Ички ишлар вазирлиги айни дамда она юрти Фарғонада юрган ёзувчи Нурулло Муҳаммад Рауфхонни қидирмоқда. Бу ҳақда вазирликнинг “қидирувдаги жиноятчилар” рўйхатида кўриш мумкин. Адибга нисбатан очилган жиноий иш ҳануз ёпилмаган, дея хабар берилади Би-Би-Си радиоси сайтида.
Ёзувчининг исми фамилияси ва сурати остига унинг Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159 – модда 1 – қисм ва 244 – модда прим 1, 3 чи қисми бўйича қидирувга берилгани ёзилган.
Қидирув ташаббускори Ички ишлар вазирлиги кўрсатилган.
Би-би-си Ички ишлар вазирлигининг матбуот котиби Тўлаган Абдуллаевдан ўзлари уйига олиб келиб қўйиб кетган шахсни нима сабабдан қидиришаётгани ҳақида изоҳ олмоқчи бўлди. Бироқ веб саҳифада кўрсатилган телефонни ҳеч ким кўтармади.
Президент Мирзиёев томонидан қора рўйхатдан чиқарилгани айтилган ёзувчи 27 сентябр куни Истанбулдан учиб келиши билан Тошкент халқаро аэропортида ҳибсга олинганди.
Ички ишлар бошқармасида сўроқ қилинган Нурулло Муҳаммад Рауфхон Тошкент турмасига ўтказилганди.
Ёзувчининг қўлга олиниши ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларнинг кескин норозилигиа сабаб бўлган ва Ўзбекистондаги кўплаб ёзувчилар ҳам унинг ҳимоясига турган эди. Халқаро ташкилотлар ёзувчини озод қилиш талаби билан ҳукуматга мурожаат қилган.
Қўлига кишан солинганидан 4 кун ўтиб, 1 октябр, якшанба куни Ҳамза туман ички ишлар бўлими бошлиғи Нурулло Муҳаммад Рауфхонни ўз машинасида уйига олиб келиб қўйди.
Озодликка чиқарилган бўлса-да, ёзувчининг “Бу кунлар” асари сабаб очилган жиноий иш тўхтатилмаган.
Унинг қаламига мансуб “Бу кунлар” китоби Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигига экспертиза учун юборилгани хабар берилганди.
Бироқ Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги масъул мулозими Би-би-сига Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг асари агентликка экспертиза учун берилмаганлигини маълум қилди.
Ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон Туркияда юрган вақти “Бу кунлар” китобини чоп қилган.
Китобда Каримов режимидаги муаммолар рўйи рост кўрсатиб берилган эди.
Адибнинг ўзи “ҳужжатли сиёсий-ижтимоий ҳикоялар” деб атаган асарда Ўзбекистондаги ўзгача фикрловчилар, жумладан, диндорлар ва сиёсий мухолифатга қарши репрессиялар қораланади, мамлакатнинг янги тарихидаги фожиали воқеалар борасида ҳукуматнинг расмий нуқтаи назари савол остига олинади.
Муаллиф президент Ислом Каримовни, ўз таъбирича, халқни “Оллоҳ берган эркинликлардан маҳрум қилиш”, “шафқатсизлик ва ҳокимиятни сақлаб қолиш йўлида ҳеч нарсадан қайтмаслик”да айблайди.
ЎХҲ ахборот бўлими