(Би-би-си радиоси саволларига жавоб)
Биринчидан: Англиядаги Ишчи партияси ва Консерваторлар партиясини асло «ЭРК» Партияси ва эски коммунистлар партияси бўлган Ўзбекистон Халқ демократик партияси билан тенглаштириб бўлмайди.
«ЭРК» Партияси ўз табиати билан консерваторларнинг партиясига, яъни сиёсий спектрнинг соғ (ўнг) қанотидаги партияга яқиндир. Лейбористлар (ишчилар) партияси эса, ўзининг социал программаси билан, балки, социал-демократларга яқин. Аммо Ғарб социал-демократлари бизнинг социалистлардан мутлақо фарқлидир.
Қисқаси, «ЭРК» Партияси ўзининг иқтисод ва сиёсатга қарашлари билан Ғарб стандартларига яқинлашса ҳам, Ўзбекистонда ҳокимиятдаги ХДП бу стандартдан жуда йироқдир. Иккинчидан: Англиядаги бу сайлов кампаниясининг бир ғаройиблиги бор. Социал-демократ ғояга соҳиб лейбористлар ҳам, либерал ғояли консерваторлар ҳам бу сайловда ўрта синфнинг кўнглини олишга интилмоқда. Ўрта синф демак, биздаги эски совет термини билан айтсак, майда буржуа демакдир. Ўрта синф демак – ўз маоши ўзига етадиган, моддий тарафдан давлатга қарам бўлмаган синф одамлари. Булар ўрта ўлчовли ширкатлар соҳиблари, косиблар, тужжор ва ҳаказолар. Улар давлатдан социал ёрдам кутмайдиган, ўзини-ўзи идора қила оладиган одамлар синфи.
Бу моддий мустақил одамлар ҳур фикрнинг маъноси бўлган жамоатдир. Давлатга қарам бўлмагани учун ҳам уни ўз талаблари билан назорат қила оладилар. Бу синфни давлат эксплуатация қилолмайди. Ижтимоий тарафдан ҳам, иқтисодий тарафдан ҳам, сиёсий тарафдан ҳам бу синфни суиистеъмол қилолмайди. Шунинг учун ҳам бу ўрта синфни демократиянинг тамали дейиш мумкин. Демократия моддий мустақил бўлган синф тарафидангина ҳимоя қилиниши мумкин.
Англияда бир-биридан фарқли икки партиянинг битта синф – ўрта синфга мурожаат қилишидаги ҳикмат – демократияни мустаҳкамлашдан иборатдир. Демак, ўрта синф овозини олиш бутун халқнинг овозини олишдир. Силлогизмни давом эттирсак, Англияда халқнинг аксарияти демократия тарафдоридир.
Бу сайловдан Ўзбекистонга сабоқ бўладиган муҳим бир нарса чиқаяпти. Демократия бўлиши учун ўрта синф ташкил қилиниши керак. Уни ташкил қилиш учун иқтисодий сиёсатда ўрта ва кичик корхоналарни қўллаш керак. Уларни рағбатлантириш керак, давлат кредити, биринчи навбатда, бу корхоналарга берилиши лозим. Биз бу гапни энди айтаётганимиз йўқ. Бу гапни биз роппа-роса 7 йилдан бери, яъни «ЭРК» Партияси тузилгандан бери гапираяпмиз.
Бугунги Англияда ўтаётган сайловлар Ўзбекистон демократлари мақсад ва ғояларининг нақадар тўғри истиқоматда эканлигини кўрсатмоқда.
Сўнгги сўзим шуки, бир куни бизда ҳам Ғарбдаги каби ҳур сайловлар бўлади, иншоОллоҳ. Ўшанда сизнинг саволларингизга берадиган жавобимиз ҳам бугунгидан ширинроқ бўлажакдир.
(29.04.1997)
(55)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (163-164-саҳифалар.)