Энди вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд яшаш жойи бўйича ҳисобдан ўтмаган фуқаролар энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари (390 минг сўмдан кўп) миқдорида маъмурий жаримага тортилади (бундан аввал — энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача).
Бугун соат 18:55 да mvd.uz сайтидан Тошкент шаҳар ИИБ Хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ишонч телефонини олиб, қўнғироқ қилдим. Салом-алик, ҳол-аҳволдан сўнг, нодавлат ташкилотлар учун вақтинчалик прописка ҳақида сўрадим. Ходим қўрсгина муомала қилиб, “временный прописка очилмади, ҳали-вери очилмасаям керак” деб жавоб берди…
Янги қўшимчаларга кўра, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд яшаш жойида ҳисобдан ўтмаган фуқароларни ишга қабул қилиш мансабдор шахсларга энг кам ойлик иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга асос бўлади. Шунингдек, фуқароларнинг ўз турар жойларида паспортсиз, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган шахслар яшаб туришига йўл қўйиши энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида жаримага тортилишига сабаб бўлади.
Энди нима бўлади?
Тошкент шаҳридаги нодавлат ташкилот, фирмаларда ишлаётган, вақтинчалик прописка муддати тугаган (зотан, 6 ойлик муддат кўпчиликда тугаб бўлди) фуқароларни иш берувчи мансабдор шахс жавобгарликдан қутулиш мақсадида ишдан бўшатади.
Вақтинчалик пропискасиз фуқароларни аниқлаб, ушбу қонун доирасида ҳаракат бошланадиган бўлса, “айбдор” фуқаро аввалига 390 минг, агар бу ҳолат яна такрорланса, 650 минг жарима тўлайди.
Вақтинчалик пропискасиз фуқарони уйига қўйгани учун уй эгаси 1 миллион 300 минг жарима тўлайди-да, ўз-ўзидан сизни уйдан бадарға қилади.
Бечора фуқаро ҳам ишини, ҳам турар-жойини йўқотади… Кимдир қишлоғига, кимдир Россияга, яна кимдир аллақаерларга кетади. Онг оқади, ўз юртимизга керак бўлган ақллар бошқалар учун хизмат қилади…
Яшасин!
Манба: Facebook.com