O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Яқин “хорижлик” ўзбеклар

Хорижда туғилиб ўсган ўзбекларнинг афзаллиги, балки бахти – Каримов йўқ уларнинг устида, шунинг ўзи етарли, қолганини ўзлари тузатиб олаверади.

Яқин “хорижлик” ўзбеклар
149 views
12 September 2012 - 11:41

Таҳририятдан:
Ўзбекистон халқи деярли чорак аср давомида диктатор Каримовнинг зулмидан эркин нафас олишга имкон тополмай келмоқда. Бу ҳол мамлакатимизда ҳам, хорижда ҳам ҳаммага маълум. Аммо яқин “хориж”даги ўзбекларга, яъни Ўрта Осиёда яшаётган ўзбек миллати вакилларига Каримовнинг зулм сиёсати қандай таъсир қилмоқда? Умуман бу ерларда яшаётган ўзбекларнинг дунёқараши нимадан иборат? Шу саволларнинг жавобини ўрганиш учун қўшни давлатлардан бирида туғилиб ўсган миллатдошимиз Камолиддинга мурожаат қилдик.

– Ўзбекистонга қўшни давлатларда яшаётган ўзбекларнинг турмуш тарзи ҳақида умумий маънода нима дейиш мумкин?

– Яқин хориждаги ўзбеклар Тошкентдаги сиёсий аҳволдан биринчи навбатда таъсирланадиган қатламдир. Зеро, маҳаллий сиёсий гуруҳларнинг уларга бўлган муносабати Ўзбекистоннинг ўз мамлакати аҳолисига, хусусан ўзбекларга қаратилган сиёсатига боғлиқ. Шу маънода, афсуски, Ўзбекистондаги бугунги сиёсий вазият яқин хориждаги ўзбеклар манфаатига хизмат қилади, дейиш қийин. Қирғизистондаги машъум воқеалар, Тожикистон билан таранг муносабатлар, Туркманистон чегарасидаги муаммолар бунга мисол бўла олади. И.Каримовнинг яқинда қилган Астана сафари ҳам Қозоғистондаги ўзбеклар ҳамда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари масаласига ҳеч қандай аниқлик, айтиш мумкинки, ҳеч қандай ижобий ўзгариш киритмади. Қирғизистон ва Тожикистонга сафар, ёки бу давлатлар билан муносабатларни яхшилаш эса ҳали-ҳануз кун тартибига келтирилмади ҳам. Шундай экан, яқин ва узоқ хориждаги ўзбекларнинг турмуш даражаси, уларга бўлган маҳаллий муносабат фақат Тошкентдаги сиёсий вазиятнинг ўзгаришига боғлиқ бўлиб қолаверади.

– Яқин “хорижлик” ўзбекларнинг ватан тушунчаси нимадан иборат ва уларнинг Ўзбекистонга муносабати қандай?

– Айтиш мумкинки, Ватан деганда ўзбеклар Ўзбекистонни тушунадиган даврлар ўтмишда қолди. Тўғри, СССР тарқалганидан кейинги илк бир неча йилларда ўзбекларда ўз “тарихий ватан”ларига интилиш мавжуд эди, мен ҳатто Ўзбекистонга кўчиб кетган кўплаб оилаларни биламан, аммо вақт ўтиши билан, юзага келган (асосан Ўзбекистон тарафидан юзага келтирилган) муаммолар бу интилишни бир нав нореал, ҳатто бир маънода хавфли хаёлга айлантирди. Бугунги вазиятда “Титул” бўлмаган миллат, миллий озчилик мақоми улар учун Ўзбекистон фуқароси бўлишдан кўра қулайроқ ва тинчроқ бўлиб қолди. Ҳамманинг Ўзбекистонда қариндошлари, танишлари, дўстлари бор. Чегарадаги қийинчиликлар улар билан ўзаро алоқаларни, борди-келдиларни ҳам сусайтирмоқда, бу эса ўз навбатида хорижий давлат фуқароси бўлган кишиларда ҳам Ўзбекистондаги сиёсий шароитдан норозилик кайфиятини ҳамда ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар истагини кучайтиради.

– Улар мактабда қандай таълим оладилар? Ўзбек тилини ва умуман миллий қадриятлардан нималарни ўрганадилар?

– Мактаблардаги таълим энг муаммоли масала. Маълумки, Ўзбекистонда лотин ёзувига ўтилган, бошқа давлатларда эса ўзбек тили кирил ёзувида сақланиб қолмоқда. Бу эса бир тарафдан Ўзбекистонлик янги авлодга миллий мероснинг сал кам бир асрлик давридан узилишни пайдо этса, бошқа тарафдан яқин хориж ўзбекларига дарсликлар, илмий-оммабоп адабиётнинг етиб боришини қийинлаштиради, оқибатда Ўзбекистон билан орадаги масофани узоқлаштиради. Афғонистонда эса мутлақо ўзгача бир муаммо – уларда араб ёзувига асосланган эски ўзбек ёзуви сақланиб қолган, уларга энди кирил ҳарфидаги адабиёт нотаниш. Бу дегани, худди эски ўзбек ёзувидаги оригинал матнлар  бугунги авлод учун тушунарсиз қолаётгани каби, Афғонистондаги беш миллионлик ўзбек диаспораси учун сўнгги юз йиллик маданий меросимиз бир армон бўлиб қолаверади.

– Ўзингиз ва ўзбекистонлик ўзбеклар орасида қандай фарқ бор, деб ўйлайсиз?

– Хорижда туғилиб ўсган ўзбекларнинг афзаллиги, балки бахти – Каримов йўқ уларнинг устида, шунинг ўзи етарли, қолганини ўзлари тузатиб олаверади. Асосий бахти шу, уларда ўзбек зеҳниятининг шаклланишида, оиладаги ўзбек ота-она тарбиясидан ташқари маҳаллий миллий менталитетнинг ҳам таъсири бўлади. Бу эса миллатлар интеграциясида ижобий рол ўйнайди. Бошқа тилларни ўрганиш, бошқа маданиятлар билан яқиндан танишишдан чўчимаслик керак. Менимча, яқин хориждаги ўзбекларда бошқа миллатларда бўлмаган имкониятлар мавжуд. Улар ҳам ўз тилини, ҳам маҳаллий тилни ўрганишлари, бу тилларда фикрлашлари мумкин (Рус ва чет тиллари бунга яна қўшимча).

– Сизнингча Ўзбекистоннинг яқин “хорижлик” ўзбекларга нисбатан сиёсати қандай бўлиши керак?

– Ўзбекистоннинг бугунги ҳукуматининг яқин хориждаги ўзбекларга муносабати қандай бўлиши керак, деган саволга ҳар ким турлича жавоб беради, аммо “қандай бўлмаслик керак?” деган саволга ҳамманинг жавоби айни бўлса керак: Бугунги шаклда бўлмаслиги керак. Ўзбекистон ҳукумати дунёдаги ўзбек миллатига мансуб бир неча миллион инсонни ўз сиёсий ҳимоясига олиши керак. Агар бугун яқин хориждаги ўзбеклар аҳволи Ўзбекистондаги ўзбекларнинг аҳволидан яхшироқ бўлса, бу Тошкентдаги ҳукуматнинг эмас, маҳаллий ҳукуматларнинг сиёсати самарасидир. Агар ўша ҳудудларда бирор ўзбекнинг ўзбек бўлгани учун ҳуқуқлари поймол этилаётган бўлса, бу Ўзбекистон ҳукуматининг ғайримиллий сиёсатидандир.