O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Яхшиямки, удум эврилиб, янги диктатор туғилмади

Яхшиямки, удум эврилиб, янги диктатор туғилмади
262 views
20 July 2016 - 5:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(26)

ДЕКАБР ВОҚЕАЛАРИ

1986 йил декабрда Олма-ота воқеалари рўй берди. Минглаб одамлар кўчага чиқиб, давлат кучлари билан юзма-юз тўқнаш келди. Бу жуда муҳим воқеа эди. Бу одамларни кўчага чиқишга ундан ким бўлишидан қатъий назар, уларнинг талаблари нақадар ҳақли ёки ҳақсиз, бундан қатъий назар, бу одамларнинг қайси социал гуруҳ вакили, ҳатто қайси миллатга мансублигидан қатъий назар, уларнинг норозилик билдириб кўчага чиқиши Советларнинг сўнгги 50 йил даврида юз берган энг катта ижтимоий ҳодиса эди.

Тўғри, бундай чиқишлар кейинроқ бошқа минтақаларда пайдо бўла бошлади, аммо қозоқлар совет халқи ҳам норозилик билдириб, кўчага чиқишга қодир эканлигини, бунинг учун керак бўлса, қурбон беришга ҳам тайёр эканлигини биринчи бўлиб исбот қилишди. Милиция ва аскарларнинг белкураги зарбасидан жон берган ўнлаб қозоқ йигит-қизлари ҳали машрулашмаган фикр ҳурриятининг илк қурбонлари эди.

Намойишнинг парда орқасидаги сабаблари, эҳтимол, тарихчи учун муҳимдир. Аммо, яна такрорлайман, агар инсонлар кўчага чиқишга шундоқ ҳам, ҳеч қандай сабабсиз тайёр бўлмаганларида эди, уларни ҳеч бир сабаб, ҳатто айтаётганларидек йўлбошчи Кунаев ҳам уларни бу ишга мажбур қилолмасди. Бу ёш йигит-қизлар қозоқ халқининг бўғзига тиқилган бир хўрсиниш эди ва у отилиб чиқди. Қайси сабаб билан чиқди, у иккинчи масала.

Афсуски, биз ўзбек зиёлилари ўша синов пайтида қозоқ қардошларимизнинг ёнида туролмадик. Кимдир «бу Кунаевнинг провакацияси», деса, биров «бу русларнинг фитнаси», деди ва кўпчилик Олма-ота воқеасини наинки ҳимоя, балки мушоҳада қилишдан ҳам ўзини олиб қочди.

Бу ёшлар қайси шиор билан чиқса чиқсин, қайси тарафни тутиб гапирса гапирсин, улар фақат шиор кўтариб чиққандилар ва фақат гапириш учун чиққандилар.

Бундай чиқиш демократик ҳақларнинг энг ибтидоийси эди. Лекин тоталитар давлат, ўзи демократия ҳақида гапира бошлаган бўлса ҳам, демократия эмас, бор-йўғи, унинг узоқдан келган нафасини ҳис қилган он, худди қутурган арслондай, ўзини ўша нафас чиққан томонга отди.

Намойишнинг бостирилиши Қозоғистонда чуқур тушкунлик уйғотди. Кейинроқ у ерда пайдо бўлган сиёсий ташкилотларнинг маргинал ҳолатда қолиб кетиши, миллий ҳаракатнинг уюшган бир ташкилот ҳолига келолмагани ва ижтимоий фикрнинг норасида қолиб кетишида ўша тушкунликнинг катта таъсири бўлди.

Muhammad_Salih_fotomajmua_31Аммо ҳар нарсада бир хайир бор, деганларидек, бу фожеанинг мусбат таъсири ҳам бўлди. Масалан, ўзбек ёшларига бу воқеа мужодаланинг алтернатив шакллари ҳам бўлиши мумкинлигини кўрсатди. Фақат бу шакллардан фойдаланиш учун муайян бир структура, шахс ёки гуруҳ иродаси билан бошқариладиган бир ташкилот лозимлиги ҳам маълум эди. Стихияли, бақир-чақир билан бошланган акция, муҳаққақ мағлубиятга учрашини ҳам ўшанда ўрганган бўлдилар. Совет Иттифоқининг бошқа жумҳуриятлари ва дунё жамоатчилиги Қозоғистондаги намойишнинг бостирилишини тоталитар давлат ҳали бақувват эканлиги ва яна узоқ йиллар шундай туражагининг хабарчиси ўлароқ қабул қилди. Горбачев ё бир йил, жуда узоқ борса икки йил туради, кейин яна бир навбатдаги темир қўлли темир интизом тарафдори пайдо бўлади, деган «башоратлар» Қозоғистон воқеасидан кейин кўпроқ талаффуз этила бошлади. Бу миш-мишларга киноя ўлароқ ёки унинг акс-садоси каби бир шеър битган эдим. У саксон олтинчи йилнинг сўнгги шеъри эди. Бу шеър китобда «Ташбеҳсиз шеър» номида босилди.

Ленин, Сталин, Брежнев ҳақида ташбеҳлар

Буюк одам инжиқ бўлади сал,
Бу ҳам бир фазилат албатта.
Дунёга келар у хоҳлаган маҳал
Ва хоҳлаган жумҳуриятда
Буюк одам камтар, бунақа одам,
Туғилмай ҳам турар юз йиллаб баъзан.
Туғулгудек бўлса, мабодо,
Биздан яшириниб юрар мунтазам.
Ўша камтарлиги сабаб биргина
Беркинмас у бойлик, моли ортига,
У биздан «инсоний» беркинар,
Демак ўз соқоли ортига.
Башарти удумда бўлмаса соқол,
Буюкка етади оддий бир мўйлов,
Бизга шу мўйлов ҳам келса гар малол,
У қоши ортига беркинар дарров.
Қошни ҳам кўп кўрса ношукур давр,
Буюк одам ҳеч бўғилмайди.
Фақат камтарона қилади сабр,
Удум эврилгунча у туғилмайди.
1986 («Орзу фуқароси», 1990)

Яхшиямки, удум эврилиб, янги диктатор туғилмади. Яхшиям-ки, ноумидларнинг мискин башоратлари тўғри чиқмади. Яхшиям-ки, тоталитар давлат биз қўрққанимиз қадар кучли, биз тахмин этганимизчалик тадбирли эмас экан. Энг қизиғи, ҳали биз ўзимизни, кейинги йиллардаги ўзимизни, кейинги ойлардаги ўзимизни билмас эдик. Биз шу қисқа замон ичида шу қадар ўзгарган эди-ки…

Тоталитар давлат ортиқ ўз қуллари билан сал пастроқ овозда, бир парда пастроқ овозда гаплашишга мажбур бўлган ва шундай гаплашаётган эди. Бу ўзгаришни бақир-чақирда биз сезмай қолган эдик. Бизни белкураклар билан уришлари мумкин эди, аммо бу бизнинг оғзимизни бекитишга энди камлик қиларди.

(давоми бор)