ўз  ҳуқуқи,  яъни, миллий  ҳуқуқларига  эга  бўлмай  туриб,  иқтисодий  мустақил бўлолмайдилар.  Ва  демак,  эркин  олди-сотди  сиёсати,  иқтисодий мустақиллик  ўзининг  мантиқий  давомини  –  сиёсий  мустақиллик эҳтиёжини  туғдиради.  Бу  ҳолат  КПСС  стратегиясида кўрсатилмагандир.

Muhammad_Salih_fotomajmua_58КПСС  Иттифоқда  ўзининг  ҳокимлик  муддатини  чўзишни истар экан, (бунга шубҳа йўқ) бугунги сиёсатни федаратсион эмас, конфедаратсион давлат тузиш учун йўналтиришга мажбурдир. Тан  олиш  керак, коммунизм қуёши ботаяпти. Уни партиялар ушлаб  қололмайди.  Зотан,  коммунистларнинг  фаоллиги  ҳам коммунизм  ғоясини  ҳимоя  қилишга эмас, ҳокимиятда ўз мавқеини сақлаб қолишга қаратилган. Таъбир билан айтсак, коммунизм ғояси бир худо бўлса, компартиялар бир дин эди. Худо кетди, дин қолди.

Эътиқод  сўнди,  намоз  давом  этаяпти.  Лекин  бу  намоз  –  шом намозидир.  Албатта,  бу  бошқа  партиялар  фаолияти  учун  майдон тўла  очиқ,  деган  гап  эмас.  Янги  партиялар  ўз  ғояларининг ҳаётий эканини  амалда  исбот  қила  оладими,  халқни  ўзига  эргаштира оладими  –  гап  шунда.  Бунинг  учун  вақт  керак.  Бу  вақт  кимнинг фойдасига ишлаяжагини  яна ўша вақт кўрсатади.

Бу  нутқдан  кейин  яна  бир  неча  киши  сўз олди. Ҳаммаси бу янги  ташкилотни  қуришга  қатъий  қарорли  эдилар.  Аммо  бу ишнинг  осон  бўлмаяжагини  билганлар  ҳам  бор  эди.  Биринчидан, орамизда ҳеч ким сиёсий партия «тузиб» кўрмаганди. Ягона партия КПСС  бор  эди,  у  ҳам  Ленин  тарафидан  тузилганди.

Иккинчидан, мухолиф  фикрловчи  қатламнинг  аксарияти  «Бирлик»  ҳаракатига қўшилиб  бўлганди,  уларни  янги  ташкилотга  жалб  қилиш  қийин эди.  Қолаверса,  «Бирлик»  ичидаги  иғвочи  гуруҳ  «Эрк»  ҳукуматга сотилган деган ташвиқотни авж олдириб юборганди. Хуллас,  «Эрк»  тап-тақир  чўлда  қурилиши  лозим  эди.  Бизда на тажриба, на маблағ ва на-да «ишчи кучи» бор эди. Бизда ғоядан бошқа  ҳеч  нарса  йўқди. Мустақиллик ғоясидан бошқа. Бу ғоянинг халқ  тарафидан  қўллаб-қувватланадими,  йўқми,  уни  ҳам билмасдик.  Биз,  худди  «Бирлик»  қурилишида  бўлгани  каби,  ақл билан  эмас,  интиутив  зако  билан йўлга чиққандик. Йўлимиз тўғри эканлигига  ишонч  бор  эди,  қатъиятли  эдик.  Бу  сифатлар  бизга кимсасиз  саҳрода  мустақиллик  байроғини  кўтариш  жасоратини берганди.

Ҳар бир сонияда юз бор тирилган,
Юз бор сўроқланган шаппатдай диёр,
Сенми ҳали ўша кўкка интилган,
Сенми қоронғуда ахтарган зиё,
Фаровон ҳаётдан ношукур банда,
Нон эмас, Эрк ҳақда ўйлаган сенми?
Ёмон отли бўлиб ҳаммага бунда
Яна ҳамма ҳақда ўйлаган сенми?
Сенми, тутиб қолган Адл қамчисин,
Сенми ҳақ жазога халақит берган?
Сенми, нишон олган кўзёш томчисин,
Сенми, ҳали ўша такаббур мерган?
Сенми, ҳамон бўйинсунмаган бўйин,
Қақраган лабларнинг ол қаҳри сенми?
Қуллар саҳросида кўтариб қуюн,
Ҳеч не кўрмагандай лол даҳрий сенми?
Соқчи уйқуда деб умидла боққан,
Қочишни кўзлаган сенми пиёда,
Бу оғир занжирни шалдиратмоққа,
Журъат этган сенми жим-жит дунёда,
А-ҳа, сенми?  1985 («Олис табассум сояси,» 1986)

Бу  шеър  ёзилгандан  кейин  беш  йил  ўтганди  ва  ортиқ  саҳро «қуллар  саҳроси»  эмасди.  Оёқдаги  занжирларимиз  шарақларди, аммо биз энди бундан қўрқмасдик. Соқчи уйғониб бўлганди, аммо ҳеч  нарса  қилолмасди.  Ҳаммага  ёмонотлиқ  бўлсак  ҳам,  ҳаммани ўйлашга жазм қилгандик.

Тўқсон  иккинчи  йилнинг  ўнбиринчи  найсонида  тўпланган «Эрк»чилардаги  бу  жўшқинлик  ўша  кун  орамиздаги коммунистларни  фирқа  билетларини  улоқтиришга  мажбур  қилди.

Ҳатто  эҳтиёткор  шоир  Эркин  Воҳидов  ҳам  бу  мажлисдан илҳомланиб,  «Фирқа  билетимни  отганим  бўлсин,»  деган  шеър ёзганди…  аммо  фирқа  билетини  отмаганди. Ҳар эҳтимолга қарши, уни  яна бир ярим йил,  то Янаев хунтасигача асраганди.

Аслида,  Эркин  Воҳидовнинг  бошқа  коммунист-зиёлилардан мустаснолиги  йўқ  эди.  Аксинча,  уни  ўзбек  коммунист-ёзувчиларининг  типик  вакили  дейиш  мумкин эди. Фақат шоирлиги, касбининг  ўзига  хослиги  уни  бошқа  коммунистларга  нисбатан либералроқ шамойилда кўрсатарди. Қайта қуриш бошланганида бу типдаги одамлар ёппасига халқ ҳаракатига қўшилди ва ҳаракатнинг муҳим парчасига айланди. Бизнинг коммунистлар билан муросамиз уларнинг  ўша  миллий  ҳаракатга  қўшган  ҳиссаси  учун  кўрсатган илтифотдан бошқа нарса эмасди.

Коммунист  раҳбарлар  билан  муносабатда  ҳам  уларнинг миллий  масалага  нақадар  ҳайриҳоҳлиги  биз  учун  асосий  мезон бўлди.  Табиий,  уларнинг,  деярли  ҳаммаси  бу  масалага  жорий сиёсий  конюктура  доирасида  ёндошар,  вазият  уларнинг фойдасига бўлса,  миллиятчи  бўлишар,  зарарига  бўлса,  дарров  душманга айланишарди.  Лекин  Оллоҳнинг  бизга  берган  матоҳи,  хом-ашёси шу  эди.  Шу  хом-ашё  билан  ишлаб-чиқаришни  йўлга  қўйиш лозим эди. Масала, бу коммунист раҳбариятни дўстга айлантира олмасак, лоақал  уни  душманга  айлантирмасликда  эди.  Ундан  келиши мумкин  бўлган  зарарни  минимумга  индириб,  диққатни  халқнинг тезроқ  уйғонишини  таъминлайдиган  ишларга  қаратиш  эди.  Бу тактика  90-йилда  жуда  асқотди.  «Эрк»  ташкилоти  ўз  ғояси  билан мавжуд тузум илдизига болта ураётганини кўрган раҳбарлар бунга, тишларини  ғижирлатиб бўлса-да, чидаб турдилар.

Албатта,  бунда  Совет Иттифоқида давом этаётган эркинлик руҳининг  таъсири  бор  эди, аммо Ўзбекистон Русия эмас, Тошкент ҳам  Москва  эмасди.  Биз  сиёсатимизни  шу  реал  воқелик  устига қуришга  интилдик.  Бу  ўз  самарасини  берди.  «Эрк»  қисқа  вақт ичида  жиддий  талофат  кўрмасдан,  оёққа  турди,  халқ  орасида танилди. Саҳро одам яшайдиган маконга айлана бошлаганди.

(давоми бор)