И.Каримовнинг нотиқ одам эмаслигини, ёзиб берилган текстдан чиқиб бирон нарса айтадиган бўлса: «Яхшилаб тагига қарасангиз, бошқа бир нарсани кўрасиз» каби кулгили нарсалар айтиб юборишини, маърузаси давомида қарсак ишлаб олиш учун, “чапанилик” (мажлис аҳлига ёқадиган гаплар) қилишга ўтишини ҳамма билади.
Каримовнинг Хоразмдаги чиқиши унинг бошқа ерлардаги чиқишига-да пахса қўйди. Президент ўз маърузасида: «Истиқлол шарофати билан пенcиялар 11 марта, ойликлар 20 марта ошди. Бу кўрсаткичлар ҳалқимиз ҳаётининг неча марта яшиланганлигини кўрсатмайдими?!» деганида, бу ерда ўтирган, xалқ сайлаб қўйган (тўғрироғи, раҳбарлар тайинлаган) депутатларнинг биронтаси: «Истиқлолдан олдин 1 кг гўшт – 5 сўм, гуруч – 80 тийин турарди. Энг камбaғал оиланинг ҳам қозони гўштсиз қайнамасди. Ҳозир гуруч салкам 2000 сўм, гўшт эса салкам 15000 сўм туради. Натижада Ўзбекистон ҳалқининг мутлоқ кўпчилиги ҳафтасига бир кунгина гўштли овқат есада дўпписини осмонга отарди», деб айтаолмади.
И.Каримов: «Совет замонида ойига 100 сўм оладиган одам ҳозир 200 000 сўмдан ортиқ пул олаяпти, бунақасини ҳали дунё кўрганми, айтинг азизлар», деганида залда гулдурос қарсаклар янграб кетди.
Ер тепиб қарсак чалаётганларнинг кўписи Совет замонидаги 100 сўм салкам 130 доллар бўлганини, ҳозирги 200.000 сўм эса 70 долларга ҳам тенг эмаслигини яхши билишсада, қарсак чалишди. Чунки қарсак чалиш кераклиги уқтирилган.
Шунингдек, Президент Хоразм ҳалқининг бойиб кетганини таъкидлаб, 60 минг Хоразмлик ҳозирги кунда ўз машинасига эга эканлигини қайд қилди.
Хоразмда 60 минг шахсий машина!
Эшитган қулоқ қувонади бундан. Лекин ўша 60 минг дегани Хоразмликларнинг атига 4 % игина машинали экани, бу эса Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларига қараганда анча кам эканлиги, қўшниси(Туркманистон)га солиштирганда 2 марта кам эканлигини қозоқ ва русларга солиштирганда эса 3 марта кам эканлигини яхши билади Хоразмликлар.
Каримов ҳукмронлиги даврида ўзбек ҳалқининг мутлоқ кўпчилигини ташкил қиладиган оддий меҳнаткаш (қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим тизимларидаги)лардан биронтаси машина олдимикан?! «Палон қишлоқда бунча, таълим тизими ходимларидан бунчаси машина миниб юрибди-ку», дейишга ошиқманг. У машиналарнинг бариси чет элларда қатор йиллар қулдай мардикорлик қилиб олинган машиналар!
«Ривожланган Европа давлатларида ишсизлик ўртача 15-25 % ни ташкил қилиб турган бир пайтда, ишга яроқли Хоразмликларнинг 5 % игина ишсиз, яқинда бу 5 % ишсизликнида йўқотамиз. Бу ҳукумат олиб бораётган доно сиёсатнинг натижаси эмасми?! деганида депутатлар нотиқ(президент)қа тасаннолар айтишди.
Ишсизликни бартараф қилишнинг Каримов олиб бораётган сиёсати натижасида нафақат Хоразмда, бутун Ўзбекистонда бўйлаб бутун бошли кўчалар, маҳаллалар, қишлоқлар ишга яроқли эркагу-аёл бошқа юртларга мардикорликка кетганлиги сабаб ҳувиллаб қолганини бугун ер тепиб қарсак чалиб ўтирган «ҳалқ депутатлари» яхши биладилар.
Зеро, уларнинг кўпи ўша ҳувиллаб қолган кўчалардан, маҳаллалардан, қишлоқлардан келишган. Айримларининг мардикорликка кетган яқинлари кўп йиллардан буён ному-нишонсиз бедарак, айримларининг эса жасадлари келган. Лекин улар тилида: «Яшасин буюк Каримов!», деб қарсак чалганлари билан дилида нима дейишаётганини англаш қийин эмас.
Каримовнинг маърузасига, айниқса одамлар билан мулоқoтига эътибор берсангиз, Муҳаммад Солиҳнинг «Йўлнома» китобида: «Каримов ғоят айёр ва чапани одам» дегани қанчалар ҳақиқат эканига ишончингиз комил бўлади. Каримовнинг бу хусусияти айниқса Хоразмга келганида янада яққолроқ намoён бўлди.
Ўрни келганда айтиш керакки, М.Солиҳнинг китоблари кўплаган Хоразмликларнинг уйида бор. Даҳрийлар замонида диний китобларни қандай яширинча сақлаб ўқиган бўлсалар, ҳозирда Солиҳнинг китобларини шундай хавф остида, яшириб ўқишади.
1991 йилги президент сайловида Ҳукумат берган маълумот бўйича 60 % га яқин, аслида эса 90 % дан кўпроқ Хоразмликлар айнан Муҳамад Солиҳга овоз берганини эсингизга келтирсангиз, мен юқорида айтганларимнинг қанчалар ҳақиқат эканлигига ўзингиз ҳам ишонасиз.
Каримов тез-тез (қарсаксираб қолганида) текстдан бошини кўтариб: «Мен сизларни яхши кўраман, ҳаммангизни бағримга босгим келаяпти», «Хоразмликлар оғир тупроқ-иқлим ва экологик шароитда маҳсулот етказишаяпти, рахмат уларга», «Энг мард ва меҳнаткаш ҳалқ Хоразмликлардир, мен сизларга таъзим қиламан», деганга ўхшаш чапанилик билан қарсаклар олиб турди.
«Хоразмликларнинг оғир тупроқ-иқлим ва экологик шароитда маҳсулот етиштираётганларини билар экансиз, нега сиз бошлиқ Ҳукумат Хоразмликларнинг оғир шароитда етиштираётган пахта ва дон маҳсулотларининг харид (давлатга сотиш) нархини кўтармайсизлар?
Нега оғир экологик шароитда меҳнат қилаётган Хоразм меҳнаткашлари маоши индексация қилинмаяпти?» деб сўраган биронта депутат бўлмади, афсус.
Каримов деҳқонларга қоғоздагина яратиб берган имконият ва ҳуқуқлар ҳақида гапиратуриб: «Деҳқоннинг косаси оқаради, деган гап бор», деб юзланди мажлис аҳлига. Бунга ҳеч ким тушинмади (Бу жумлага ҳозир ҳам ҳеч ким тушунмаса керак). Шу боис мажлис аҳлидан бирон садо чиқмади. Нотиқ: «Гапим тўғрими, йўқми?» деб юзланди депутатларга.
Каримов ижод қилган бунақа қўлболa мақолнинг маъносига тушуна олмаган бечоралардан бир-иккитаси «тўғри», дегандай бош ирғиган бўлишди. Тўғри бўлса … нимага қарсак йўқ, деб ишора қилди нотиқ.
Одамлар қарсак чалиш кераклигини англашгач, қарсак чалиб юборишди. Мана, ниҳоят тушиндингизлар, деди нотиқ қарсакларга ишора қилиб.
Хоразмдаги навбатдан ташқари сессиянинг кун тартибидаги асосий масала П. Бобожоновни ҳоким вазифасини бажарувчи(чала ҳоким)ликдан (тўла) ҳокимликка ўтказиш бўлганлиги учун, Президент П.Бобожнов фаолияти ҳақида ўзи гапириб, депутатларнинг ҳам П.Бобожонов ҳақидаги фикрларини эшитиш (ўз таклифини қўллашлари) учун уларга сўз берди.
Биринчи бўлиб вилоят фахрийлари раиси К.Ортиқов сўзга чиқди.
Бу одам билан биз бир даврда ишлаганмиз. У киши вилоят сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи, Ҳонқа тумани ҳокими бўлиб ишлаган.
Истиқлолдан олдин ҳам, кейин ҳам вилоят ва мамлакат миқёсидаги йиғинларда кўп марта бирга бўлганмиз. Мажлис кун тартибидаги масала бўйича жиддий муаммоларни кўтариб чиққан одам.
Шу боис, К. Ортиқов минбарга чиққанда П.Бобожонов номзодини ҳокимликка маъқуллаш билан бирга, вилоят аҳлининг узоқ йиллардан бери ичимлик сувисиз, қишларда газ ва электрсиз қолиб қийналаётганларини, вилоят ривожи учун узоқ йиллар давомида вилоят миқёсидаги раҳбарлар сифатида вилоят ривожига катта ҳисса қўшиб келган бир неча одамларнинг коррупцияга аралашганликлари сабаб, узоқ йилларга қамалиб кетганликлари ҳақида айтиб, уларга шафқат сўрар деб умид қилгандик.
Улар коррупцияга аралашганлари учун қамалишган бўлса, баттар бўлишсин, дейишга сал ошиқманг.
Биринчидан – Ўзбекистонда уларнинг мансабидаги мулозимлардан коррупцияга у ёки бу даражада аралашмаган лоақл битта одамни кўрсата оласизми?
Иккинчидан – уларнинг коррупция йўли билан ўзлаштирган маблағларининг асосий қисми юртбошининг атрофидаги шотирларга берилган-ку. Нимага улар олган пулларини қайтариб бермайди ёки қамалишмайди?
Учинчидан – улар узоқ йиллардан буён коррупция билан шуғулланиб келишган экан, Каримов қаерга қараган? “Семиртириб сўйиш” учун атайлаб қўйиб берганми?
Юқоридагиларга ўхшаш қатор саволлар борки, улар ўз жавобини кутаяпти…
Нотиқ минбарга чиқди-да президиумда ўтирган президентга қараб: “Мен Ортиқов Кенжабой бўламан, Ислом ака”, деди. Президиумда депутатларга юзланиб ўтирган президент 90 градусга бурилдида, “Хўш кейинчи”, дегандай нотиққа тикилди.
“Ислом ака, мен вилоят аҳли номидан сизга айтадиган серёзний гапим бор”, деди нотиқ жиддий оҳангда.
Удумга кўра, президентга мурожат қиладиган одамнинг қўли кўксида бўлиб, боши ва қомати эгилган бўлиши керак эди. К.Ортиқов эса қоматини ғоз тутиб, қўлларини пахса қилганича, президентнинг кўзига тик қараб гапираётган эди.
Бундай ноананавий ҳолатдан бугунги мажлисни таёрлаган президент девони ходимларидан иборат Мирзиёев бошлиқ гурух ҳам: “Булар(сўзга чиқувчилар)ни роса таёрлаган эдикку. Бир кор-ҳол юз бермаса эди”, деганларича нафасларини ичига ютиб ўтиришарди.
Мажлис аҳли у ёқда қолиб минбардаги К.Ортиқов ва президиумдаги И.Каримовнинг бир-бирига қараб туришлари жангга кираётган хўрозларни эслатишарди.
“Айтмоқчи бўлган серёзний гапим шуки, Ислом ака, сизни Худонинг ўзи етказди бизга. Сиз бўлмасангиз Хоразм ҳалқининг ҳоли нима кечарди”, деди К.Ортиқов ўта бир жиддий ҳолатда.
Мирзиёев бошлиқ гурух: “Ҳар тугул-эй”, деб нафас олабошлаган бўлсаларда, президент ундан кўзини узмай қараб турарди.
“Сиз жаҳонда тинчликнинг гаровисиз, Ислом ака, буни мен серёзний айтаяпман. Тожикистондаги Роғун ва Қамбар ота ГЭСлари ҳақида, 2014 йилдан кейин Афғонистонда аҳвол нима бўлади, деган муаммоларни сиздан бошқа бирон давлат раҳбаридан эшитмадик”, деди К.Ортиқов.
Президент ортиқ чидаб ўтира олмади. Ичидан: “Э, бор экансан-ку!” деганича югура келиб К.Ортиқовни қучоқлаб олди, бўлиб кетди гулдурос қарсаклар…
Ундан кейин сўзга чиққан фермер – Шарифбой Султонов ўзидан олдинга нотиққа-да “пахта” қўйди: “Ислом ака, ташрифингиз шарофати билан хўжалигимиз ерларининг мелиоратив ахволи яхшиланиб, ҳосилдорлик бирнеча баробар ошиб кетди”, деди.
Буни эшитиб беихтиёр ёдимга 1951 йил “Комсомолская правда” газетасида: “Доҳиймиз И.В.Сталин туғилган куни шарофати билан товуқлар 2 тадан туғабошлади”деб ёзилган сўзлари келди.
Сўзга чиққанларнинг бариси И.Каримовни мадҳ қилишди, биронтаси ҳам кун тартибидаги П.Бобжонов ҳокимликка лойиқми, деган масала бўйича гапиришмади. Шундай бўлсада, президент таклифи билан, қарсаклар остида ҳоким сайланди.
Ўша мажлис иштирокчилари ва бу мажлис тафсилотларини телевизор орқали кўрган ҳалқнинг яқин келажакда К.Ортиқов ва Ш.Султоновларнинг президент совғаси (унвон ёки орден)ни олишларига шубҳаси қолмади.
Президентнинг Хоразмга келганидан фойдаланиб Хоразм ҳалқининг узоқ йиллардан бери ичимлик сувисиз, қишда газ ва электрсиз қийналаётганларини айтиб, Хоразмда катта эҳтиромга эга бўлган, аввал президент девонида ишлаган З.Отажонов, Б.Рахимов, Облздрав рахбари бўлган профессор Дўсчонов, Хоразмдаги барча қурилишларда ўз ҳиссаси бўлган Р.Йўлдошев, Автойўл раҳбари В.Полвоновлар учун шафқат сўрайдиган биронта мард топилмабдида, салкам 1,5 миллионлик Хоразмликлар ичида. Нaҳoтки, Хоразмликлар шунчалар лаганбардор бўлиб кетишган бўлса, дейдиганлар оз эмас, албатта.
Лаганбардорлик Хоразмликлар менталитетига хос эмас. Мажлисда лаганбардорлик қилганлар ҳам аслида ўз истаклари билан қилмаганлар. Уларни мажлисни таёрлаган гурух, президентнинг кайфиятини ва имиджини кўтариб, телевизорларда кўз-кўз қилиш учун лаганбардорлик қилишга мажбур қилишган.
Президентга Хоразм муаммоларини айта оладиганларнинг Исоқ ота Абдуллаевга ўхшаган бир қисми Каримов зиндонларида, Муҳаммад Солиҳга ўхшаган бир қисми қувғинда, Ҳайитбой Ёқубов(Нажот)га ўхшаган бир қисми президент Хоразмга келди дегунча уй қамоғида сақланади.
Шундай ҳолатда: “Ҳоразм ҳалқининг жонкуярларидан бир қисми турмада, бир қисми қувғинда, Хоразмдаги қисми уй қамоғида экан, сизлар озодликда экансизларку. Хўш, нимага сизлар ўзингиз айтаётган муаммоларни президентга айтмадингизлр?” деган савол туғилади албатта.
Президент Хоразмга (ҳамма жойга ҳам) ташриф буюрганида унинг ўтадиган йўллари, мажлис ўтказадиган жойлари, махсус таёрланган ҳалқ билан мулоқoт қиладиган ерларига яқинлашиб бўлмайди. Агар яқинлашишга ҳаракат қилсангиз ўзингизни шу ондаёқ турмада кўрасиз. Нафақат президентга, ҳатто бундай мажлисни таёрлаш учун олдиндан келадиган президент девони ходимларига ҳам яқин йўлаб бўлмайди.
Президент ташрифи билан боғлиқ махсус уюштириладиган бундай масхарабозликни ким билмайди дейсиз. Ҳамма билади. Лекин ўзбек ҳалқининг сабр косаси “безразмерний” қилиб яратилган. Бу эса Каримовга айни муддао.
Олим Хасанов
Хоразм